Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:09

Эркин микрофон - "Отадиган бўлса¸ отиб ташласин!"


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

"21 асрда яшасангизда¸ уйингизда газ бўлмаса¸ свет бўлмаса!" дейди оиласи билан совуқдан касалланган урганчликлардан бири.

Гуманизм қани?

Хоразмнинг Урганч шаҳридан қўнғироқ қилган суҳбатдошимиз ўзи яшаб турган Амир Темур даҳасида бир неча кундан бери на газ ва на электр борлигидан шикоят қилди ва ўзи ва маҳалладошлари арзини Ўзбекистон президентга етказишимизни илтимос қилди.

- Бизлар Урганч шаҳри¸ Амир Темур кўчаси 151 домда яшаймиз. 20 та хонадон бор. Ўтган йили ҳам мана шунақа воқеа бўлганда. Свет ўчиб туради ҳар доим. Кунига уч-тўрт мартадан уч-тўрт соатга ўчади. Мана уч кундан бери умуман газ ҳам йўқ¸ свет ҳам йўқ. Ҳозир қиш куни бўлса. Биз ҳокимиятга чиқдик. Телефон қилдик. Бориб айтдик. Ҳеч ким эшитмаяптида. Инсонлар ҳуқуқини ҳимоя қиладиган ижтимоий ҳимоя бор. Ўшалар ҳам эшитмаяпти.

Хонадонимизда совуқ. Мен ўзим ҳам ҳозир касалман. Ҳозир ҳам мана дори олиб ëтибман. Инсон бунақа бўлмайдику. Газ трубалари бузилиб қолса ҳам бир-икки кунда тузалиши керак. Мана бир ҳафтадан бери газ йўқ. Овқат пишира олмаймиз. Фақат сухой еймиз. Бориб сомса олиб келамиз. Бошқа домга бориб чой қайнатиб олиб келамиз. Бунақа бўлмайдику. Бир назорат бўлиши керакку. Бу нарсага озгина бўлса ҳам виждонан ëндашиш керакку. Ҳокимиятдагилар бор¸ бошқа мутасадди ўртоқлар бор. Менимча¸ улар ҳам масъулиятли. Тепада ўтирган депутатлар бор. Менимча¸ улар ҳам ўша масъулиятни сезаëтган бўлса керак. Бу фақатгина Урганчда эмас¸ менимча¸ бутун республикада бор.

Озодлик: Газ билан свет умуман йўқми?

- Йўқ¸ йўқ. Газ умуман йўқ. Биз ҳатто “Келиб кўринглар. Вакил юборинглар” деб мурожаат қилдик. Ҳеч ким келмаяпти¸ нима бўлаяпти демаяпти. Биз электросетга бир неча марта телефон қилдик. Электросет ҳамма телефонларига автоответчик қўйиб қўйибди. Ҳеч ким жавоб бермайди. “Бу телефон билан вақтинча боғланиб бўлмайди. Кейинроқ қўнғироқ қилинг” дейди. Бизлар газ¸ свет учун ҳамма тўловларни тўлаб қўйганмиз. Келиб квитанцияларини кўришсин.

Озодлик: Олдиндан тўлаб қўйгансизлар-а ҳаммасини?

- Ҳа¸ олдиндан тўлаб қўйганмиз. “Келиб квитанцияларини кўринглар” деб айтаяпмиз. Телефон қилаяпмиз¸ бориб гапираяпмиз. Ҳеч ким эшитмаяпти. Шу воқеа бир ҳафтадан бери давом этаяпти. Газ анчадан бери йўқ. Бир ойдан бери йўқ деса ҳам бўлади. Мана ҳаммамиз битта хонада ëтибмиз. Отам ҳам¸ мен ҳам ëтамиз. Бошқа иложимиз йўқда. Нечанчи асрда яшаяпмиз? 21 асрда яшаяпмизку. Ҳаттоки президентга ҳам бориб етсин. Биз ҳаммамиз “ватанимизни яхши кўрамиз” деймизу¸ лекин биринчидан ватандаги инсонларни севиш керакку. Ватан бу инсон деганику. Қанақа бўлади ўзи инсонийлик принципи? Инсонийлик ҳуқуқлари бунақа бўлмайдику. Гуманизм деган нарса бор. Қани ўша гуманизм?

Ҳеч ким ҳеч кимни эшитгиси келмаяпти. Чунки ҳокимият органларида ўтирганлар иссиққина уйида ўтирибди. Бизга ўхшаб совуқда ўтиргани йўқ. Бировга айтсангиз у бўлади¸ бу бўлади¸ қўрқишади. Нимадан қўрқишади? Бу айтган гапларим учун отиб ташлашлари керакмикан? Шунақа бўладиган бўлса¸ отишсин. Менинг фарзандим бор. Мен фарзандимнинг совқотиб яшашини истамайман. Қаерда бор бу? 21 асрда яшасангизда¸ уйингизда газ бўлмаса¸ свет бўлмаса. Светнинг чиққанига икки аср бўлган бўлса керак¸ дейди урганчлик тингловчимиз.


