Линклар

logo-print

Ўзбекистонда иқтисодий кўрсаткичлар кундан-кунга кўтарилиб бормоқда¸ дер экан Тошкент раҳбари ва унинг атрофидагилар ëлғон гапираëтгани йўқ. Бу ўсишни кўриш учун эса¸ фаровонлиги кун сайин геометрик прогрессияда ўсаëтган ўзбекистонликлар даромадини бутун халққа бўлиб ташлаш керак¸ холос.

29 январ куни президент Ислом Каримов “жаҳон молиявий бўҳронидан тараққий этган давлатлар азият чекаётган бир шароитда, ўзбекистонликлар турмуш фаровонлиги кундан-кунга ошиб бораётгани” мавзуида навбатдаги чиқиш қилди.

Камина президент нутқларининг ашаддий мухлиси бўлмасам-да, касбий фаолиятим боис¸ одатда, 20-30 саҳифага жо бўладиган бу маърузаларга кўз югуртириб чиқишга тўғри келади.

Бу галги президент тезислари аввалгиларидан фарқ қилмасада¸ маъруза у кишининг таваллуд куни арафасида қилинганидан, "ота" ўзларини яна бир хурсанд қилгилари кептида, деган бўлдим.

Лекин ҳафта давомида ёритганим воқеалар ва оддий ўзбекистонликлар билан қилган суҳбатлар президент ўзига тортиқ қилган бу хушхабарни яна инкор этгани боис, орадаги фарққа оид кузатишларни блогистонга тўкишга тўғри келди.

Масалан, Озодликнинг "Эркин микрофон"ига қўнғироқ қилганларнинг аксарияти президент 40 фоизга ошганини айтаётган маошларнинг вақтида берилмаётганидан шикоят қилишда давом этди. Ёки Ўзбекистон расмийлари наздида “ўзбекларнинг маданий ренессанси” ҳисобланмиш пластик карточкалар билан боғлиқ муаммолар уларнинг реал даромади¸ президент айтганидек 26,5 фоизга ошгани эмас, аксинча даромадсиз қолдирганидан гапиришди: “Чўнтагимда 3000 сўм пул қолди, бу тўрт кило картошкага етади”, деб хафа бўлди чунончи қашқадарёлик ўқитувчи.

Озодликка қўнғироқ қилганларнинг кўпчилиги президентнинг тезисларига ишонмаганларни ташкил қилган бўлсада, Озодлик мухлислари орасида президентни таваллуд куни билан қутлаб, у кишига “ўзбеклар ҳаётини янада гуллатиб-яшнатишда” янгидан-янги муваффақиятлар тилаганлар ҳам бўлди.

Тирикчилик қийинчилигидан шикоят қилган мухлисларимиз хафа бўлмас, деган илинж билан мен ҳам президентнинг фикрларини ёқлаб, уларни исботловчи “фактларни” келтирмоқчиман.

Ахир, ялпи ички маҳсулот¸ Каримов айтаëтган каби қарийб 10 фоизга яқин ошмаётган бўлса, бразилиялик моҳир тўптепар Сколарини йилига 25 миллион доллар ҳақ тўлаб, олиб кела олармиди Ўзбекистон? Ёки жаҳон иқтисоди бўҳронга ботган бир пайтда Ўзбекистонда аксинча¸ фаровонлик кучайгандан кучаймаса эди¸ президент неварасининг туғилган кунига Тошкентга бир кечага келиб кетгани учун Роналдога берилган уч миллион евро қаердан олинарди?

Ўтган ҳафта "Танганинг орқаси" рукнига мавзу қилиб олганимиз “Paynet сирлари” ҳам “кимларнингдир” чўнтагини тўлдираётганини ўзимиз гапирдикку. Ёки “Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қўшни давлатлардан жисмоний шахслар томонидан божсиз олиб кириладиган товарларнинг энг кўп миқдорига ўзгартиш киритиш” тўғрисидаги янги қонун “Абу-Саҳийга” сахийлик қилганини исботлашга уриндикку.

Бу мақолага ўзини “Умиджон”, деб таништирган муштарийларимиздан бири:

“Молодец...қаддини урсин КАРИМОВ ОТАнинг кизлари...агар шу ишбилармон қизлар бўлмаганида¸ кўпчилик ишсиз қолиб кетарди, сабаб ....агар савдогарлар мол олиб келса фақат ўзлари фойда кўрар ва ўзлари бойиб кетардилар, а опа олиб келса¸ аввало опани ўзи бу иш билан шуғулланмайди¸ унинг ўзини одамлари бор, шофëрлари бор....хуллас ОПАнинг орқасидан жуда кўп одам тирикчилик қилаяпти. Ана энди айтингчи¸ қайси катта савдогарларнинг орқасидан ҳеч бўлмаганида 5 дона одам тирикчилик қилаяпти....ҳеч қайси савдогарни....мени аниқ билганим ҚИРҒИЗСТОННИНГ ҚОРА-СУВида ОПАНИНГ катта савдо фирмаси бор. Биласизми бу фирмада қанча одам ишлайди¸ анчагина..ЎЗБЕКИСТОНдаги фирмасида қанча одам....хуллас ОПАнинг орқасидан кўпчилик одам тирикчилик қилаяптими¸ демак ОПА қаддини урсин....янада каттадан-катта ОМАД ОПАга...” деган фикрларни ёзди.

Ҳақиқатан, қаддини эмас, қандини урсин “опа”. Чунки “опа” туфайли, “Умиджон” айтганидек, бир гуруҳ корчалонларнинг ошиғи олчи. Президент аҳолининг реал даромади 26,5 фоизга ошди, деганда ўшаларни назарда тутгандир. Албатта¸ уларнинг реал даромади 26,5 фоизга эмас, 2650 фоизга ошган бўлса ҳам ажабланишга асос йўқ.

Президент тезисларини ёқлаб, шуни айтишим мумкинки, “опалар”, “ошиғи олчилар”, қўйингки, Сколари ва Роналдоларнинг даромадини математик қоидага кўра, ўртача кўрсаткичини чиқариш учун 28 миллион Ўзбекистон аҳолисининг жон бошига бўлиб ташласангиз, ўша президент айтаётган реал 26,5 фоиз чиқади-қўяди.

Президентнинг “бўҳронларни қолдириб доғда” мавзусидаги маърузалари буюк Владимир Висоцкийиннг “ҳар нени ёзсанг, қоғоз кўтармас”, деган сатрларини ҳам инкор қилади. Қоғозку майли, “лирик чекинишлар” билан бир ярим-икки соатга чўзиладиган нутқларни тинглагани тўпланадиган ҳукумат амалдорларининг қулоқларига қойил қолиш керак. Уларни ҳам тушунса бўлар - бир томондан¸ президент нутқларини тинглаш уларнинг хизмат доирасига кирувчи асосий вазифа бўлса¸ бошқа томондан уларнинг ўзлари ҳам фаровонлиги геометрик прогрессияда ўсаëтган ўзбекистонликлардан бўлгани боис ўз ютуқларининг халқ ютуғи деб талқин қилиниши¸ балки улар қулоғига мусиқадай ëқимли эшитилар.

Лекин чўнтагида тўрт кило картошкагагина етадиган 3000 сўми қолган миллионлар қулоғининг бу гапларни қандай кўтараётганига ҳайрон қоласан киши.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG