Линклар

Навоий ëтар бунда тарки хоб айлаб...

  • Абдулла Искандар

Алишер Навоий хоки Шоҳруҳ мирзо¸ Гавҳаршодбегим ва уларнинг айрим фарзандлари жасади қўйилган темурийлар боғига қўйилган.

Алишер Навоий хоки Шоҳруҳ мирзо¸ Гавҳаршодбегим ва уларнинг айрим фарзандлари жасади қўйилган темурийлар боғига қўйилган.

2010 йилнинг 9 февралида Алишер Навоий таваллудига 569 йил тўлди. Бугунги Ўзбекистонда ўзбек адабиëтининг улуғ асосчиси деб кўкларга кўтарилаëтган Навоий 500 йил кечроқ туғилганида эди¸ халқ ғами билан яшагани учун у 159-модда билан айбланиб¸ Жаслиқда ëтган бўлур эди¸ дейди шоир ижоди билағонлари...

Алишер Навоий таваллуд топганига 569 йил тўлди.

Беш асрким назмий саройни¸
Титратади занжирбанд бир шеър¸
Темур тиғи етмаган жойни¸
Қалам билан олди Алишер.


Алишер Навоий ҳақида гапирилар экан¸ унинг ҳозирги замонавий Ўзбекистон ҳудудида яшамагани¸ қабри эса Ўзбекистондан мингларча километр узоқда эканига катта эътибор қаратилмайди.

Алишер Навоийни ўқир эканмиз у ë Самарқанд¸ ë Фарғона¸ ë Хоразм томонларда туриб ëзгандай туюлади.

Ҳатто хоразмлик шоир Матназар Абдулҳаким "Бир бориб келсакмикан ҳазрат ëнига" деб ëзади.

Не керак заминни титратмас сурур¸
Кўкни қалдиратмас оҳни нетамиз¸
Кўп ҳам давроннишин бўлавермай юр¸
Ҳазрат Навоийга кетамиз.

Ўтмишни унутиб қўйсак тушов шу
Келажакка елган хаëл Ғиротга
Бир бориб келамиз қадим Ҳиротга.

Аммо 80-йиллар ўзбек шоирлари учун Ҳирот ëпиқлигича қолди.

Уруш замбараклари янграган пайтда илҳом парилари сукутда бўлади. Аммо 1959 йилда ўзбек шоири Ғафур Ғулом Алишер Навоий қабрини зиëрат қилиб мана бу мисраларни ëзган эди.

Дилим равшанлигин ҳиссим йўлида офтоб айлаб¸
Мозоринг бошида турмоқдадурмен сарҳисоб айлаб¸
Ватандошлар саломин неча юз жилдлик китоб айлаб¸
Навоий деб Мусаллога келибман интиҳоб айлаб¸
Навоий ëтар бунда тарки хоб айлаб.

Навоий ҳақида ëзиш учун чоғланар эканмиз¸ Озодликнинг афғон хизматидаги шеърият билимдонларидан бири келиб Ҳиротда Навоий каби шоирлар хоки¸ синиқ кўзадан тўкилган дуру жавоҳир каби кўп эканини айтиб қолди.

Бу дуру жавоҳирлар ичидаги Навоий деб номланган олмоснинг биз 2010 йилда яшаëтган ўзбеклар учун қиймати нима? Бу саволга ўзбекистонлик навоийшунос олим Сайфиддин Рафиддинов жавоб берди.

- Навоийни шунчалик улуғлашнинг аҳамияти¸ аввало Навоий ҳазратларининг ўзи “Турк тилида мен бутун дунëни забт қилдим. Турк улуси қанча бўлса¸ барчаси менингдир. Яъни Ғарб билан Шарқни менинг овозам тўлдирди” деб айтган ва бу қайсидир маънода ҳақ. Жуда хўб ва кўп ëзган. Буни биласиз. Бобур ҳам “Назири йўқ эди. Туркийда хўб ва кўп ëзибди” деган. Бобурдай шахснинг ҳам бундай эътироф этиши ҳам катта гап. Модомики¸ турклар учун¸ ўзбеклар учун адабиëтининг бошида турган экан¸ у эъзозланишга лойиқ. Демак¸ бу адабиëтнинг боши. Қўмондон бўлгандан кейин қўмондон ҳамиша эъзозда бўлади.

Иккинчи томондан ўша даврда турк тилининг ривожи учун анча тер тўкди. Турк тили жуда ҳам ғариб тил эмас¸ деб мана “Муҳокаматул луғатайн” асарини ëзди. Форс тили билан турк тилини қиëслади ва турк тилининг ўзига хос жиҳатларини илмий исботлаб берди. Ўша пайтда Ҳусайн Бойқарони турк тилида фармонлар ëзишга ундаган. Кейин ўзи турк тилида Хамса ëзиш мумкинлигини ва кўп нарса ëзиш мумкинлигини амалда исботлаб берди¸ дейди Сайфиддин Рафиддинов.

