Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:30

Қирғизистондаги очлик акцияси вақтинча тўхтатилади


Қирғизистонда сиёсий маҳбусларни озод қилиш талаби билан 13 январдан бошланган очлик акцияси иштирокчилари 10 февралдан бошлаб норозилик акциясини вақтинча тўхтатишга қарор қилишди.

- Биз, Сўпиқўрғонда ва Бишкекда 13 январдан бери сиёсий очлик эълон қилганлар, 10 февралдан сиёсий очликни вақтинча тўхтатамиз. Сабаби 10 февралда Республика ҳарбий судида Исақовнинг шикоят аризаси кўрила бошлайди. Биз судларга сиёсий топшириқ берган Оқ уй раҳбарларидан фарқли ўлароқ, қонунда ёзилгандай, судга босим кўрсатмаймиз, деган қарор қилдик, деди Тўпчубек Турғуналиев.

Озодлик радиоси қирғиз хизматининг Исмоил Исақовни ҳимоя қилиш жамоат қўмитасининг Бишкекдаги вакили Рисбек Камиловга таяниб маълум қилишича, 10 феврал куни Бишкек ҳарбий суди биноси олдида ҳамда Олой туманининг Гулча ва Сўпиқўрғон қишлоқларида кўп кишилик йиғинлар ўтказилади.

Маълумотларга кўра, айни кунда Бишкек ва Олойда 15 дан ортиқ одам очлик акциясида иштирок этмоқда. 2010 йилнинг 13 январ куни бошланган мазкур акцияда 70 дан зиёд киши иштирок этгани айтилади. Уларнинг аксарияти соғлиги ёмонлашгани сабабли очлик акциясини тўхтатишга мажбур бўлган.

Бишкекда давом этаётган очлик акцияси иштирокчиси, собиқ мудофаа вазири Исмоил Исақовнинг яқинларидан бири Элмира Исакова улар сиёсий маҳбуслар озод этилмагунига қадар турли акциялар ўтказиш фикридан воз кечмасликларини айтади:

- Агарда сиёсий қувғинда юрган оғаларимиз эртароқ озодликка чиқарилмаса, бизнинг олдимизга олиб келинмаса, биз барча чораларни кўрамиз! Мен буни доимо айтиб келяпман. Шу сўзимдан ҳеч қачон қайтмайман, дейди Элмира Исақова.

Таъкидлаш жоизки, сиёсий маҳбусларни озод қилиш талаби билан бўлиб ўтаётган норозиликларга қирғиз расмийлари шу кунгача ўз муносабатини билдирмади.

Президент Қурмонбек Бакиев асос солган “Ақ жўл” партияси аъзолари эса собиқ амалдорларга нисбатан қўзғатилган жиноят ишлари ва суд ҳукмига сиёсий тус бериш тўғри эмаслигини таъкидлашмоқда.

Қирғизистон парламенти депутати, “Ақ жўл” фракцияси аъзоси Ажибай Қалмаматов норозилик намойишлари ҳеч нарсани ҳал қилолмаслигини айтади:

- Ватандошларимиз кўчага чиқиб бақириб чақиргани билан ҳеч нарса ўзгармайди. Ундан кўра, давра суҳбати деган нарсалар бор. Аввал суд ҳукми чиқсин. Ўшанга қараб, обрўли кишилардан бир-икки вакил сайлашсин. 2005-2006 йиллардаги усулларни қўллаган билан ҳеч нарса ҳал бўлмайди, деди Ажибай Қалмаматов.

Айтиб ўтиш керакки, норозилар озод қилиниши ва оқланишини талаб қилиб, сиёсий маҳбуслар деб айтилаётганлар орасида 11 январ куни 8 йилга озодликдан маҳрум қилиниб, генерал-лейтенант унвонидан ажратилган, собиқ мудофаа вазири Исмоил Исақов, айни пайтда судланаётган Аликбек Жекшенқулов, Эркин Булекбаев, Сапар Арғинбаев, Уран Рисқуловлар бор. Уларнинг барчаси мухолифатдаги Бирлашган халқ ҳаракати аъзолари бўлиб ҳисобланадилар.

Қўшимча қилиб ўтамиз, сиёсий маҳбусларни озод қилиш талаби билан Олой тумани Сўпиқўрғон қишлоғида норозилик намойиши ўтказаётганлар шу йилнинг 13 январ куни Ўш– Саритош–Эргаштом магистрал йўлини икки соат давомида тўсиб қўйишган эди. Орадан бироз вақт ўтгач, милициянинг махсус қуролланган гуруҳи аралашуви билан Ўш-Эргаштом йўли қайта очилганди.

Айни пайтда ушбу норозилик акцияси иштирокчиларига нисбатан маҳаллий ҳокимият ва ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан босим кўрсатилаётгани ҳам айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG