Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:58

Ўш театри - ўзбек санъатининг етим боласи


Ўш ўзбек театри қарийб 100 йилдан бери минтақада ўзбек маданияти ўчоқларидан бири бўлиб қолмоқда.
Ўш ўзбек театри қарийб 100 йилдан бери минтақада ўзбек маданияти ўчоқларидан бири бўлиб қолмоқда.

Марказий Осиёдаги энг кекса ўзбек театрларидан бири - Бобур номидаги Ўш ўзбек академик театри бу йил ўзининг 90 йиллигини тантанали тарзда нишонламоқчи. Қирғиз матбуоти 1918 йилда асос солинган бу театр ўз юбилейини нишонлаш учун хайрия марафони ўтказгани ҳақида хабар берди.

Минтақада учта кекса ўзбек театри бор. Булар Тошкентдаги ўзбек Миллий академик театри, Андижондаги ўзбек мусиқали драма театри ва Ўш ўзбек академик театри.

Ўш театри бадиий раҳбари, Қирғизистон халқ артисти Бахтиёр Тўхтаматов театрнинг ташкил этилиш тарихини айтиб берди.

- Бобур театри биринчи бўлиб 1918 йилда Ўш гарнизони ҳарбий комиссариатида ана шу маҳалдаги Жўрахон Зайнобиддинов каби таниқли давлат ва жамоат арбоблари томонидан ташкил қилинган. Биринчи спектакли 1919 йилда театр саҳнасини кўрган¸ дейди Бахтиëр Тўхтаматов.

Ўтган 90 йил мобайнида Ўшдаги ўзбек театри 600 дан ортиқ асарларни саҳналаштирди. Улар орасида асосий ўринни ўзбек, қирғиз ва жаҳон драматургларининг асарлари эгаллайди.

Ўш театрининг ижодкорлари Лайлихон Моидова, Тожихон Ҳасанова, Расулжон Урайимжонов, Дилором Соиповалар минтақада ном чиқарган.

Бу йил театр ўзининг 90 йиллигини тантанали нишонламоқчи. Қирғиз матбуоти тарқатган хабарга кўра, театр ўз юбилейини нишонлаш учун хайрия марафони ўтказишга мажбур бўлган.

Бироқ театр директори Бахтиёр Тўхтаматов марафон ўтказишдан бошқа мақсад кўзланганини айтди:

- Хайрия марафони ўтказилиши театрнинг жуда муҳтожлигидан эмас. Давлатимиз томонидан театрга жуда кўп маблағлар ажратилиб¸ таъмирдан чиқарилди. Масалан бундан беш-олти йил олдин театрга келган одам ҳозирги театрнинг ички ва ташқи фасадларинин кўриб жуда ҳайрон қоладиган даражада бўлди. Биз “Элимизнинг театрга муносабати қандай? Театримиз элимизга керакми ëки керак эмасми?” деган бир шиорни олдимизга ташлаб марафонга чиқдик. “Пенсиямнинг пули эди” деб 500 сўмдан пул кўтариб келган одамларни кўрдик. Ҳа¸ театр ҳали элимизга керак экан¸ дейди Бахтиëр Тўхтаматов.

Аммо хайрия марафонининг муваффақиятли ўтгани, аҳоли томонидан театрга моддий ёрдам кўрсатилгани Ўш ўзбек академик театрининг ўшлик ўзбеклар орасида катта нуфузга эга эканидан дарак бермас экан.

Театрга узоқ йиллар бош режиссёрлик қилган Ғанижон Холматовнинг айтишича, Ўш театрининг бугунги кундаги энг асосий муаммоси томошабиндир. Театрга томошабиннинг келмай қўйиши эса, Ғанижон Холматов фикрича, умумўзбек санъатида сўнгги йилларда пайдо бўлган “ижодий турғунлик” даври билан боғлиқдир.

