Линклар

Шўро замонида тўрт киши тўпланган даврада албатта Маркс ва Лениндан, Бош котибнинг нутқидан цитата-иқтибос келтириларди.

Маркс билан Ленин асарлари ўзбек ва рус тилларида қайта-қайта нашр этилиб, дўконларда, кутубхоналарда чанг босиб ётарди. Бош котибнинг нутқлари эса кўпроқ “халқ оғзаки ижоди”га ўхшарди: у ҳар хил мажлисларда қоғозга қараб нимани ўқиб берган бўлса, ўша нарса эртаси куниёқ барча катта-кичик амалдорларнинг оғзига кўчарди. Ҳозир уй бекалари поёни йўқ сийқа сериалларни дуч келган жойда қандай муҳакама этиб валақлаб ўтирса, амалдорлар ҳам нуқул Бош котибнинг нутқини ижикилаб одамларга тушунтирмоқчи бўларди. Эсли-ҳушли тингловчи, ажаб, Бош котибнинг ўзи бирйўла тушунарли қилиб гапириб қўя қолса ўлармикан, унинг нутқига нима учун ҳадеб изоҳ берилаверади, деб хуноб бўларди. Сиёсатга аралашиб юрган кишилар эса, Бош котибнинг нутқи катта-кичик амалдорлар учун рўзғор тебратадиган даромад манбаи эканини яхши баларди. Амалдор ўша нутқни чайнаб, биринчидан, ўзи ҳузур қиларди; иккинчидан, чайнагани учун маош олиб, рўзғорини тебратарди.

Истиқлол шарофати билан ғоявий йўналиш ўзгарди. Маркс билан Лениннинг ўрнига, худога шукр, Темур бобони чиқариб қўйдик. Эски ва яп-янги шоҳсупаларда “оқсоқ жаҳонгир”нинг турли кўринишлардаги ҳайкаллари пайдо бўлди. “Темур тузуклари”дан мўл-кўл иқтибос олиняпти. Ора-орада “Бобурнома”ни рўкач қилиб, агар Амир Темур “тузуклари”ни ўз қўли билан ёзганида борми, Мирзо Бобур бу ҳақда далолат берган бўларди, бу рисола кейинчалик бирорта темурий шаҳзода томонидан буюртма берилиб, А. А. ёки Б. А. каби лаганбардор воқеанавислар томонидан ёзилган, деб чорбоғимизга тош отиб қўядиган ғаламислар ҳам учраб қолади. Лекин кўпчилик (омма-оломон) биз тарафда, ғаламисларнинг дийдиёларига ишонадиган мухолифат вакиллари бармоқ билан санарли даражада, холос.

Илк бора нутқларимни тўплаб китоб ҳолида нашр этиш тўғрисидаги таклиф ўзимдан чиққан эдими ёки Кампирияк шу масалани кўтарган эдими, буни аниқ эслай олмайман. Биринчи китобим чоп этилгач, ўз-ўзидан кейингилари ҳам потирлаб босмахонадан чиқаверди. Ҳозир йигирма жилд китобим босилди шекилли, саноғини ўзим ҳам билмайман. Бу иш билан махсус ҳайъат шуғулланади. Ўзбек адиблари орасида асарлари чет тилларига энг кўп таржима қилинган муаллиф ўзим бўлиб қолдим. Ҳар ҳафтада бўлмаса ҳам, лекин ҳар ойда чет эллардаги элчихоналаримизда хорижда чоп этилган янги китобимнинг тақдимот маросими бўлиб ўтади. Мухлисларим томонидан китобларим илиқ кутиб олинади.

Ўзимизда ўрта мактаблардан тортиб барча олий ўқув юртларида, академияларда асарларим фундаментал фанларнинг ажралмас тармоғи сифатида ўрганиляпти. Асарларим бўйича номзодлик, докторлик диссертациялари ёқланяпти.

Тунов куни “Интерконтинентал” меҳмонхонасида глобал инқироздан қутилиб кетиш мавзусида ёзилган китобимга бағишланган илмий-амалий халқаро анжуман бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизда аккредитациядан ўтган барча элчилар, халқаро ташкилотларнинг расмий вакиллари қатнашди. Анжуманга ўзимни ҳам таклиф этишди, аммо муҳим ишларим борлигини баҳона қилиб анжуманга бормадим. Пароканд Мирзога ўзим ирод этадиган нутқ матнини ёздириб, ўзини анжуманга жўнатдим – ўзи ёзган нутқни мани номимдан ўзи ўқиб берди. Нутқ якунида гулдирос қарсаклар янграбди. Эшитиб хурсанд бўлдим.

Пароканд Мирзо матннинг нуқта, вергулини ҳам жой-жойига қўйиб ифодали ўқийди; тушум ва қаратқич келишигининг қўшимчаларини тушириб қолдирмайди; гапдаги қайси сўзнинг устига логик урғу беришни билади; сўзнинг қайси ҳарфига алоҳида урғу бериб чўзиб ўқишни ўрнига қўяди. Ўзим бунақа нарсаларга унчалик аҳамият бермайман; агар атайлаб аҳамият бермоқчи бўлсам, қош қўяман деб¸ албатта¸ кўз чиқараман. Ўрис мактабида ўқиганим барибир панд бериб қолади. Манимча, болаларни дастлаб ўзбек мактабида ўқитиб олиш керак. Кейин уларни Гарвард университетига ўқишга юборсангиз ҳам ўзбекча ўйлайдиган, ўзбекча ўйлаб инглизча сўйлайдиган бўлади. Акс ҳолда, манга ўхшаб ўрисча ўйлаб ўзбекча сўйлайдиган бўлиб қолади. Тилни ҳис қилган одам дилни ҳис қилади, дилни ҳис қилмайдиган одам қалбида тил эгаларига нисбатан меҳр-муҳаббат бўлмайди; тил эгаларини техник восита деб билади, холос. Техник восита ёрдамида маълум бир мақсадга эришиш мумкин. Бунда воситадан кўра мақсад муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Ҳозирги замонда зиёлиман деган одам албатта бир-иккита чет тилини билиши керак. Тилни биладиган одам кам бўлмайди: тил одамни боқади, маънавий жиҳатдан бойитади.

Назаримда, илмий-амалий анжуманлар мунтазам равишда ўтказилиб турилса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Баъзан ўйлаб қоламан: шу “хотира дафтарим”ни Пароканд Мирзога таҳрир қилдириб тўғри қиляпманми ёки нотўғри қиляпманми?..

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG