Линклар

logo-print

Тошкентдаги тергов изоляторида ўндан ошиқ милиционер томонидан зўрланган сурхондарёлик Райҳон Соатова боласининг отаси кимлигини аниқлаш юзасидан ДНК анализи бўйича экспертиза ўтказиладиган бўлди.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган Райҳоннинг акаси Абдусамад Соатовга кўра, терговчилар унга Райҳонни тергов давомида зўрлаган 12 милиция ходимидан қон намунаси олиниб, ДНК анализи учун экспертизага юборилгани ва 20 кун ичида боланинг отаси кимлигини аниқлаш имкони пайдо бўлиши ҳақида айтишган.

Абдусамад Соатов: Охирги маротаба учрашганимда¸ “20 кунлар ичида ҳал бўлиб қолади, биз гумондор одамлардан боланинг отаси кимлигини аниқлаш учун қон намунасини олдик”, дейишди.

Озодлик: Гумондор одамлар деганингиз кимлар?

Абдусамад Соатов: Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар ходимлари¸ ўша куни буларни қўлга олишда иштирок этган 12 нафар шахс. Бундан ташқари, май ойининг ўрталарида кимга телефон қилган бўлса¸ ўшаларни ҳам чақириб, қон намунасини олишибди. Ўшаларни “асосий гумондор”, дейишибди. 20 кун ичида жавоби чиқади, дейишди.

Озодлик: Ким билан гаплашдингиз? Ким айтди сизга бу гапни?

- Рустамбоев Азиз деган терговчининг Ҳусан ака деган ëрдамчиси бор. Ўшаларнинг ëнига борганимда: “Нима бўлаяпти? Ҳамма далил-исботлар бўлса¸ кўриб чиқмаяпсизлар. “Ëпиғлиқ қозон ëпиғлигича қолсин” қабилида иш қилаяпсизлар” деганимдан кейин, “Ака¸ озроқ кутинг. 20 кун ичида аниқ бўлиб қолади. Бу процесс ҳам ўз - ўзидан тез бўлмас экан. Биз Хадича Сулаймонова номидаги суд-экспертизага олиб бориб топшираяпмиз. Натижалари бўлса¸ ўзимиз хабар берамиз”, дейишди, дейди Абдусамад Соатов.

“Эзгулик” жамияти Райҳон Соатованинг “Миршаблар томонидан зўрлангани ва натижада ҳомиладор бўлиб қолгани” юзасидан Ўзбекистон Омбудсмани, мамлакат Парламентининг суд-ҳуқуқ масалалари қўмиталари ҳамда Халқаро Қизил Хоч қўмитасининг Тошкент ваколатхонасига мурожаат қилган.

“Эзгулик” фаоли Абдураҳмон Ташанов эндиликда Райҳоннинг боласи бўйича ДНК текшируви ўтказилаётганини позитив ҳолат сифатида баҳолайди.

- Райҳон Соатовага нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича, унинг номусига текканлиги бўйича иш қўзғатилган эди. Ҳозирда бизга етиб келган хабарларга кўра¸ терговчи Азиз Рустамбоев тергов қарорини чиқариб¸ ДНК текшируви ўтказишни тайинлаган. Буни ҳозир Хадича Сулаймонова номидаги суд-тиббий экспертизаси бу бўйича хулоса бериши керак. Менимча¸ бу фикрга БМТ нинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Манфред Новакнинг бир томонлама талабидан кейин келиб чиққан. Чунки у киши оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида “Ўзбекистонда бу ҳолат бўйича ДНК текшируви ўтказилиши керак”, деган тавсияни берган эди. Ўзбекистоннинг бу қадами позитив. Лекин текширишлар¸ қийноқ фактларини ошкор этиш Ўзбекистон ҳукуматининг ўз қўлида. Яъни ДНК текширувларини бошқача қилиб ҳам чиқаришлари мумкин. Ўзбекистон ҳукуматининг ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг фаолияти доимо шубҳа остида бўлганлиги учун барибир бу йўналишда катта натижалар кутиш қийин. Лекин бу позитив қадам. Балки яхшиликка бўлиши ҳам мумкин, дейди Абдураҳмон Ташанов.

Опа-сингил Соатовалар 2009 йилнинг 9 майида Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ҳибсга олинган.

Миршаблар томонидан зўрлангани айтилаётган опа-сингилларнинг ўртанчаси Райҳон Соатова акасига уни Мирзо Улуғбек туман ички ишлар бўлимида 12 киши номусига тажовуз қилгани ҳақида гапириб берган.

Аввал хабар қилганимиздек, Райҳоннинг қизи ўтган йилнинг 17 декабр куни муддатидан аввал 29 ҳафталик пайтида туғилди.

Агар ҳисоб-китоб қилинса, Райҳоннинг ҳибсга олинганидан кейин ҳомиладор бўлгани маълум бўлади.

Абдусамад Соатовга кўра, унинг қизалоқ муддатидан аввал туғилгани сабабини ва боланинг ДНКсини аниқлаб унинг отасининг кимлигини аниқлаш борасида экспертиза ўтказиш талабини ҳуқуқ-тартибот идоралари шу пайтгача эътиборсиз қолдириб келаётган эдилар.

Дастлаб Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати опа-сингил Соатоваларнинг тергов давомида милиция ходимлари томонидан зўрлангани ҳолатини мутлақо рад қилган эди.

Бироқ кейинчалик Абдусамад Соатов Ўзбекистон адлия идорасидан синглиси Райҳонни тергов давомида зўрлаган милиция ходимларига нисбатан жиноий иш қўзғатилгани ҳақида расмий билдиришнома олган.

Абдусамадга кўра, ушбу билдиришномада Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани Ички ишлар бўлими тезкор-қидирув бўлимининг бир гуруҳ ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 118-моддаси (Номусга тегиш) бўйича жиноий иш очилиб¸ тергов-суриштирув ишлари бошлангани ҳақида ёзилган.

Сурхондарёлик уч опа-сингил Наргиза, Райҳон ва Хосият Соатовалар Тошкентда аввалига маиший жанжал туфайли безориликда айбланган¸ кўп ўтмай эса босқинчига чиқарилган ва маҳкамага тортилган эди.

Суд ҳукмига мувофиқ, Райҳон Соатова 7 йилу икки ойлик қамоқ жазосига маҳкум қилинган. Унинг опаси Наргиза ҳам Зангиота туман аёллар колониясида жазо муддатини ўтаяпти. Кичик синглиси Хосият эса суд ҳукмига кўра айбдор деб топилиб, 6 йилу икки ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Лекин суд ушбу ҳукмни шартли жазо билан алмаштириб, Хосиятни озод қилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG