Линклар

Эрон яна Ғарбни алдамоқчи


Аҳмадийнажоднинг кейинги баëноти олдингисига зиддир.

Аҳмадийнажоднинг кейинги баëноти олдингисига зиддир.

Эрон президенти мамлакат Атом энергияси агентлигига уран ёнилғисини 20 фоизгача тўйинтириш ишларини бошлаш ҳақида буйруқ берди. Бу эса¸ Аҳмадийнажоднинг бир неча кун олдин қилган ўз баëнотига зиддир.

Лазер технологиялари бўйича 7 феврал куни Теҳронда ўтказилган кўргазмада сўзлаган Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод мамлакат Атом энергияси агентлиги раҳбарига уран ёнилғисини 20 фоизгача тўйинтириш ишларини бошлаш ҳақида буйруқ берди.

- 20 фоизгача тўйинтирилган уран ёнилғиси ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлсак-да, яқинда биз Ғарб давлатларига бу ерга келиб ёнилғи алмашишни айтдик. Бу борада келишувга эришиш учун уларга икки-уч ой вақт бердик. Улар янги ўйин бошлашди ва мен ҳозир Эроннинг Атом энергияси агентлиги раҳбари Доктор Али Акбар Солиҳга центрифугалардан фойдаланиб 20 фоизгача тўйинтирилган уран ёнилғиси ишлаб чиқаришни бошлаш кераклигини айтдим. Ўзаро мулоқот учун эшиклар ҳали очиқ, дея баёнот берди Эрон раҳбари.

Эрон телевидениеси орқали эфирга узатилган нутқида Аҳмадийнажод уранни тўйинтириш ишлари қачон бошланиши ҳақида гапирмади.

Эрон раҳбари айтган гапларга зудлик билан муносабат билдирган Британия Ташқи ишлар вазирлиги бундай баёнот “жиддий хавотирга сабаб бўлиши” ва бу БМТ Хавфсизлик кенгаши қабул қилган резолюцияларга “атайин зид экани”ни таъкидлади.

АҚШ Мудофаа вазири Роберт Гейтс эса Эронга қарши қўшимча санкциялар қўллашга чақирди.

- Агар халқаро ҳамжамият бир ёқадан бош чиқарса ва Эрон ҳукуматига босим ўтказса, мен санкциялар ва босим орқали ҳали ҳам натижага эришиш мумкин¸ деб ўйлайман, деди Гейтс.

Ҳозирда Эрон 4¸5 фоизгача тўйинтирилган уран ишлаб чиқармоқда. Тўйинтирилган урандан ҳам тинч мақсадларда¸ ҳам ҳарбий мақсадларда фойдаланиш мумкин. Уч фоизгача тўйинтирилган урандан атом электр станцияларида ёнилғи сифатида фойдаланиш мумкин. Бироқ урандан ҳарбий мақсадларда фойдаланиш, яъни, атом қуролини тайёрлаш учун уран 90 фоизгача тўйинтирилиши керак бўлади.

БМТ ишлаб чиққан келишув лойиҳасида Эроннинг кам тўйинтирилган уранини Россия ва Францияга жўнатиш ва бир неча ойдан кейин 20 фоизгача бойитилган уранни Теҳрондаги атом реакторига келтириб қуйиш назарда тутилган. Эрон расмийларига кўра бу реакторда тиббий изотоплар ишлаб чиқарилади.

Ўтган ҳафта Маҳмуд Аҳмадийнажод Эрон ўзининг кам тўйинтирилган уранини янада бойитиш учун хорижга жўнатишда ҳеч қандай муаммога эга эмаслигини айтган. Бироқ унинг 7 феврал кунги баёноти аввал айтган гапига зид бўлди.

Шу куни кечроқ Эроннинг Атом энергияси агентлиги раҳбари Али Акбар Солиҳ президент Аҳмадийнажод айтган гапга аниқлик киритишга уриниб ўз ташкилоти фақат иш бошлашга тайёр бўлиб туриши кераклигини айтди.

- Президент Атом энергияси агентлигига иш бошлашга тайёр туриш ҳақида кўрсатма берди. У уран ёнилғиси алмашиш бўйича келишувга эришилмаса, ташкилотимиз ишлаб чиқаришни бошлашга тайёр туришини назарда тутди. Бунинг учун тайёргарлик кўриш керак, деди Солиҳ ИРНА ахборот агентлигига.

Айни пайтда, 8 феврал куни Эроннинг Атом энергияси халқаро агентлиги вакили Али-Асғар Султоний телевидение орқали қилган чиқишида Эрон ўз уранини тўйинтиришга оид режаси хусусида БМТнинг Атом энергияси халқаро агентлигига расман маълумот етказганини айтди.

АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари Теҳроннинг мунозарали ядровий дастури борасида БМТ томонидан Эронга нисбатан тўртинчи марта санкциялар жорий қилишга чақирмоқда. Бироқ Хитой ва Россия бу ташаббусга хайрихоҳ эмас. Пекин расмийлари Эронга нисбатан янги санкциялар жорий қилиш масаласини муҳокама қилиш учун вақт ҳали эрта¸ деган фикрда.
XS
SM
MD
LG