Линклар

Тошкент иқтисодий қамални бошладими?


Ўзбекистоннинг Тожикистонга узатилажак газ ҳажмини қисқартириши мамлакатдаги йирик корхоналар фаолиятига ҳам, оддий тожикистонликлар турмушига ҳам салбий таъсир қилди.

Ўзбекистоннинг Тожикистонга узатилажак газ ҳажмини қисқартириши мамлакатдаги йирик корхоналар фаолиятига ҳам, оддий тожикистонликлар турмушига ҳам салбий таъсир қилди.

Ўзбекистон 7 февралдан бошлаб Тожикистонга узатилаётган табиий газ ҳажмини 60 фоизга қисқартирди. Шунингдек, Ўзбекистон томони Сўғд вилоятидаги Зарнисор саноат шаҳрига электр энергияси узатишни ҳам тўхтатди.

“Тожиктрансгаз” корхонаси расмийси Шавкат Шойимовнинг сўзларига кўра, жорий йил январ ойида Тошкентда томонлар ўртасида имзоланган шартномага асосан Тожикистон Ўзбекистондан ҳар соатда 28000 куб метр газ олиши керак эди.

- Бунинг учун эса биз, шартномага мувофиқ, икки ярим миллион доллар миқдоридаги маблағни олдиндан тўлаб қўйган эдик. Бироқ бугун Тожикистонга қарийб 12000 куб метр газ берилаяпти, холос,дейди Шавкат Шойимов.

“Тожиктрансгаз” корхонаси масъулларидан бири Фаридун Муҳиддиновнинг айтишича, айни пайтда Тожикистоннинг табиий газ учун Ўзбекистондан қарзи йўқ.

- Бизга қанча газ керак бўлса, улар шунча узатишга тайёр эканлари ва бу борада ҳеч қандай тўсиқ бўлмаслигини айтишганди. Аммо Ўзбекистон томони нима учун шартномага амал қилмаётганлиги бизга ҳозирча номаълум, дейди Фаридун Муҳиддинов.

Расмийнинг билдиришича, 2009 йилда Тожикистон Ўзбекистондан 250 миллион куб метр газни сотиб олиш бўйича шартнома имзолаб, газнинг ҳар минг куб метри учун 240 АҚШ долларидан пул тўлаган. Жорий йил январ ойидан бошлаб эса Тожикистон янги шартнома бўйича ҳар минг куб метр газни 231 АҚШ долларидан сотиб олмоқда.

Газ ҳажми 60 фоизга қисқартирилиши ортидан мамлакатдаги “Талко” алюминий ишлаб чиқарувчи корхонаси ҳамда маҳсулотининг асосий қисми Роғун ГЭСи қурилиши учун юборилаётган “Тожикцемент” корхонаси ишлаб чиқариш ҳажмини 40 фоизга камайтирди.

Иқтисодчи Даврон Қосимовнинг айтишича, “Тожикцемент” корхонасининг тўхтаб қолиши Роғун ГЭСи қурилиши учун жуда қимматга тушади ва Ўзбекистон томони бу муаммолардан хабардор.

- “Тожикцемент” корхонаси юқори сифатли 500 маркали цемент ишлаб чиқаради. Гидроиншоотлар учун ҳам айнан мана шу цемент ишлатилади. Тожикистонда қурилаётган ГЭСлар, хусусан, Роғун ГЭСи ҳам бундан мустасно эмас. Аммо табиий газ тақчиллиги сабабли бу маркадаги цементнининг маълум миқдори Эрондан импорт қилинмоқда. Тожикистон учун эса бу жуда қимматга тушмоқда. Назаримда, Ўзбекистон томони буни яхши англаган ҳолда газни қисқартирди, дейди таҳлилчи Даврон Қосимов.

Таҳлилчилар фикрича, Ўзбекистон очиқдан-очиқ Тожикистонни иқтисодий қамалга олмоқда. Ўзбекистоннинг 2009 йилда ягона энерготизимдан чиқиб кетиши, Тожикистон темир йўлларидан фойдаланишдан воз кечиши ҳамда газ нархини ошириши шундан даолатдир.

- “Тожикцемент”, “Талко” алюминий ишлаб чиқариш корхонаси ва бошқа қатор корхоналар доимо Ўзбекистон табиий гази фойдаланган ҳолда ишлаб келган. Собиқ шўролар замонида Ўзбекистон Тожикистонга йилига 1 миллиард куб метр табиий газ узатиб турганлиги бунинг далолатидир. Республикалар мустақилликка эришгач, бу рақам 750 миллиондан 250 миллион куб метрга қисқарган. Айтмоқчиманки, ҳамма гап айланиб-айланиб, яна Роғун ГЭСига тақалади. Жаҳон Банки қўллаб-қувватлаётган тадқиқотлар натижасини Ўзбекистон томони инобатга олмаётгани ажабланарли ҳол эмас. Чунки Ўзбекистон томони Тожикистонда газ ва энергетика заҳиралари жуда кам эканлигини яхши билади ва ўз ниятидан қайтмайди,дейди таҳлилчи Миржалол Хайдаров.

Айни пайтда, мутахассислар фикрича, мавжуд вазиятдан чиқишнинг ягона йўли бу мамлакатдаги газ заҳираларини ўзлаштиришдир. “Тожикгеология” масъуллари тахминларига кўра, Тожикистондаги табиий газ заҳиралари 800 миллиард куб метрни ташкил қилади.

- Тожикистон Энергетика ва саноат вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатда табиий газ заҳиралари миқдори 3 триллион куб метрни ташкил қилади. Аммо бу ерости бойликларни Тожикистон ўз кучи билан ўзлаштира олмайди. Бу масаланинг ҳам иқтисодий, ҳам кадрлар муаммоси мавжуд, дейди Тожикистон иқтисодий тадқиқотлар маркази раиси Нуриддин Қаюмов.

Бу йўналишда Тожикистон неча йилдан буён Россия Федерацияси билан мулоқотлар олиб борди ва ҳатто иккитомонлама шартномалар имзоланди. Чунончи Тожикистон ҳукумати Россиянинг “Газпром”и билан шартнома имзолаган. Бугун Россия ширкати республикадаги тахминан учта катта майдонда газ заҳираларини аниқлаш тадбирини ниҳоясига етказди. Бироқ, орадан бир йилдан кўпроқ вақт ўтган бўлса-да, бу йўналишда ҳозирча аниқ натижалар йўқ. Тожикистондаги табиий газ заҳираларини аниқлаш йўналишида ишлаётган хорижий ширкатларнинг бирортаси ҳозиргача Тожикистон қачон ўз табиий газига эга бўлишини аниқ айтмаяпти.

Аснода Ўзбекистон Сўғд вилоятининг Зарнисор саноат шаҳрига электр энергиясини узатишни тўхтатди. Бу ерда Хитой ширкати тоғ-кон бойтиш комбинатини қайтадан ишга туширган эди. Электр энергияси йўқлиги сабабли комбинат иши тўхтади.

Эслатиб ўтамиз, 2009 йилнинг 23 ноябр куни Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчиси Шоқосим Шоисломов ўз идорасида маҳаллий ва хорижий журналистларни йиғиб, Ўзбекистон шу йил 1 декабридан эътиборан Марказий Осиё ягона энерготизимидан чиқиб кетишини эълон қиларкан, Ўзбекистон томони Тожикистон шимолига илгари қандай электр энергияси узатган бўлса, бу ҳамкорлик шундай давом этавериши ҳақида билдирганди.
XS
SM
MD
LG