Линклар

Янукович ғалабага яқинлашди


Украина Марказий сайлов комиссиясига кўра, иқтидордаги Бош вазир Юлия Тимошенко якшанба кунги иккинчи давра сайлов натижалари бўйича ўз рақиби Виктор Януковичдан ўза олмайди.

Марказий сайлов комиссиясининг билдиришича, ҳозирда якшанба куни берилган овозларнинг 1.58 фоизини санаш қолган ва тугалланмаган натижага кўра¸ Янукович ўз рақибидан 2.79 фоиз овоз билан пешқадамлик қилмоқда.

- Агар саналмаган овозларни бирон бир номзодга берган тақдиримизда ҳам, бунинг жавоби сизга аён бўлади. Бундай вазиятда нима бўлиши хусусида мен ҳеч нарса дея олмайман. Бироқ сайлов комиссиясининг сўнгги баённомасини қабул қилишда ҳар доим муаммолар юзага келади, деди Украина Марказий сайлов комиссияси раҳбари.

Бугун Киевда ўз сайловолди штабида журналистлар билан учрашган Виктор Янукович якшанба кунги сайловда ғолиб чиққанини таъкидлаб, рақиби Юлия Тимошенкони ўз мағлубиятини тан олишга чақирди.

- Фикримча, бугун биз Украинани бирлаштириш йўлида биринчи улкан қадам ташладик. Мен буни муҳим ва менга жуда ҳам керак деб биламан, деди Виктор Янукович.

Бироқ Януковичнинг рақиби Бош вазир Юлия Тимошеко мағлубиятини тан олмоқчи эмас. Аввалроқ Тимошенко хоним ўз тарафдорларини ҳар бир овоз учун курашишга чорлаган эди.
XS
SM
MD
LG