Линклар

Каримов ҳам Жанубий Кореяга ишга кетди: уч кунга

  • Сарвар Усмон

Сеул Ислом Каримов хушнудлик билан борадиган хориж марказларидан биридир.

Сеул Ислом Каримов хушнудлик билан борадиган хориж марказларидан биридир.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан бери Тошкентнинг ҳам ички¸ ҳам ташқи сиëсатида мунтазам қолаëтган бир йўналиш бўлса¸ аксар кузатувчилар фикрича¸ бу Каримов ҳукуматининг корейслар ва корейс давлати билан муносабатларидир. Бу мунтазамлик сабаби эса¸ ҳар хил талқин қилинади.

Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримов Ли Мён Бакнинг таклифига биноан 10 – 12 феврал кунлари давлат ташрифи билан Корея Республикасида бўлади.

Бу ҳақда хабар қилган ЎзА ахборот агентлигига кўра, ташриф чоғида Ўзбекистон – Корея ҳамкорлигини кенгайтириш ва ривожлантириш масалалари, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга оид долзарб муаммолар муҳокама қилинади.

10 феврал куни бошланадиган сафари Ислом Каримовнинг сўнгги 4 йил ичида Жанубий Кореяга қилаётган учинчи сафаридир.

2006 нинг 28 – 30 март кунлари амалга оширган давлат ташрифи арафасида Ўзбекистон президенти мана бундай деган эди.

“Жанубий Корея билан стратегик шартнома нима шерикликни имзолаш¸ ҳужжатини имзолаш¸ баëнотини имзолаш бу халқаро майдонда ҳам катта воқеа десак ва Ўзбекистон ва Корея алоқаларини тарихий бир айтайлик босқичи десак бу ҳам хато бўлмайди”.

Демак, Ўзбекистон ўшандан бери Жанубий Кореянинг стратегик ҳамкори.

Бу ҳамкорлик, аслида, 90-йиллар бошида, корейс автомобилсозлари билан Асакадаги автомобил заводини қуришдан бошланган эди.

Йиллар ўтиб корейс капитали учун Ўзбекистон эшиклари катта очилди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига таяниб, Регнумнинг хабар қилишича, Жанубий Корея Ўзбекистон иқтисодиётига 2 миллиард доллардан зиёд сармоя ётқизган.

Йиллар ўтиб Ўзбекистоннинг информация майдонига ҳам корейслар кириб келди – уларнинг сериаллари қаҳрамонлари исмларини баъзи ўзбеклар фарзандларига қўя бошлади.

Хўш, ҳам тўғри маънода, ҳам кўчма маънода Ернинг четида жойлашган бу жуда узоқ юрт билан Ўзбекистон алоқаларининг бу қадар тиғизлиги боиси нимада?

Тошкентлик таҳлилчи Фарҳод Толипов мана бундай фикр билдирди.

- Жанубий Кореянинг салмоқли¸ ўрганса арзийдиган¸ биз учун қизиқ бир модел сифатида бошидан кўриб келганмиз. Яъни ривожланиш модели демоқчиман. Шу нуқтаи-назардан биз Корея билан шу орқали мана шундай яқинлик манфаатларини уйғун қилиб сезган ҳолда муносабатларни ўрнатдик деб ўйлайман¸ дейди Фарҳод Толипов.

Москвалик таҳлилчи Санобар Шерматованинг фикрича¸ Ўзбекистон раҳбарияти учун Жанубий Кореянинг ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий модели жозибалидир.

- Биринчидан, Жанубий Корея сиёсий модели фавқулодда ёпиқдир. У инсон ҳуқуқларини устивор деб биладиган Ғарбий Европа сиёсий моделидан фарқ қилади. Яъни бу ўзига хос типдаги демократиядир¸ дейди Санобар Шерматова.

Шу ўринда Корея Ташқи ишлар вазирлигининг ўз исмини айтишни истамаган мулозимининг бундан 4 йил аввалги мана бу характерли баёнотини эшитинг.