"Яшаш фақат орган ходимларига бўлиб қолди"

Қашқадарёнинг Шаҳрисабз туманидан қўнғироқ қилган навбатдаги суҳбатдошимиз ўзини Абдулла, деб таништирди. Абдулла аканинг айтишича, ўтган пахта мавсумида маҳалла қўмитаси талаби билан у кишининг оиласи пахтага чиққан. Аммо у ваъда қилинган ҳақ ва молиявий ёрдамни сўраб маҳалла қўмитасига мурожаат қилганда бу сўров катта кўргилик билан якунланган.

Абдулла ака: Мен Қашқадарë вилояти¸ Шаҳрисабз туманидан. Чўлпон маҳалласида истиқомат қиламан. Октябр ойида маҳалла оқсоқоли "пахтага" деб айтди. Подшо амри вожиб, деб хотиним¸ болаларим чиқишди. “Пахта пулини берамиз. Моддий ëрдам берамиз” деб айтишган эди. Исмим Абдулла. Ëшим 50 да. Устачилик билан шуғулланаман. Дурадгорлик қиламан. Тинчгина яшаб турган эдим. Булар энди мана пахтага чиқишди. Моддий ëрдам билан пахта пулини талаб қилиб борган эдик¸ пул бериш жон бериш билан баробар бўлди. Маҳалла оқсоқоли Бердиев Саид. У менинг уйимга Шойимов Ҳафиз билан биргаликда босқинчилик уюштирди. Булар Сайфулло деган бир героинфуруш билан иш қилиб ëтибди.

Озодлик: Қанақа қилиб босқинчилик қилишди? Нима қилиб босқинчилик қилишди?

Абдулла ака: Менинг уйимга келиб хотинимни¸ ўғилларимни уриб...

Озодлик: Меҳнат ҳақингизни талаб қилганингиз учун уйингизга келиб сизни уришдими?

Абдулла ака: Мана ишлаб турган ўғлимни каналга ташлаб юборишган. Ўғлим қизиб турган пайтида каналга ташлашган. Мана ўғлимни ҳозиргача даволай олмаяпман.

Озодлик: Ким эди улар?

- Олдин героинфурушлик қилиб қамалиб келган Файзуллаев Сайфулла деган йигит. Икки ўғли билан бостириб кириб шу аҳволни қилган меникида. Участка нозири Очилов Ғайрат деган йигитга документ қилиб бордим. Булар докунментни ëпиб юборишган. Мен ҳокимиятга югурдим¸ телевидениега Гулнора Узоқовага бордим. Ҳеч қандай натижа бўлмади. Охири Очилов Ғайрат калламни халтага тиқиб машинага босиб олиб кетди ва менинг ўзимни чалажон қилиб ташлади. Ичимдан қон кетиб ўзим ҳам ëтиб қолдим. Ҳозир мана ўзим ҳам ярим жон бўлиб қолганман. Ўғлим ҳам касал. Мана менинг бошимдан ўтган нарсалар. Ўзбекистонда нималар бўлаëтганига тушунмаяпман. Орган ходимларида ҳуқуқ бор¸ лекин назорат йўқ. Кўраяпсизми нималар бўлаяпти. Токайгача давом этади бунақа нарсалар? Президентимиз айтган адолатлари¸ гапираëтган гаплари қани? Яшаш фақат орган ходимларига бўлиб қолди. Зўри бўлса яшайди¸ бўлмаса ўлиб кетаверади¸ подстава бўлиб қамалиб кетаверади. Ўзбекистоннинг шароитига тушунмай қолдим мен. Қачон бизларда энди ҳақиқат қарор топади? Президентимиз бу нарсадан хабардормикан? Президентимиз илтимос орган ходимлари устидан одам қўйсалар. Героинфурушми¸ бўлди кетди деб подстава қилиб юбораверади. Ваҳҳобий дедими¸ бўлди ваҳҳобий. Сиз шикоят қилиб борсангиз¸ ë ваҳҳобий¸ ë террорист¸ ë наркобизнесмен бўлиб чиқасиз. Асл наркобизнесменлар орган ходимлари билан бирга иш қилиб юраверади¸ дейди Абдулла ака.


Шайхга тил теккизманг....

Москвадан қўнғироқ қилган Акмалхон Насибов, аввалги эшиттиришларимиздан бирида билдирилган фикрга эътироз билдирди.

- 29-31 январ кунлари Америкадан Озодликнинг мухлиси Аҳмаджон телефон қилдику. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф как будто Ислом Каримовнинг қўғирчоғидай айтдида. Ҳалиги Хайрулла Ҳамидов тўғрисида. Хайрулла Ҳамидов ўзи тўғрисида ўзи прав. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф улуғ одам¸ жуда катта олим¸ ислом дунëсининг улуғ олими. У одам “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Каримовнинг қўғирчоғи. Унинг шахмат доскасида ўйнаяпти” деди. Бунга сурхондарëлик¸ қирғизистонлик¸ ўзбекистонлик мухлислари эътироз билдирамизки¸ Аҳмаджон нотўғри гапирди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф улуғ олим. Бундай гапириш нотўғри. Аҳмаджонга эътирозимиз билиб-билмай гапирмасинлар¸ дейди Москвада мардикорлик қилаётган ўзбекистонлик Акмалхон.

**********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.
XS
SM
MD
LG