Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:34

Ўзбек-тожик чегарасида яна бир можаро


Ўзбек-тожик чегараси ҳамон турли можароларга бой ҳудуд бўлиб қолмоқда.
Ўзбек-тожик чегараси ҳамон турли можароларга бой ҳудуд бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон чегарачилари томондан қўлга олинган тожикистонлик чегарачи ўз раҳбарлари талабига биноан чегарани бузиб ўтиб, ўзбекистонликлар молини ўғирламоқчи бўлганликда айбланаяпти. Тожик расмийлари буни рад қилмоқдалар.

Россия ахборот агентликларининг хабар қилишича, 6 феврал куни тожик- ўзбек чегарасида можаро юзага келган. Хабарда Тожикистон чегарачиси Ўзбекистоннинг Жиззах вилоятидаги Янгиобод туманига қарашли Хавотоғ санаторийси ёнида қўлга олингани айтилади. Тожик чегарачисининг гапига кўра, уни қисм командирлари қўшни республика ҳудудига ўтиб, озиқ-овқат топиб келишни, Ўзбекистон фуқароларига тегишли молни ўғирлашни буюрганлар. Чунки у хизмат қилаётган ҳарбий қисм анчадан буён озиқ-овқат билан таъминламаган экан. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, 25 нафар тожик ҳарбийлардан иборат қуролланган гуруҳ Ўзбекистон ҳудудига ўтиб, чегарачиларга қурол билан таҳдид қилган ҳолда сафдошларини озод этишларини талаб қиладилар.

Тожик чегарачиларининг бундай ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари билан мавжуд халқаро қоидалар ва икки республика ўртасида имзоланган давлат чегаралари яхлитлигига оид шартномаларни қўпол равишда бузишган.

Тожик чегарачиларининг ҳаракати қуролли ҳужум сифатида қабул қилиш мумкин. Бироқ Ўзбекистон чегарачилари тожикистонлик чегарачиларнинг провакацион ҳаракатларига қарши жавоб бермай, қурол ишлатилишига йўл қўйишмади ва бу билан инсон ҳалокатига олиб келадиган қуролли тўқнашув олдини олишди”,деб ёзади Регнум ахборот агентлиги.

8 феврал куни кечга яқин Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси бу борада маълумот тарқатди. Маълумотда айтилишича, Ўзбекистон томони иддаолари ҳақиқатдан йироқ.

“Тожикистон чегарачиси мол боқиб юрган пайтда молларнинг бири Ўзбекистон томонига ўтиб кетган. Чегарачи молни қайтариш мақсадида чегарадан қўшни давлат томонга 25-30 метр ўтган. Бундан фойдаланган ўзбек чегарачилари ҳеч қандай огоҳлантиришсиз тожик фуқаросини қўлга олганлар. Ҳолбуки, қоида бўйича чегарачилар огоҳлантиришлари лозим эди. Чегара қисми раҳбарларининг, тожик фуқаросини озод этиш ҳақидаги сўровлари ҳозирча жавобсиз қолмоқда. Халқаро қонун-қоидаларга мувофиқ, ҳарбий хизматчи қўшни давлатда уч кундан ортиқ ушлаб турилмаслиги лозим ва бугун бу муаммо ҳал бўлиб, оддий аскар Тожикистонга қайтарилади, деган умиддамиз”, дейилади Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси маълумотида.

Маълум бўлишича, вилоятга республика ички ишлар вазири, генерал-полковник Абдурайим Қаҳҳоров ва Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси шошилинч равишда Хўжанд ша?рига келишган. Ҳозирча тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Сўғд вилоят куч ишлатар тизимлари шай ҳолатга келтирилган.

Кузатувчиларнинг айтишларича, сўнгги пайтларда ўзбек-тожик чегарасида бу каби можаролар одат тусига кирмоқда. Сўғд вилоят ҳарбий гарнизони зобити Муслим Худойбердиевнинг айтишича, Ўзбекистон билан чегарадош минтақаларда жойлашган Тожикистон Давлат чегараларини қўриқлаш Сўғд вилоят ҳудудий бўлими аскарларининг бундай ноқонуний ҳаракатлари биринчи марта кузатилаётгани йўқ.

Жумладан, 2805-рақамли ҳарбий қисмда хизмат қилаётган 23 ёшдаги Қурбон Ҳалилов ва 20 ёшдаги Зубайдулло Алиев Тожикистон Жиноий Кодексининг 375-моддаси (“Олдиндан келишиб олинган тарзда ҳарбий қисмни ижозатсиз тарк этиш”), 335-моддаси (“Давлат чегарасини ноқонуний ўтиш”) ва 311- моддасида (“Давлат сирини фош қилиш”) айбланиб, маҳкамага тортилган.

- Оддий аскарлар Ўзбекистон махсус хизматларида Мастчох туманидаги ҳарбий қисм қаерда жойлашганлиги, у ерда қанча аскар борлиги, зобитлар сони ҳақида маълумот беришган, дейди Муслим Худойбердиев.

Ҳарбий қисмдагиларнинг сўзларига кўра, оддий аскарлар ҳар ойда бир марта Ўзбекистоннинг Пскент туманига ўтиб, 15 -20 кун давомида мардикорлик қилишган.

Таҳлилчи Гулчеҳра Назарованинг айтишича, бундай аҳволни Тожикистондаги деярли барча ҳарбий қисмларда учратиш мумкин.

- Нима учун бугунги кунда аскарлар ҳарбий қисмни ижозатсиз тарк этишади? Нима учун улар мардикорлик қилишга мажбур бўлишмоқда? Бунинг жавоби оддий. Бу республика қуролли кучларидаги бошбошдоқликдан дарак беради. Даҳшатлиси эса оддий солдатларни мана шундай жиноятларга командирларининг ўзлари мажбур қилмокда, дейди Гулчеҳра Назарова.

Сўнгги пайтларда икки давлат чегарада вазият тобора таранглашиб бораётганини кузатувчилар расмий Тошкент билан Душанбе ўртасидаги муносабатларнинг совуқлашиб ва таранглашиб бораётганининг натижаси ўлароқ баҳоламоқдалар.

- Дарҳақиқат, тожик-ўзбек чегарасида юзага келаётган можаролар ҳаммани ташвишга қўймоқда. Ахир бу икки республика аҳолиси бир-бирига қоришиб кетган, қариндош-уруғ. Чегарада турганлар оддий халққа автомат ўқталганини кўриб, одам ваҳимага тушади. Президентлар учрашади, вазирлар мулоқот қилади, кўплаб битимлар тузишади-ю, натижаси йўқ. Энди бир нарсага ҳайронман, биз ҳаммамиз Имоми Аъзам мазҳабида бўлганимиздан кейин бу чегараларни нима кераги бор, дейди сўғдлик кузатувчи Алижон Йўлдошев.

Унинг фикрича, тутаб турган чўғ алангага айланмасидан аввал икки давлат раҳбари ва ҳукуматлари музокара столи атрофига ўтириб, йиғилиб қолган барча муаммоларни яхши қўшничилик руҳида ҳал этишлари лозим.
XS
SM
MD
LG