- Биз учун иқтисодиёт, айниқса, табиий заҳиралар устивор йўналишдир. Биз диққатимизни сиёсий алоқаларга эмас, иқтисодий алоқаларга қаратяпмиз, деган эди кореялик мулозим.

Санобар Шерматовага қайтамиз. Унинг айтишича, Тошкент учун Сеулнинг иқтисодий модели ҳам жозибалидир.

- Жанубий Корея иқтисодий моделида давлат омили, давлатнинг иқтисодиётга аралашуви кучлидир. Бу мамлакатда аввал бошданоқ (Яхлит Корея давлати Шимолий ва Жанубий Кореяларга ажралиб кетганидан сўнг) давлат муайян оилаларга йирик концернлар қуришига ёрдам берган эди. Ва бу модел Жанубий Корея учун жуда самарали бўлди¸ дейди Санобар Шерматова.

Маълумки, Жанубий Корея "Осиё йўлбарслари", деб таърифланадиган бақувват давлатлардан бири.

- Жанубий Корея босиб ўтган йўл Марказий Осиë мамлакатлари, шу жумладан Ўзбекистонга қандайдир 20 – 30 йил ичида беқиёс муваффақиятларга эришиш мумкинлигини кўрсатиб қўйди, дейди Санобар Шерматова.

30 йил бўлмасаям 20 йилни Ўзбекистон мустақил кечириб бўлди. Бас, Ўзбекистон Жанубий Кореянинг ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий моделини тўғри, деб билар экан, унда нима учун Ўзбекистон йўлбарсга айланай демаяпти?

Санобар Шерматованинг фикрича,

- Корея моделини Ўзбекистон заминига кўчириб бўлмайди. Қолаверса, Тошкент ўз олдига бундай вазифа қўяётгани ҳам йўқ. Тошкент Сеул билан алоқаларидан фойда кўриб қолмоқчи, холос. Хусусан, Навоийдаги эркин иқтисодий ҳудуд ҳам ана шундан далолат. Лекин бу лойиҳадан нима самара чиқади, унинг навоийликларга нима фойдаси тегади, ҳозирча даргумон.Корейслар ўзларининг энг янги тарихида ўзларини "шогирд миллат" деб билдилар ва муттасил ўргандилар, дейди Санобар Шерматова.

Бугунга келиб ўзбеклар улардан ўрганиши мумкин. Лекин ўрганяптими?

Шу ўринда Жанубий Кореяда ишлаётган минглаб ўзбекистонликлардан бири Абдуллажоннинг мана бу гапини эшиттириш ўринли, деб ўйладик.

- Бу ерга келганларнинг мақсади шунақа бўлганки¸ бошида стажировкага келган. Стажировка қилиб¸ Кореяда ўрганган нарсаларни Ўзбекистонга бориб тадбиқ қилиш керак бўлган. Бу халқ хўжалигида¸ машинасозликда ва бошқа соҳаларда. Бу нарсалар ҳаммаси қолиб кетди. Бизнинг ўзбек халқимиз бу ерда энди мардикорликка ўрганиб қолди. Анави нарсалар орқада қолиб кетди. Ўзбекчалаб айтганда “эсар”лар бўлади. Бир нарсани бошлаб қўядида¸ нимани бошлаган¸ охири нима бўлади ўзи ҳам билмайди. Эсарда эсар. Тўғрисини айтаяпманми ëки йўқми? Раҳбарларнинг ичида ҳам шунақалар кўпми дейманда. Нимага бошладим бу ишни мен¸ нимага қилиб қўйдим деган фикр йўқ. Тушунаяпсизми? Ўзбекистонда қанча завод ва фабрикалар тўхтаб турибди¸ дейди Сеул шаҳри яқинидаги шаҳарчалардан бирида ишлаётган ўзбекистонлик Абдуллажон.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG