Линклар

Дордан қочган одамлар асосан пойтахтда яшайди

Эрталаб туриб ўқишга, ишга, зўр қурилишга отланадиган одамларни назарда тутаётганим йўқ. Ҳатто бозорчилар ҳам ман назарда тутган одамлар тоифасига кирмайди. Киссовурлар ҳам ўз тирикчилиги билан машғул бўлади: улар ўзини, мол-мулкини эҳтиёт қилмайдиган кимсаларнинг додини беради. Қандини урсин. Саррофлар сўмни долларга, долларни сўмга уриштириб фойда кўради. Қонунга хилоф бўлса-да, лекин улар ҳам ўз тирикчилиги билан овора: таваккал қилишади, аҳён-аҳён ўтказиб туриладиган рейдларда қўлга тушса, бор-будидан айрилади ёки қамалиб кетади. Миркарим Осимнинг гувоҳлик беришича: “Тимга кираверишдаги тоқнинг икки томонида шойи чопон кийган, симоби салла ўраган саррофлар олдиларидаги баркашга тангаларни уйиб ўтирар эдилар” (“Элчилар”). Демак, қадимда саррофлик жиноят ҳисобланмаган. Маълумотларга қараганда, ислом жумҳурияти бўлмиш Эронда ҳозир ҳам норасмий саррофлар пинҳона фаолият юритар экан. Улар ҳам қандини урсин!

Ман дордан қочган одамлар деганда, аввало, илгари туман, вилоят миқёсида раҳбарлик лавозимларида ишлаб, истеъфога чиққанидан ёки вазифасидан четлаштирилганидан сўнг пойтахтга келиб ўрнашиб олган собиқ амалдорларни назарда тутяпман. Улар устасифаранг бўлади: амалдор бўлиб турган чоғларида югурдакларини ишга солиб пойтахтдан уй-жой қилиб қўяди, жамғармасини фойиз ҳисобидан фойда туғиб турадиган ишончли банкларга омонатга қўяди, бирорта дўкон очиб арзандасиними ёки жиян-пиянини савдо-сотиққа ўргатади, хуллас, бизнесини йўлга қўйиб олади.

Қўяди, деган сўзни бекорга уч марта такрорламадим. Ростдан ҳам, истеъфога чиқмасидан, вазифасидан четлаштирилмасидан анча илгари ўз зиммасига юклатилган масъулиятга кўндаланг қилиб қўйиб қўядилар. Вазифа омонат эканини жуда яхши биладилар. Шу боис амал курсисига ўтирган кундан эътиборан келажакни ўйлайди, келажакни кўзлайди: ҳар доим катапульта қилиб ҳалокатга учраган учоқдан ташлаб қолишга ўзларини шайлаб юрадилар. Қамалмасдан ишдан бўшаган амалдорлар, эшитишимча, дўпписини осмонга отиб хурсанд бўлар эмиш. Аксарият ҳолларда ўзларини касалга солиб, керак бўлса, биринчи гуруҳ ногирони деган справка тўғрилаб олишади. Ҳатто Чуқурсойдаги жиннихонадан қизил дафтарча олиб, ён чўнтакларига солиб юришдан ҳам тап тортишмайди.

Энди улар собиқ валинеъматлари бошчилигида гурас-гурас бўлиб тўй-маъракаларга ҳам биргалашиб борадиган бўлди. Пана-пастқам хусусий ресторанларда тўпланиб “Гап” ташкил этишгани тўғрисида ишончли маълумот олдим. “Гап” чоғида нималар тўғрисида гап бўлади? Буни жуда яхши биламан, лекин айтмайман: ҳозирча арқонни узун ташлаб қўйдим, керак пайтда жиловни шу қадар қаттиқ тортаманки, айрим айғирларнинг оғзини сувлиқ йиртиб юборади.

Гўё уларга нисбатан адолатсизлик қилган эмишман: ўзим буйруқ бериб, дўппи тор келиб қолганда берган буйруғимдан тониб, ҳамма айбни уларнинг бўйнига қўйиб, ўзим сувдан қуруқ чиқиб кетган эмишман. Ё алҳазар! Ҳали тўфон бошлангани йўқ-ку, кўрнамак! Шукур қилишинг керак эмасми? Ахир кемани ёлғиз ўзим буюк келажак томон суриб бораяпман, санларни бехавотир оролда тушириб қолдирдим-ку! Чинакам тўфон бошлансин-чи, ҳақиқий қоратомошани ўшанда кўрасан: туяни шамол учириб кетади, эчкилар осмони фалакда маъраб юради.

Емоқнинг қусмоғи ҳам бор, азаматлар!

Нима қилмоқ керак?

Дордан қочган одамлар бирлашса, шак-шубҳасиз, хавфли кучга айланади.

Диндорларни ёмонотлиқ қилиб, уларни ҳар хил уйдирма диний оқимларнинг муросасиз вакиллари сифатида кўрсатиб жаҳон афкор оммасини лақиллатиш – замон талаби. Мухолифатни террористларга чиқариб, юртдан бадарға қилиш, орқаваротдан маҳкама уюштириб, емаган сомсаси учун ҳақ тўлатиш – бизнинг талаб. Икки талабни бир-бирига аралаштирма деб ғавғо кўтариш – халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг талаби. Дунёда ниҳоятда мураккаб ижтимоий муносабатлар қарор топган бир замонда ўрта йўлни танлашнинг ўзи бўлмайди. Ўша ўрта йўлга ҳаммани йўналтириш мумкин эмас. Халқ биринчи навбатда уйим-жойим, бола-чақам ва “оч қорним – тинч қулоғим” дейди. Ўз-ўзидан равшанки, ўрта йўлни танлайди, ўрта йўлни маъқуллайди. Ҳеч ким қозиқнинг учи ҳам, кети ҳам бўлишни истамайди, ҳамма қозиқнинг ўртаси бўлишни истайди. Ҳатто ўз тинчини кўзлаб “ўрта оёқ” бўлишга ҳам рози бўлади. Халқ психологияси худди шундай. Ўрта йўлга халқ ишонаяптими, уни қўллаб-қувватлаяптими – бас, марра бизники. Чет элларнинг бақир-чақири бизни асло қизиқтирмайди. Кимки аразлаб тўнини тескари кийиб олса, қарши эмасмиз. Тиланчи аразласа, тўрвасига зиён. Оч қолган тиланчи айланиб-ўргилиб, бари бир тўқ хонадоннинг дарвозасини қоқади. Ўшанда дарвозамизни очиш-очмасликни ўйлаб кўрамиз.

Шундоқ ҳам калавамнинг учини йўқотиб, бошим ғовлаб турган бир пайтда лаънати дордан қочган одамлар дард устига чипқон бўлди. Уларни нима қилсам экан?..
XS
SM
MD
LG