- Бутун Марказий Осиë театрларининг муаммоси бу томошабин масаласи. Ижодий эркинлик деган талаб борда. Афсуски¸ ижодий эркин жараëннинг маълум даражада қисиб қўйилганлигини¸ хоҳлаган асарни хоҳлаган вақтда қўйиш имконияти йўқлигини¸ ўзбек драматургиясида жуда суст ҳолат пайдо бўлганлигини¸ ижод бўлмаëтганлигини¸ янги пьесаларнинг йўқлигини¸ бўлганда ҳам бу асарларда долзарб масалалар қўйилмаëтганлигини томошабиннинг театрдан қочганлигининг сабаби қилиб кўрсатиш мумкин¸ дейди Ғанижон Холматов.

Ғанижон Холматовнинг айтишича, Ўшдаги ўзбек театри умумўзбек театр санъатидаги турғунлик ҳолатидан чиқиш учун Марказий Осиёнинг машҳур режиссёрларини таклиф қилиб, ўз саҳнасини новаторча тажрибалар майдонига айлантирди. Бу ерда бир неча йил ичида “Муножот”, “Лайли ва Мажнун”, “Макбет”, “Макка сари олис йўл” каби катта маблағ ва ижодий куч талаб қилувчи авангард усулида саҳналаштирилган асарлар қўйилди. Бу томошалар театршунослар томонидан юқори баҳоланди. Бироқ “Ёлғиз отнинг чанги чиқмас, чанги чиқса ҳам донғи чиқмас”, деганларидек, мазкур тажрибалар умумўзбек санъатидаги алоқаларнинг узилганлиги туфайли ўз самарасини бера олмаяпти.

Ғанижон Холматов: Маънавий жиҳатдан эса бу театр Ўзбекистон ижодий жараëнига¸ ўзбек театрининг жараëнининг бир қисми сифатида қаралмоғи керак. Ўша 1990 йилларда Тошкентга борилганда “Бу сиëсатга тўғри келмайди” деб бир куннинг ичида қайтариб юборилди. Бу кўнглимизда нохуш хотира бўлиб қолган.

Озодлик: Қандай бўлган бу? Нимага сиëсатга тўғри келмаган?

- Бу 1990 йилдаги воқеалардан кейинги бир даврга тўғри келиб қолдида. Ўша пайтда юбилейни аввал Тошкентда¸ кейин Бишкекда¸ кейин Ўшда ўтказамиз¸ деган ниятлар 1990 йилнинг оқибатлари сифатида қаралди ва сиëсий тус берилиб¸ театр Тошкентдан қайтариб юборилди. Бир кун олдин борган бўлсак¸ эртаси куни алоҳида вагонда қайтариб юборилди. Шу шу Ўзбекистонга қадам қўйиш имконияти бўлмади¸ дейди Ғанижон Холматов.

Бобур номидаги Ўш ўзбек академик театри раҳбари Бахтиёр Тўхтаматов Ўзбекистон билан узилиб қолган маданий алоқаларни тиклаш йўлида театр жамоаси ҳаракат қилаётганини, бироқ бу ҳаракатларга расмий Тошкент томонидан жавоб бўлмаётганини айтади.

Бахтиёр Тўхтаматовга кўра, шу кунларда ҳам театр бу йўналишдаги ҳаракатларини тўхтатган эмас.

- Ҳозирча борди-келди¸ гастроллар жараëни йўқ¸ лекин бундай режаларимиз бор. Мен ўйлайманки¸ албатта бу нарсалар амалга ошади. Режиссура бобида Ўзбекистонга жуда катта муҳтожлигимиз бор. Биз ўзимизнинг маданият агентлиги ва Ўзбекистон Маданият вазирлиги билан алоқаларни қилаяпмиз. Қандай натижа беришини билмаймиз. Олдин ҳам хатлар ëзилган. Аммо ижобий натижа бермаган. Яна шунга ҳаракат қилаяпмиз. Аммо қай даражада натижа беришини вақт кўрсатади¸ дейди Бахтиёр Тўхтаматов.
XS
SM
MD
LG