Навоий Гулининг эмас¸ Оллоҳнинг ошиғи

Рафиддиновга кўра¸ совет ëзувчилари Иззат Султон ва Уйғун Навоийни тарғибот қиламиз деб жўн бир драма ëзишган. Бу драмани кўрган Усмон Юсупов "Навоий коммунист бўлган экану. Унга битта партбилет етишмаяпти" деб аския қилган.

- Бу жўнлаштириш. Навоий ва Гули деган гаплар жўнлаштириш ва Навоийга туҳмат бу. Навоийнинг ҳаëтида йўқ нарсани бунақа кўрсатишда бу. “Навоий уйланмаган. У уйланмаган бўлса¸ қанақа муҳаббатни куйлади? Оллоҳнинг муҳаббатини куйлади” деган шубҳага булар шу йўл билан эътироз билдирмоқчи бўлишди. Ойни этак билан ëпиб бўлмайди. Навоий ҳақиқатан ҳам уйланмаган. Навоий ҳақиқатан ҳам Оллоҳнинг ошиқларидан бўлган. Бобур “Алишер Навоийнинг ҳар ҳафтада зикр суҳбатлари бўлар эди” деб ëзади. Гули образи бу Навоийга туҳмат. Тарихда йўқ нарсада бу. Бу бир шоирга туҳмат бўлиб қолмайдими? Ëлғончилик ëмон нарсаку ахир. Шоир “Севдим бир ëрни” деган бўлса¸ айнан бу ҳолатда эмас¸ бошқа ҳолатда айтган¸ дейди Сайфиддин Рафиддинов.

Лекин зид келса ҳам дунëқарашлар¸
Бизни дорга тортмас Ҳусайн Бойқаро.


Ўзбекистонда Навоийнинг турли тарафлари айтилмоқда¸ аммо бир жиҳати ҳақида сукунат бор.

"Навоий катта сиëсатчи эди. У зулм ва адолатсизликка мухолифатда эди" деган фикр сассиз қолмоқда.

Қирғизистонлик олим Саидакбар Махсимхоновга кўра¸ Алишер Навоий сиëсий фаоллик¸ адолатпарварликнинг ўрнаги бўлган.

- Сиëсатга аралашганлиги бу факт. Ўша даврнинг тарихий китобларида ҳам¸ Хондамирнинг китобларида ҳам бу ҳақда яхши маълумот берилган. Мен кўпроқ Навоийни Ҳусайн Бойқаронинг ўғилларига¸ Бадиуззамон Мирзо билан Музаффар Мирзоларга бўлган муносабати¸ айниқса Бадиуззамонга бўлган катта ҳурмати¸ шоҳ билан ўғиллар¸ ака-укалар ўртасидаги муносабатларни яхши йўлга қўйишга катта ҳаракатлари бўлган. Ҳатто оғир касал бўлиб умрининг охирги кунларини яшаëтган пайтда ҳам Ҳусайн Бойқаро билан Бадиуззамонни яраштириш учун Бадиуззамоннинг ëнига боради¸ дейди Саидакбар Махсимхонов.

Ҳозир Ўзбекистондан кетиб Канадада яшаëтган шоир Холдор Вулқонга кўра¸ Навоий яшаган ўрта аср султони ҳозирги президентдан кўра толерант бўлган.

- Султон Бойқаро замонида Алишер Навоийнинг ижоди гуллаб яшнаган бир пайт эди. Ҳусайн Бойқаронинг олиб бораëтган сиëсатидаги¸ давлат бошқаруви сиëсатидаги камчиликларни¸ халқнинг азоб чекаëтганини¸ ўз фикрларини билдирган. “Халққа бунчалик зулм қилмаслик керак” деган. Шундан кейин уни Астрободга сургун қилиб сиëсатдан четлатган. Уни бугунги кундагидай қувғин қилиб хор қилмаган. Ҳусайн Бойқаро уни сургун қилган бўлса ҳам ҳурматини жойига қўйган. Ажойибда энди. Ҳазрат Навоий ўзининг ëнидан давлат солиғини тўлай олмай қолган бечора одамларнинг солиқларини тўлаб қўйиб¸ мана шунақа яхшиликлар қилган. Албатта¸ ҳазрат Навоий сиëсатга аралашган. Бу унинг фуқаролик позициясини кўрсатади. Шоир одамнинг сиëсий позицияси бўлиши керак. Халққа зулм қилинаëтган бўлса¸ бу ҳақда ҳукмдорга¸ президентга айтишга бурчли деб биламан. Ҳақ гапни айтиш ҳамманинг бурчи¸ дейди Холдор Вулқон.

