Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:40

"Хайрулланинг чиқиб кетишига 95 фоиз ишонч бор"


Хайрулла Ҳамидовнинг яқинлари унинг тез кунда озод бўлиши умиди билан яшамоқдалар.
Хайрулла Ҳамидовнинг яқинлари унинг тез кунда озод бўлиши умиди билан яшамоқдалар.

Бу гапни Озодликка 10 феврал куни Хайрулла Ҳамидовнинг онаси Муқаддас ая журналистнинг адвокати гапига таянган ҳолда айтди. Айни пайтда Ҳамидовнинг адвокати тергов тафсилотларига тўхталишни истамади.

Муқаддас ая: 15 февралда суд бўлар экан, ўшани кутаяпмиз.

Озодлик: Қачон айтишди?

Муқаддас ая: 15 да анави болаларнинг суди экан. Ўшанда бўларкан. Ҳозир Тоштурмада. Ҳеч нарсани билмаймиз. Терговда кўрсатмайди, биласизлар. Яхшиликни пойлаб ўтирибмиз энди, Худо хоҳласа, деб.

Озодлик: Адвокат нима деяпти?

- Адвокат яхшилик тарафи бор, деяпти. Худо хоҳласа, “Хайруллага жуда ҳам шанс катта”, деяпти. Фақат судда маълум бўларкан энди. 95 фоиз, Худо хоҳласа, Хайрулла чиқиб кетади, деяпти, дейди Муқаддас ая.

Адвокат Алишер Зайнутдинов Озодлик билан суҳбатда Хайрулла билан учрашиб турганини ва унинг аҳволи яхшилигини айтди, бироқ тергов тафсилотларига тўхталишни хоҳламади.

Озодлик: Алишер ака¸ Хайрулла бўйича бирор янгилик борми?

Алишер Зайнутдинов: Йўқ¸ ҳеч қанақа янгилик йўқ. Ҳозир тергов бўлаяпти. Соғлиги яхши¸ нормалний ҳозир.

Озодлик: Учрашиб турибсизми?

Алишер Зайнутдинов: Ҳа. Кеча ҳам кирганман. Соғлиги яхши.

Озодлик: Ҳибсхонада қанақа муносабатда бўлишаяпти экан?

- Нормалний. Ҳеч қанақа қонунбузарликлар йўқ, деди Алишер Зайнутдинов.

Хайрулла Ҳамидов ҳамда у билан бирга ҳибсга олингани айтилаётган яна 6 шахсга Ўзбекистон Жиноят кодексининг 216-моддасига мувофиқ “ғайриқонуний жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш ёки уларнинг фаолиятини тиклаш, шунингдек, бундай бирлашмалар ёки ташкилотлар фаолиятида фаол қатнашиш” айби қўйилмоқда.

Журналистнинг яқинлари берган маълумотларга кўра, Хайрулладан бироз муқаддам қўлга олинган 6 шахс Тошкент вилоят Чиноз туманида истиқомат қилувчи фуқаролардир. Уларнинг Хайрулла мазкур туманда иштирок этган ақиқа маросими иштирокчилари экани ва улар журналистдан бироз муқаддам ҳибсга олингани айтилмоқда.

Айни пайтда халқаро жамоатчилик Хайрулла Ҳамидов тақдиридан хавотир олмоқда.

Қароргоҳи Парижда жойлашган Чегара билмас мухбирлар ташкилоти Хайрулла Ҳамидовнинг қамоққа олинишига нисбатан норозилик баёноти тарқатди.

Диний эркинликларни ҳимоя қилувчи халқаро Форум 18 ташкилоти ҳам диний ваъзлари билан шуҳрат топган Хайрулла Ҳамидов қамоққа олиниши юзасидан ўз хавотирини билдирди.

Ташкилот вакили Феликс Корлига кўра¸ Ўзбекистон расмийларининг Ҳамидовни қамоққа олишга ҳеч бир асоси бўлмаган.

- Бизга маълум бўлишича¸ Ҳамидов бир зиëфатда диний маъруза қилгани учун Ўзбекистонда ноқонуний диний ташкилот тузганликда айбланмоқда. Ўз диний эътиқодини тарғиб қилгани учун Ўзбекистон ҳукумати ҳеч бир диндорни¸ хусусан, Ҳамидовни қамоққа олишга ҳеч бир асоси йўқ. Биз Ўзбекистон расмийларига мурожаат қилиб, Ҳамидовни нима асосда қамаганларини тушунтириб беришларини сўраймиз¸ дейди Феликс Корли.

35 ёшли Хайрулла Ҳамидов 1975 йилда Тошкент шаҳрида туғилган бўлиб, ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини тугатган.

Бир неча йиллар мобайнида “Ўзбекистон футболи”, республика телевидениесида мухбир ва спорт шарҳловчиси бўлиб ишлаб келган. Айни пайтда у футболга бағишланган “Интерфутбол”, “Чемпион” газеталарида ўзининг қизиқарли¸ танқидий руҳдаги мақолалари билан чиқаётган эди.

Хайрулла Ҳамидов Тошкентдаги “Наврўз” радиоси орқали эфирга узатилган “Холислик сари” эшиттириши, кейинчалик эса “Одамлар орасида” газетасидаги фаолияти билан ўзбекистонликлар орасида шуҳрат қозонган.

Хайрулла Ҳамидов жорий йилнинг 21 январ куни ҳибсга олинган.

У дастлаб Тошкент вилоят Ички Ишлар бошқармаси ҳибсхонасида сақланди, айни пайтда Тоштурмага ўтказилган.
XS
SM
MD
LG