Линклар

Ўзбекистон валюта бозорида нима гап?

  • Ҳасанжон

Ўзбекистонда яна икки алоҳида валюта бозори параллел мавжудлигича қолмоқда ва орадаги тавофут кун сайин ошиб бормоқда.

Ўзбекистонда яна икки алоҳида валюта бозори параллел мавжудлигича қолмоқда ва орадаги тавофут кун сайин ошиб бормоқда.

АҚШ долларининг бошқа валюталарга нисбатан қадри бир неча ойдан бери секин-аста ошиб бормоқда. Аммо Ўзбекистонда доллар курси қора бозорда сал бўлса-да пасаймоқда. Қолган дунëдагига зид бу жараëн ортида бозорни "ўйнатаëтган" монополистлар тургани тахмин қилинмоқда.

Янги йилнинг дастлабки кунларида Ўзбекистон Марказий банки томонидан белгиланган расмий курс бўйича 1 АҚШ доллари 1513 ўзбек сўмини ташкил этди. Шу кунларда 1 АҚШ долларининг ўзбек сўмига нисбатан расмий курси 1530 сўмни ташкил қилмоқда¸ яъни расмий курсда бироз бўлсин¸ ўсиш кузатилмоқда.

АҚШ долларининг сўмга нисбатан норасмий курси қанчалигини билиш мақсадида Тошкентдаги бозорлардан бирида пул алмаштириш билан шуғулланётган валютафурушлардан бирига қўнғироқ қилдик.

Валютафуруш: 2120 сўм оляпмиз.

Озодлик: Сотилишичи?

Валютафуруш: 2180 сўм.

Озодлик: Ўтган ҳафта курс қанча эди?

- Ўтган ҳафта сотилиши 2200 эди, сотилиши¸ дейди валютафуруш.

Ўзбекистонлик бошқа бир валютафуруш сўнгги пайтларда Ўзбекистонда АҚШ долларининг курси пасая бошлаганини айтди. У бунинг сабаби ҳақида Озодликка буларни айтди.

Озодлик: Ҳозир курс қанча бўляпти?

Ваютафуруш: 215 минг оляпмиз, 220 минг сўмга сотяпмиз. Декабр ойи охирида курс 230 мингга чиққан эди. Энди орқага қайтяпмиз озгина-озгина.

Озодлик: Пасайишининг сабаби нимада?

- Хитойнинг йўллари ёпиқ. Улар байрам қиляпти. Бутун молларни Абу Саҳий олиб кирадику Тошкентга. Хитой фирмалари араб фирмалари орқали олиб киради, дейди валютафурушлардан бири.

Овози ёзиб олинмаслиги шарти билан гапирган Абу-Саҳий фирмаси мижозларидан бирининг Озодликка айтишича, бу ширкат президентнинг икки қизидан бирига тегишлидир.

“Опага” тегишли Абу-Саҳий нафақат хориждан молларни келтириш билан шуғулланадиган монополист, балки савдогарлар олди-берди қилиши шарт бир улкан ширкатга айланган, дейди бу суҳбатдошимиз.

Демак шу кунларда АҚШ долларининг ўзбек сўмига нисбатан курси бироз пасайди. Бироқ бу пасайишни доллар нархининг сўнгги ойлардаги кескин қимматлаганига қиёсласак, фарқнинг сезиларли эмаслиги кўринади. Буни Озодлик билан суҳбатда бўлган мана бу фуқаронинг гапидан билиш мумкин.

- Масалан, шакарда бу нарсани кузатдик. Унчали сезиларли бўлмаса ҳам нарх 100 сўмга ошиб яна пасайди. Одамлар гавжум бўлган жойлардаги дўконларда бир килограмм шакар 2250 сўмдан сотилган бўлса, ҳозир 2150 сўмга тушди. Биз оладиган “Шедрий Лето” сарёғи ҳам декабр ойида доллар бир кўтарилганда ярим килоси 2600 сўм бўлди. Мана ҳозирги кунда 2500 сўмга қайтиб тушди. Кўк чой маҳсулотининг ҳам нархи бир кўтарилиб тушганини сездим. Мен озгина-озгина тез-тез олиб тураман кўк чойни. Масалан¸ декабр ойларида килоси 5500 га чиқиб кетганди. Яқинда бориб олдим. 110 кўк чойи нархи яна 5000 га тушди. Савдогарлар ҳам долларни курсига қараб маҳсулотга нарх белгилайди, дейди ўзбекистонлик Шавкат.

Ўзбекистонлик тадбиркор Расулжонга кўра¸ агар мамлакатда эркин валюта алмаштириш йўлга қўйилса ва тижоратчилар қўлларидаги ўзбек сўмини “қора бозор”да эмас балки Марказий банк томонидан белгиланган расмий курс бўйича алмаштириш имкониятига эга бўлганида¸ бозордаги маҳсулотлар нархи ҳозиргидай қиммат бўлмасди.

- Қора бозорнинг курсига қараб нархлар ошиб кетаяпти. Конвертация бўлганида эди масалан, савдогарлар ҳам ўша банк курси бўйича пул алмаштириб хоҳлаган товарини олиб келиши мумкин эди. Нарх жойида туриши мумкин эди. Ошган тақдирда ҳам давлат курси бўйича маълум миқдорда ошган бўларди. Энди ҳозир жуда ортиқча ошиб кетяпти. Сабабини сўрасак¸ савдогарлар доллар ошиб кетганини айтади. Ҳақиқатан ҳам ҳозир қора бозорда бир АҚШ доллари 2200 сўм атрофида бўляпти. Ўшани ҳисобига нарх-наво ошяпти. Янги йилдан кейин бўлаётган иш шу, дейди ўзбекистонлик тадбиркор Озодлик билан суҳбатда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG