Линклар

Агар бу бай жорий йил охирига қадар амалга ошгудек бўлса, Франция НАТО давлатлари орасида Россияга замонавий ҳарбий техника сотган биринчи давлат бўлади.

Франция "Мистраль" русумидаги вертолет ташувчи ҳарбий кемасини Россияга сотишга рози бўлди. Бу ҳақда душанба куни Франция Мудофаа вазирлиги маълум қилди.

Вазирлик расмийларига кўра, Россия худди шу русумдаги яна учта кемани сотиб олиш истагини билдирган ва Париж расмийлари Россиянинг бу истагини ҳам ўрганиб чиқмоқда.

Агар бу савдо йил охирига қадар амалга ошгудек бўлса, Франция НАТО давлатлари орасида Россияга замонавий ҳарбий техника сотган биринчи давлат бўлади.

Узунлиги 200 метр келадиган "Мистраль" ҳарбий кемаси бортида 450 нафар десантчи, танк ва бошқа турдаги зирҳли техника ҳамда 16 та ҳарбий вертолетни олиб юришга қодир.

Бу кемани сотиб олиш борасида Россия Франция билан ўтган йил ёзидан бери сўзлашувлар олиб бораётган эди.

Россия генералларига кўра, агар шундай кема 2008 йил август ойидаги Грузия билан ҳарбий можаро пайти Россия ихтиёрида бўлганида эди, рус аскарлари 26 соатда эмас, 40 дақиқада Грузия соҳилларига етиб олган бўлар эди.

Ҳарбий таҳлилчилар кеманинг умумий нархи 300-500 миллион евро атрофида бўлишини айтишмоқда.

Россиянинг ҳарбий салоҳияти кучайиб бораётгани қўшни давлатларни хавотирга солмоқда. Украина, Грузия ва Болтиқбўйи давлатлари "Мистраль" Россия тарафидан эҳтимолий таҳдид хавфини яна ҳам кучайтириши мумкинлигидан хавотир билдиришган.

Грузия парламентининг Европа интеграцияси қўмитаси раиси Давид Дарчиашвили Франция ва Россия ўртасидаги ҳарбий кема савдоси минтақадаги вазиятга салбий таъсир қилиши ва бу ҳолат НАТО ҳамда Европа Иттифоқи доирасида муҳокама қилиниши кераклигини таъкидлади.

Россия биринчи марта чет давлатдан ҳарбий техника сотиб олаётгани йўқ.

Ўтган йили Россия Исроилдан учувчисиз бошқариладиган учқичларни сотиб олган эди.

Экспертлар фикрича, 2008 йил август ойидаги Грузия билан беш кунлик уруш пайти Россия ҳарбий техникаси самаралилигини намоён эта олмаган ва бу ҳол Россияни четдан ҳарбий техника сотиб олишга ундаган.
XS
SM
MD
LG