Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:39

Умида Аҳмедовани чет эллик мустақил эксперт ҳимоя қилмоқда


Борис Чухович Умида Аҳмедова асарлари бўйича экспертиза хулосасини тайёрлаган мутахассисларнинг чуқур билимли экспертлар эканига шубҳа қилишини айтади.
Борис Чухович Умида Аҳмедова асарлари бўйича экспертиза хулосасини тайёрлаган мутахассисларнинг чуқур билимли экспертлар эканига шубҳа қилишини айтади.

Ўзбекистонлик фотосуратчи ва кинотасвирчи Умида Аҳмедова асарлари бўйича ўтказилган экспертиза хулосасини таҳлил қилиб чиққан канадалик таниқли санъатшунос Борис Чухович уни мутлақо асоссиз хулоса, деб атади.

Таниқли фотосуратчи ва кинотасвирчи Умида Аҳмедова устидан кечаётган маҳкамада бугун ҳукм ўқиб эшиттирилиши кутилаяпти.

Аҳмедова ўз бадиий суратлари ва ҳужжатли филми орқали ўзбек халқига туҳмат ва ҳақорат қилганликда айбланмоқда.

Айни пайтда суд Умида Аҳмедованинг жараёнга чет эллик мустақил экспертни жалб этиш тўғрисидаги талабномасини қондирган.

Умида Аҳмедованинг таклифига мувофиқ, бундай эксперт сифатида канадалик таниқли санъатшунос Борис Чухович чиқадиган бўлди.

Аҳмедова асарлари бўйича ўтказилган бу экспертизани таҳлил қилиб чиққан Чухович уни мутлақо асоссиз хулоса, деб атади.

- Бу экспертизани таҳлил эканман, уни тайёрлаганлар ҳеч ким танимайдиган, ҳеч қанақа илмий унвонга эга бўлмаган ва бадиий танқид борасида мутлақо тажрибасиз мутахассислар тарафидан тайёрланганига амин бўлдим. Улар ўзларини дин, маънавият бўйича экспертлар сифатида танитишган. Мен уларнинг бу соҳаларда ҳам билимдон эканликларига шубҳам бор. Имло хатоларига тўлиб тошган ва ўта саводсизларча тайёрланган бу экспертизани ёзганлар ҳеч қанақа мутахассислар эмас, афтидан. Очиғини айтсам, улар бу савияси билан 70-80 йилларда ўрта мактаб аттестатини ҳам олишолмаган бўлар эди, дейди канадалик таниқли санъатшунос Борис Чухович.

Жиноий иш доирасида Умида Аҳмедова яратган асарлар дин, маънавият ва руҳшунослик соҳасидаги мутахассислар тарафидан ўрганилиб, филмларда "миллий зеҳният ва анъаналар ҳақоратланган" деган хулосага келинган эди.

Эксперт хулосасида "фотосуратлар 90 фоизининг олис қишлоқларда олингани ва муаллифнинг мақсади қишлоқ ҳаётининг ёмон томонини кўрсатиш" бўлгани айтилади.

"Ўзбекистонда ҳеч қачон бўлмаган чет эллик бу суратларни кўриб, бу мамлакат ўрта асрлар мамлакати деган хулосага келиши мумкин", дейилади эксперт хулосасида.

- Улар Умида Аҳмедова асарлари миллий маънавиятга мос келмайди, деб хулоса қилишган. Ўзбекистон Конституциясида эса ҳеч қанақа давлат миллий идеологияси бўлмаслиги ҳақида қайд этилган. Улар рассомни нохолисликда айблашади. Санъат бу фан эмас ва у фақат субъектив бўлишини улар хаёлларига ҳам келтиришмайди ёки билишмайди. Рассомга ўз фикрини ифода этиш ҳуқуқни берувчи Ўзбекистон имзолаган халқаро конвенцияларга улар гўё тупуриб қўйганлар. шуларни эътиборга олган ҳолда экспертизани ясама ҳужжат, деб аташ мумкин, дейди канадалик таниқли санъатшунос Борис Чухович.

XS
SM
MD
LG