Линклар

Умида Аҳмедова устидан ҳукм ўқиш бошқа кунга қолдирилди

  • Абдулла Искандар

Умида Аҳмедова суд ҳукмини кутмоқда.

Умида Аҳмедова суд ҳукмини кутмоқда.

Ўзбекистонлик таниқли фотосуратчи ва кинотасвирчи Умида Аҳмедова устидан бораëтган судда прокурор Аҳмедовани ўз суратлари ва ҳужжатли филми орқали ўзбек халқига туҳмат ва ҳақорат қилганликда айбдор деб топиш¸ айни пайтда унга нисбатан амнистия қўллашни талаб қилди.

- Тушдан кейинги суд мажлисида диний қўмита ва маънавият марказидан келган экспертлар фикри тингланди. Улар Умида Аҳмедова фотоалбоми ва кинофилм юзасидан хулосага имзо қўйишган эди.

Шу билан бирга суд улар хулосасига муқобил бўлган иккита мустақил хулоса таҳлилни ҳам қисман қабул қилди. Суд мажлисида сўзга чиққан прокурор айблов хулосасини айнан такрорлади. Прокурор Умида Аҳмедованинг Ўзбекистон жазо қонунининг ҳар иккала моддаси бўйича туҳмат ва ҳақорат қилганликда айбли деб топилишини ва айбланувчига нисбатан амнистия қўлланишини сўради¸ дейди суд жараëнини бевосита кузатаëтган мустақил журналист Сид Янишев куннинг иккинчи ярмида Озодлик билан ўтказилган суҳбатда.

Айни пайтда суд музокара учун танаффус эълон қилди ва ҳозирча Умида Аҳмедова масаласига қачон нуқта қўйилиши аниқ эмас.

9 феврал куни Миробод туман судида эрталаб бошланган маҳкаманинг илк мажлисида сўзга чиққан Алоқа ва ахборот агентлиги эксперти Ҳайдовалов Умида Аҳмедова ўз бадиий суратлари ва ҳужжатли филми орқали ўзбек халқига туҳмат ва ҳақорат қилди¸ деган фикрни баëн қилди.

Суднинг эрталабки мажлисидан танаффусга чиққан Умида Аҳмедова Озодликка қисқа маълумот берди.

- Мониторинг маркази экспертлари Муҳаммедов ва Ҳайдоваловларни эшитишди. Ҳайдовалов¸ мана Умида Аҳмедова ўзбекларни ëмон қилиб кўрсатган¸ аëлларни қари қилиб кўрсатган¸ деган гапларни гапирди. Адвокат ўз илтимосномаларини берди.

Озодлик: Суд мажлисига журналистларни киргизишдими?

- Ҳа¸ журналистлар келди - Сид Янишев¸ Алексей Волосевич. Малик Бобоев сал кеч қолувди¸ уни киргизишмади. Германияни элчихонасидан вакил келиб суд мажлисида ўтирди.

Озодлик: Айбланаëтган суратлар китобингиз ва филмга ҳомийлик қилган Швейцария элчихонасидан вакил келмадими?

- Йўқ¸ Швейцария элчихонасидан бирор бир одам келгани йўқ. Ҳозир суддан танаффусга чиқдим. Суд соат икки яримда яна давом этади¸ деди Озодлик билан қисқа суҳбат давомида айбланувчи Умида Аҳмедова.

9 феврал куни бошланган маҳкама жараëнига Бекзод Эрматов раислик қилмоқда. Умида Аҳмедовага кўра¸ Халқаро Санъатшунослар уюшмаси вакили Борис Чуховичнинг Умида Аҳмедова асарлари юзасидан ҳозирлаган муқобил эксперт хулосаси ҳам суд томонидан кўриб чиқиш учун қабул қилинган.

Швейцария элчихонаси ҳомийлигида 2006 йили нашр қилинган "Аëл ва эркак:тонгдан шомга қадар" деб номланган бадиий суратлар тўплами ва "Бокиралик юки" ҳужжатли филми орқали "ўзбек халқига туҳмат ва ҳақорат қилганлик"да айбланаëтган Умида Аҳмедовага қарши жиноий иш 2009 йил 13 май куни қўзғатилган эди.

13 январ куни Умида Аҳмедовага шаҳарни тарк қилмаслик ҳақидаги ҳужжатга қўл қўйдирилди.

Ўша куни Умида Аҳмедова ўзига қўйилган айблов хулосаси ва экспертиза хулосалари билан ҳам илк бора танишган. Экспертиза xулосалари Низомий номли ТДПУ қошидаги руҳшунослик кафедраси ва Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларини мониторинг қилиш маркази тарафидан берилган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси ҳам Умида Аҳмедова суратга олган фото ва филмлар юзасидан хулоса берган. Хулоса билан танишган манбага кўра¸ бу ҳужжатларнинг барчасида Аҳмедованинг фото ва филмлари туҳмат, деб малакаланган.

Умида Аҳмедовага қарши бошланган кампанияга норозилик билдириб¸ Халқаро Санъатшунослар уюшмаси ташаббуси билан Тошкент расмийларига йўлланган мурожаатга дунëдаги 1500 дан ошиқ санъатшунос¸ журналист ва ижодкорлар қўл қўйди.

Озодлик Умида Аҳмедова устидан бошланган маҳкама жараëнини яқиндан кузатади ва бу жараëн ҳақида батафсил маълумот олишга уринади.
XS
SM
MD
LG