Линклар

Навоий қабри етим қолмоқда


Ўзбек адабий тилининг отаси саналмиш Алишер Навоийнинг қабри қарийб 8 йилдан бери шу алпозда қолмоқда.

Ўзбек адабий тилининг отаси саналмиш Алишер Навоийнинг қабри қарийб 8 йилдан бери шу алпозда қолмоқда.

Ўзбекистон ҳукуматининг Алишер Навоий қабри устига ҳашаматли мақбара қуриш ташаббуси билан қабр устидаги эски гумбаз бузилди. Аммо янги мақбара устида юзага чиққан зиддият боис¸ буюк шоир қабри қарийб саккиз йилдан бери ташландиқ ҳолида қолмоқда.

Бузуқ қабримни кўрган ўқчи дукконийга ўхшатғай¸
Фироқинг ўқидан андак кўриб пайкони пар ҳар ëн¸

деб ëзган эди ҳазрат Алишер Навоий ўз ғазалларидан бирида. Ушбу байтни ўқиган одамда улуғ Навоий ўзининг мақбараси бузилиши ҳақида олдиндан башорат қилганми¸ деган фикр пайдо бўлади. Ҳозирги кунда улуғ Навоийнинг Ҳирот шаҳрида жойлашган мақбараси фақат бир очиқ мозор. Унинг шаънига лойиқ ҳашаматли бино ҳеч бир замон қурилмаган.



Бундан чамаси 50 йил олдин Навоий қабри устида қурдирилган оддий бино ҳам тахминан саккиз йил олдин бузиб ташланган эди. Дарвоқе¸ мазкур бинони ўзбекистонлик муҳандислар мақбара устида улкан бино қуриш мақсадида бузган эдилар.

Ўзбекистон давлатининг Навоий мақбарасини қуриш учун амалга оширмоқчи бўлган лойиҳаси ҳам расмий Кобул ва ЮНЕСКО аралашуви оқибатида амалга оширилмади. Натижада Навоий қабри очиқ мозорга айланди.

Афғонистонлик ўзбеклар Афғонистон давлатидан Навоий мақбараси устида у зоти олийнинг шон-шарафига лойиқ муҳташам бино қуришини сўрайдилар. Афғонистонлик ўзбек ëшларидан бири гапиради.

- Бир неча йил олдин Ўзбекистон давлати томонидан шу мақбарани тузатишга ҳаракат бўлди. Аммо буни тузатишга Афғонистон Ахборот ва маданият вазирлиги монелик қилди. Агар бу шундай кетаверса¸ у бундан ҳам баттар харобага айланади. Бизнинг умидимиз ва истагимиз шу мақбарани тузатишга жиддий бел боғлаб¸ тузатсалар¸ дейди афғонистонлик ўзбек ëшларидан бири.

Форëб вилоятининг Афғонистон парламенти қуйи палатасидаги вакили Сардор Муҳаммадраҳмон ўғли Навоий мақбарасининг очиқ мозорга айланишида Афғонистон давлатини айбдор деб ҳисоблайди. Унга кўра давлат Навоий мақбараси ҳамда Ҳиротдаги темурийлар маданиятига бефарқ қарамоқда.

- Афғонистон ҳукумати Ҳазрат Алишер Навоийнинг мақбарасини янгилаш ва Навоийнинг шаънига бир мақбара тиклаш учун эскидан мавжуд бўлган мақбарани ҳам бузди. Аммо на Афғонистон томони¸ на Ўзбекистон томони бу мақбара учун жиддий эътибор қаратишмади. Ҳолбуки¸ Афғонистон давлатига¸ хусусан Афғонистон Ахборот ва маданият вазирлигига мурожаатлар бўлиб¸ Алишер Навоий ва Шоҳруҳ мирзоларнинг мақбараларини янгидан тиклаш ҳақида айтилганида¸ улар бу ишларни Ўзбекистон томони бажаради¸ деган умидда эканликларини айтдилар. Ҳозирга қадар ҳеч қандай ижобий қадам отилган эмас¸ дейди Форëб вилоятининг Афғонистон парламенти қуйи палатасидаги вакили Сардор Муҳаммадраҳмон ўғли.

Афғонистоннинг Ахборот ва маданият вазирлиги қошидаги тарихий биноларни асраш идораси бошлиғи жаноб Абоосийга кўра¸ давлат жорий йилда Навоий мақбараси устида бундан чамаси ярим аср олдин қурилган гумбазли бинога ўхшатиб¸ бошқа бир бино қуради.

Аббосийнинг маълум қилишича¸ Афғонистон Ахборот ва маданият вазирлиги Навоий қабрини қайта тиклаш учун 30 минг доллардан ошиқроқ маблағ ажратган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG