Линклар

Президентнинг куёвини судга беришмоқчи


Нурсултон Назарбоевнинг куёви Тимур Қулибоев Қозоғистон оммавий ахборот воситаларида ўзига нисбатан билдирилаётган айбловларни туҳмат деб ҳисоблайди.

Нурсултон Назарбоевнинг куёви Тимур Қулибоев Қозоғистон оммавий ахборот воситаларида ўзига нисбатан билдирилаётган айбловларни туҳмат деб ҳисоблайди.

Қозоғистондаги бир неча мустақил газета президент Нурсултон Назарбоевнинг куёви Тимур Қулибоевдан моддий зарар кўрганлари боис унинг устидан судга шикоят қилишни режалаштирмоқда.

9 феврал куни Олмаота шаҳри Медеу туман суди бундан аввал президент Нурсултон Назарбоев куёви Тимур Қулибоевнинг оммавий ахборот воситалари устидан даъво аризаси бўйича чиқарган ҳукмини бекор қилди.

- 2010 йилнинг 1 феврал куни суд томонидан қабул қилинган Тимур Қулибоев даъво аризасини қондириш бўйича кўрилган чоралар бекор қилинсин, дея эълон қилди Медеу туман судяси Дана Махметова сешанба куни.

Эслатиб ўтсак, январ ойи охирида айни пайтда қочқинликда бўлган қозоғистонлик йирик корчалон Мухтор Аблязов президент Назарбоев куёвини коррупция ва порахўрликда айблаганди.

Ўшанда Мухтор Аблязов президент Назарбоевнинг куёви қозоқ халқи пулини ўғирлагани ҳақида Қозоғистон Бош прокуратураси, Давлат хавфсизлик қўмитаси ва молия полициясига маълум қилиб, уни жавобгарликка тортишни сўраган эди. Бу хабар мамлакатдаги бир қанча мустақил ва мухолифатдаги нашрларда ҳам пайдо бўлганди.

Шундан сўнг Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг куёви Тимур Қулибоев мамлакатдаги бир қанча оммавий ахборот воситалари устидан шикоят қилиб, Олмаота шаҳри Медеу туман судига даъво аризаси билан мурожаат қилганди.

1 феврал куни Медеу туман суди мамлакатдаги барча оммавий ахборот воситалари ва ҳар бир қозоқ фуқаросига президент куёви Тимур Қулибоев шаъни ва обрўсини ҳақоратлайдиган маълумотни ёйинлашни мутлақо маън этиб қўйганди. Акс ҳолда, суд оммавий ахборот воситалари фаолиятига чек қўйилиб, унинг бор мол-мулки мусодара этилиши ҳақида қарор ҳам қабул қилган.

Суднинг ушбу қароридан сўнг мамлакатдаги бир қанча мустақил ва мухолифатдаги нашрларнинг президент куёвини танқид қилувчи мақолалар чоп этилмиш сонлари мамлакат махфий хизматлари томонидан мусодара қилинганди.

9 феврал куни президент Нурсултон Назарбоев куёви Тимур Қулибоев Озодлик радиоси қозоқ хизматига берган интервюсида ҳозирда унга нисбатан билдирилаётган айбловлар туҳмат эканини айтиб ўтди.

- Мен суд мурожаат қилдим. Аблязов менга қарши эълон қилган ҳужжатларни туҳмат, дея ҳисоблайман, деди Қозоғистон президент куёви.

Гарчи қозоқ суди президент куёвининг бир қанча оммавий ахборот воситаларига нисбатан даъво аризаси қондирилишини бекор қилган бўлса-да, эндиликда президент куёви аризаси туфайли моддий зарар кўрган бир қанча мустақил ва мухолифатдаги газета раҳбарлари президент Назарбоев куёви устидан судга арз қилиб, ундан етказилган моддий зарарини қоплашни талаб қилишни режалаштирмоқда.

- Биз бугун суднинг президент куёви даъво аризасини бекор қилгани асосида жаноб Қулибоевга қарши даъво аризасини тайёрлаймиз. Сабаби Остонада президент куёви ҳақида чоп этилган газеталар мусодара қилинди, яъни газеталарнинг ўша сонлари ўз-ўзидан йўқ бўлиб қолди, деди мустақил “Взгляд” газетасининг бош муҳаррири Игор Винявский.

Нурсултон Назарбоевнинг куёви Тимур Қулибоев ўзи ҳақида танқидий материаллар чоп этмиш қатор маҳаллий оммавий ахборот воситаларини судга берган бир пайтда жорий йилда Қозоғистон раислик қилаётган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг оммавий ахборот воситалари бўйича вакили Миклош Харасти 8 феврал куни қозоқ ҳукуматининг оммавий ахборот воситаларига нисбатан ўрнатаётган цензурасини хатарли дея баҳолаб, оммавий ахборот воситаларига нисбатан ўтказилаётган босимни бекор қилишга чақирган эди.
XS
SM
MD
LG