Линклар

logo-print

Эркин микрофон - "Ферузанинг чиқмаëтганидан афсусдамиз"

  • Абдулла Искандар

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

Феруза Жуманиëзованинг Ўзбекистон телеканалларида чиқиши тақиқланганини эшитган мухлислар Озодликка ўз хавотирларини билдирмоқдалар.

Ферузанинг кўринмай қолганидан хафалар кўп...

Илк суҳбатдошимиз Самарқанддан. Мен Феруза Жуманиëзованинг эфирдан мосуво бўлганини "Чодирхаëл"дан эшитиб қайғурдим¸ дейди у.

- "Чодирхаëл" деган эшиттиришингиз борку¸ шуни жуда яхши кўрамиз. Севиб тинглаймиз. Феруза Жуманиëзованинг шароитларини эшитиб жуда афсусланиб қолдик. Ўзимизнинг радиода бу хабарларни эшитмаган эдик. Ажойиб ашулачи. Феруза анча вақтдан бери чиқмаяпти. Биз мухлисларимиз унинг. Сизларни эшитиб кўп нарсалардан бехабар қолмаяпмизда¸ дейди суҳбатдошимиз.

Суҳбатдошимизни айни пайтда ўзбек клипларидаги бачканалик ташвишга солар экан.

- Райҳоннинг клиплари бўйича Маданият вазирлигигами¸ бошқасигами телефон қилиб сўрасангиз. Бунақа клипларни олиш...

Озодлик: Нимаси ëқмади бу клипнинг сизга?

- Бизларнинг оиладан ҳеч кимга ëқмайди. У клипда шармандали ишлар қилганда. Бомбей деган ашуласида. Сизлар интернетда ўзбекистонлик хонандаларнинг клипларини кўриб турасизларми?

Озодлик: Ҳа¸ кўриб турамиз.

- Райҳон Ғаниеванинг Бомбей деган ашуласи бор. Шу ашуланинг клипини расво қилиб олган. Ундан Феруза Жуманиëзова яхши эди. Шу клипда Айшвария Рай деган ҳинд киноактрисасини беобрў қилгандай қилганда¸ дейди суҳбатдошимиз.


"Судлар ҳам прокурорлар қўлида...."

Хоразмдан қўнғироқ қилган Ўразмат ака мана 12 йилдан бери судма суд юриб адолатни тиклай олмаганидан ташвишда.

- Мен Хоразм вилояти¸ Гурлан тумани¸ Беруний кўчаси тупик 1 дан Ўразмат Йўлдошевман. Менинг бермоқчи бўлган маълумотим бир қўшни нариги қўшнига ер сотган. Яна менинг ўғлимнинг ер қисмига жой солиб қўйибди. Бу 12 йилдан бери у суддан бу судга ўтиб прокурор Олломуродов қаршилик қилиб келаяпти. Бу ерда ижрочининг ҳам ҳиссаси бор. Ҳозир кассация судига ўтди. Аммо буни прокурор Олломуродов ҳам бузиши мумкин. Суднинг қарори чиққани билан ижро қилишмаяпти. Чунки бу ерда прокурорнинг қўли бор. Менинг айтмоқчи бўлганим шу. Бўлмаса мен шикоят қилиб нима қиламан? Менинг боламнинг ерига ўтмаса¸ менинг ишим йўқ. Ер сотиш¸ ер олиш мумкин эмас ахир. Ҳаммаси 600 метр квадратдан берилган. Бу ерда прокурорнинг ҳиссаси бор. Мен “Бунда вилоят прокурори ва республика прокурори Қодировларнинг қўли бор” деб ëздим. Мен бу судларга ҳайронман. Судларни мустақил дейди. Лекин булар прокурорга бўйсунадиганга ўхшаяпти. Ҳамма ерга ëзаман. Ҳеч фойдаси йўқ. Мен Олломуродовнинг мана шу жиноятни бостириб юборганидан норозиман. У ўз чиқарган қарорини нима учун беш-олти йил ўтгандан кейин бекор қилади? Шу мумкинми¸ дейди Ўразмат Йўлдошев.


Ватан надир¸ мулоҳаза этинг вазмин

Ҳозир Қирғизистонда яшаëтган асли андижонлик элдошимиз ўз фикрларини шеър қилиб ифодалади.

- Мен Жамол Дангал тахаллуси билан шеър ëзиб тураман. Бир шеър ëзган эдим. Шуни ўқиб берсаммикин деяпманда.

Озодлик: Марҳамат.

Ватан Тангрим ëки Темурбекни соғиниб

Ватан Тангрим¸
Темурбекдан мерос қаҳрим¸
Ëвга нафрат¸ тилимдаги ўткир заҳрим.

Мени шаккок деб аташга шошилманг сиз¸
Ватан надир¸ мулоҳаза этинг вазмин¸
Бу ғазалмас¸ сиз мавзуни четга бурманг¸
Туркий тилга кишан қилманг араб вазнин.

Мен шундайман¸ ватан менинг меҳробимдир¸
Маҳшарда ҳам соғингайман унинг васлин¸
Темур бобом руҳиятин қўмсаб бу тун¸
Соғинчимга топмоқ бўлдим бирор таскин.

Умид қилдим¸ соғинчдан кир қидирмаслар¸
Шеърим чиқар¸ халқим кўрар соғинч нашрин¸
Соғинурман илк бор тоғдан юртга боқиб¸
Темурбек ва дўстларининг қилган аҳдин.

Соғинурман ўша тоғлар ичра қолиб¸
Йигитларнинг олган сабоқ ҳарбий машқин.
Соғинурман соғинмоққда бордир ҳаққим¸
Темурбекнинг сотқинларни қилган қатлин.

Соғинурман ҳеч йўқ тушда кўрсам дейман¸
Кишанлардан юртнинг озод бўлган фаслин.
Соғинурман¸ соғинчимда изланг малҳам¸
Темур бобом даъватларин топгин аслин.

Мўғулларнинг зулмин янчган Темурбекнинг¸
Аскарлари қандай бўлган чизинг расмин¸
Навоийсиз у замонлар қай наволар¸
Ишғол этган аскарларнинг руҳий қасрин.

Ëвларига тик қаранг у йигитлар¸
Ибодатда қай жамолнинг этган васфин¸
Изланг¸ топинг менга бошқа даво йўқдир¸
Ки Темурбек эрур менинг насаб наслим.

Излайверинг йўлдош бўлсин¸ соғинч бардош¸
Чалғитувчуи нағмаларга бўлманг таслим¸
Гар топсангиз сизларга ҳам юз кўрсатур¸
Меҳробларда менинг ëлғиз ватан тангрим.

******************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.
XS
SM
MD
LG