Линклар

Тошкент Януковични энди табрикласа бўлади

  • Сарвар Усмон

Янукович ва унинг тарафдорлари аллақачон ғалабани байрам қилишга киришдилар.

Янукович ва унинг тарафдорлари аллақачон ғалабани байрам қилишга киришдилар.

Украинанинг россияпараст президентлик бўлишига бир баҳя қолди. Ўз вақтида ғарбпараст Виктор Юшченконинг инқилобий йўл билан ҳокимиятга келиши Тошкентни чўчитиб қўйган эди. Россия билан Ўзбекистон ўртасидан совуқ шамол эсиб турган айни кезларда Украинага россияпараст Януковичнинг келиши Тошкентда қандай қабул қилинади?

Душанба куннинг иккинчи ярмига бориб Виктор Янукович олган овозлардан Юлия Тимошенко олган овозлар 2¸5 фоизга озроқ.

Лавҳамиз битгунича янги маълумот пайдо бўлиши мумкин.

Постмодернизмнинг энг ёрқин намоёндаларидан бири, асарлари Европа тилларидан саккизтасига таржима қилинган украин шоири ва носири Юрий Андрухович миллионлаб украин сайловчилари каби овоз бериш натижаларини кутмоқда.

Кеча кимга овоз бердингиз, деб сўрадим ёши 50 даги ёзувчидан.

- Сайловнинг биринчи босқичида амалдаги президент Виктор Юшченко учун овоз берган эдим. Кеча эса, Юлия Тимошенкога овоз бердим, дейди Юрий Андрухович.

Айтишича, ўз овозини Тимошенкога, ўзбекча айтар бўлсак, ўлганининг кунидан берди.

- Чунки Тимошенкони сиёсатчи сифатида ҳурмат қилмайман, бироқ унинг ҳарифига ҳурматсизлигим янада кучлироқ, дейди адиб.

Маълумки, ҳамма биладиган Зарғалдоқ инқилоби 2004 йилнинг ноябрида ўтказилган аввалги президент сайлови натижалари эълон қилинганидан сўнг юз берган эди.

Бугун, 2010 йилнинг 8 февралида икки номзод ўртасидаги тафовут ўта оз бўлиб, бир томон иккинчи томоннинг ғалабаси тан олмаслиги ва натижада яна инқилоб бошланиб кетиши мумкин.

Бироқ ўз мамлакатидаги жараёнлардан яхши хабардор адибнинг фикрича, инқилоб бўлмайди.

- Менимча, энди инқилоб бўлмайди. Чунки 2004 йилги воқеалар юз минглаб украиналикларнинг самимий хоҳиш-иродаси ифодаси эди.

Ҳозир эса, сайлов технологиялари мусобақасинигина кўриб турибмиз. Одамларда ишонч йўқ. Ишончсиз эса, мўъжиза юз бермайди, дейди ишончини йўқотган украин адиби.

Келинг энди сайлов муносабати билан Ўзбекистон – Украина муносабатларига тўхталайлик.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига қараганда, Украина мамлакатнинг энг йирик ташқи иқтисодий ҳамкорларидан биридир.

Регнум ахборот агентлигининг 7 феврал кунги хабарига қараганда, Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасининг 10 фоизи Украинага тўғри келади.

Ўзбекистон президенти Юшченкогача бўлган президент Кучмага муносабати яхшилигини яширмаган, Зарғалдоқ инқилобини эса, расмий Тошкент оғир олган эди.

Шунинг учун таҳлилчи Малик Абдураззоқовдан Юшченко даврида Ўзбекистон Украина муносабатлари қандай кечгани тўғрисида сўрадик. Таҳлилчи бу муносабатлар тарихини икки даврга бўлади.

- Биринчи йили Зарғалдоқ инқилоби тўғрисида майда гаплар¸ қўрқишлар¸ қўрқитишлар кўп бўлди. Ундан кейин Ўзбекистон-Украина муносабатлари ўз жойига тушиб қолди. Лекин бу муносабатларда¸ албатта¸ эмоционаллик сезилмади. Ҳамдўстлик мамлакатларининг учрашувларидан бирида Ўзбекистон президенти Виктор Юшченко билан учрашган эди. Расмга ҳам тушган эди. Бу ҳақда Ўзбекистон телевидениеси ҳам маълумот берган эди¸ дейди Малик Абдураззоқов.

Интервьюларидан бирида Ўзбекистон президенти Юшченкони ҳурмат қиламан, Украина билан ишлашга тайёрмиз, деган эди.

- Шундан кейин¸ албатта¸ Ўзбекистон-Украина муносабатлари ўз жойига тушиб қолиб¸ Зарғалдоқ инқилоби тўғрисидаги гаплар расмий доиралар томонидан тилга олинмай қўйди¸ дейди Малик Абдураззоқов.

Ўзбекистон – Украина муносабатлари яхшиланиши сабалари тўғрисида гапирар экан, таҳлилчи бундай деди:

- Россия-Ўзбекистон муносабатларида муаммо пайдо бўлди ва Зарғалдоқ инқилоби туфайли пайдо бўлган муаммолар Ўзбекистон ҳукумати учун ўз актуаллигини йўқотди¸ дейди Малик Абдураззоқов.

Ўзбекистон – Украина муносабатлари кейинги йилларда яхши эканлигини баъзи бир рақамлар ҳам кўрсатиб турибди.

Тренд Капитал агентлигининг 2008 йил ноябридаги хабарига қараганда, ўша йилнинг 9 ойида Украина – Ўзбекистон савдо айланмаси 1 млрд 995,5 млн долларни ташкил қилган ва бу кўрсаткич 2007 йилнинг 9 ойидаги кўрсаткичдан 81,4 фоизга кўп эди.

Маълумки, Ўзбекистон президенти 2004 йилги сайловда биринчилардан бўлиб Виктор Януковични ғалаба билан табриклаган эди.

Бу сафар қандай бўлиши мумкин?

- Ғолиб ким бўлмасин¸ албатта¸ табриклайди. Худди Грузия билан муносабатлар каби. Хабарингиз бор¸ охирги пайтда Ўзбекистонга Грузия президентидан хатлар кела бошлади. Ўзбекистонга Грузия элчиси келди. Биринчи бор элчихона очилди. Элчихона бор эди¸ аммо элчи йўқ эди. Бошида муносабатлар ëмон¸ ҳозир яхши бўлиб қолди. Бу инқилоблар ички муаммолар асосида юзага чиқишини исботлади. Қандайдир глобальная теория заговора бўлмаганлигини ҳамма тушунди. Буни Ўзбекистон ҳукумати ҳам тушунди¸ дейди Малик Абдураззоқов.

Яна бир гап. 7 феврал куни Тошкентда Ўзбекистон – Украина дўстлик жамиятининг ташкилий мажлиси бўлиб ўтди ва унда жамиятнинг янги раиси сайланди.

Раисликка Тошкент Тўқимачилик ва енгил саноат институтини ректори, профессор Қадам Жуманиёзов сайланди.
XS
SM
MD
LG