"Навоий гул ва булбул ҳақида гўзал мисралар битган шоир эмас. У сиëсатчи ва давлат арбоби бўлган. "Ҳар ергаки бир фармон йибардим¸Онинг заптиға бир девон йибардим" деб ëзган бу туркий тилни фармон ëрдамида ривожлантириш" дейди Сайфиддин Рафиддинов.

- Навоий катта бир мутафаккир¸ катта бир шоир. Ўрни келганда вазир¸ ўрни келганда Астрободда ҳоким бўлди. Бу энди бутун бошли бир жамият¸ бутун бошли бир халқ устида турган киши қандай қилиб сиëсатда йироқ туриши мумкин? Ўзбек туркий тил ҳақида анча баҳс қилдим дейди. Ҳар қандай йирик шахс¸ Европада ҳам¸ Америкада ҳам ҳар қандай йирик шоир¸ ëзувчи¸ истар-истамас ўз давридаги жамиятнинг яхши-ëмон томонларини¸ иллатларини фош қилган¸ аралашган. Шундай экан¸ бундай улкан шахснинг сиëсатдан йироқ ўтириши мантиққа тўғри келмайди. Бу ҳатто баҳс қиладиган ҳам нарса эмас. Мен кеча бир биродаримизга¸ “Ситтаи зарурияни” форсчадан таржима қилганманда¸ “Мана шуни олиб ўқинг. Зўр” деган эдим зўр бир гапни гапирди. “Тақсир¸ Навоийга нисбатан зўр деган гапнинг ўзи ортиқча” деди¸ дейди Сайфиддин Рафиддинов.

Бугун 2010 йилдаги ўзбеклар учун Навоийнинг қайси мисраси муҳим?

Сайфиддин Рафиддинов:

Одамий эрсанг демагил одами¸
Ониким йўқ халқ ғамидин ғами.


Бу бугун эмас¸ ҳамма вақт ҳам муҳим жиҳатлардан бири. Менимча¸ жамиятни ўйлаш¸ жамиятнинг ғами билан бўлишдан ортиқ муҳим нарса йўқ.

Саидакбар Махсимхонов:

Навоийнинг бир байти менга жуда ҳам ëқади.

Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай¸
Онча бўлғай Каъба вайрон бўлса обод айлагай.


Бу ҳозирги пайтда жуда ҳам муҳим байт ҳисобланади. Одамларга жуда катта бир ўгит бўлса керак. Бошига ташвиш тушган¸ ғам чекаëтган кишига ҳамдард бўлиш¸ унинг кўнглини кўтариш¸ ташвишини енгиллаштириш каби ҳаракат вайрон бўлган Каъбани обод қилишдай савобга тенглаштириш мумкин деган байт. Шундай ғоя бор.

Эшитиришимиз бошида Навоийнинг Ҳиротдаги вайрона мақбараси ҳақида айтган эдик. Шоир Холдор Вулқон назарида Навоийнинг назмий саройи унинг мақбараси каби вайрон бўлмайди.

- Ҳазрат Навоийнинг мақбараларини портлатиб ëки унга билдирилган ҳурматсизликлар Навоийга битта соя ҳам сололмайди. Чунки Навоий ҳазратларининг мақбараси бизнинг қалбимизда. Навоий ўзбек халқининг юрагида яшайди. Мақбаралар булар ҳаммаси кераксиз нарсалар. Инсоннинг хотирасидаги мақбаралар абадий¸ дейди Холдор Вулқон.

Не керак заминни титратмас сурур,
Кўкни қалтиратмас оҳни нетамиз.
Кўп ҳам давроннишин бўлавермай, юр,
Ҳазрат Навоийга кетамиз.

Ўтмишни унутиб қўйсак, тушов шу
Келажакка елган хаёл - Ғиротга.
Ҳеч маҳобат қилмай, кўтармай шов-шув,
Бир бориб келамиз қадим Ҳиротга.

Теран бир андуҳга қиламиз сафар,
Жўнаймиз, дўстгинам, юксак бир бахтга.
Ўн миллион, юз миллион ва миллиард нафар
Ҳаммамиз сиғамиз шеърият - тахтга.

Ҳали жабру ситам кўҳнайгани йўқ.
Бир қиз бор, азоби ўлимдан ёмон.
Кетдик, Чор девонда хар бир киприк - ўқ,
Кетдик, Чор девонда хар бир қош - камон.

Аста қилич серпаб қиё қарашлар,
Юракка солади ҳеч битмас яро.
Лекин зид келса хам дунёқарашлар,
Бизни дорга тортмас Ҳусайн Бойқаро.

Ҳикматга йўғрилган унда ҳар бисот,
Қароққа жойлаймиз бари-барини.
Бир бориб келамиз. Тушимда ул зот
Қаттиқ соғинибди набираларини...
(Матназар Абдулҳаким)

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG