Линклар

Ўзбек мухолифати ва Роғун: ҳа ëки йўқ?

  • Сарвар Усмон

Президент Раҳмон Роғун қурилишини тожиклар учун жанг майдони дея атади.

Президент Раҳмон Роғун қурилишини тожиклар учун жанг майдони дея атади.

Душанбенинг Роғун ГЭСи қуриш режасидан қайтмаëтгани борган сари расмий Тошкентнинг кескинроқ қаршилигига учрамоқда. Афтидан бу лойиҳага эътироз¸ Ўзбекистон ҳукумати ва у ўзига душман деб биладиган мухолифатчиларни бирлаштириши мумкин.

- Тожикистон раҳбариятининг учинчи мамлакатлар қўллаб-қувватловига яшириниб жафокаш Тожикистон халқининг энергетик мустақилликка эришиш зарурати тўғрисидаги шиорлари яқин келажакда Марказий Осиё минтақасидаги барча халқларнинг азоб-уқубатларга дучор бўлишига сабаб бўлади, дейилади Ўзбекистон Бирлик халқ ҳаракати партияси раиси ўринбосари Пўлат Охунов 10 феврал куни тарқатган баёнотда.

Жаноб Охуновнинг Озодлик радиосига билдиришича, бирликчиларни Роғун ГЭСи қурилиши ташвишга солмоқда.

Демак, шу пайтгача икки қўшни давлат ҳукуматлари орасидаги баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келаётган ГЭС масаласига Ўзбекистоннинг сиёсий мухолифати ҳам аралаша бошлади.

Хўш, Ўзбекистон ҳукумати тан олмай келаётган бошқа партияларнинг бу масаладаги позицияси қандай?

Роғун ГЭСи қурилиши юзасидан Ўзбекистон ҳукумати тан олмай келаётган партияларни якдил деб бўлмайди.

Ўтказганимиз суҳбатлардан мана шундай хулосага келдик.

Ўзбекистон Эрк демократик партияси бош котиби Отаназар Орипов ўз позициясини лўнда изҳор қилди.

- Мен Роғун ГЭСи қурилиши тарафдори эмасман¸ деди Отаназар Орипов.

Ўзбекистон ҳукумати тан олмай келаётган партиялардан яна бири “Озод деҳқонлар” партиясидир. Унинг бош котиби Нигора Ҳидоятова Роғун ГЭСи қурилишига қарши эмас.

- Биз, албатта, бу масалада ҳукуматимиз позициясини қувватламаймиз. Чунки Роғун ГЭСи қурилиши Тожикистоннинг ички ишидир¸ деди Нигора Ҳидоятова.

Ўзбекистон Аграрийлар ва тадбиркорлар партияси ҳукумат тан олмай келаётган партиялардан тўртинчисидир. Унинг раиси Марат Зоҳидовдан мана бу гапни эшитдик.

- Биз шу масалани бугун муҳокама қилдик. Битта хулосага келганимиз йўқ¸ деди Марат Зоҳидов.

Лекин биз аниқлик истадик.

Озодлик: Фараз қилайлик¸ агар Роғун ГЭСи тақдирини Ўзбекистон халқи ҳал қиладиган бўлса ва шу масала Ўзбекистонда референдумга чиқарилса¸ Роғун ГЭСи қурилсин ëки қурилмасин деган масала турса¸ сиз нима учун овоз берган бўлардингиз?

Марат Зоҳидов:
Жуда оғир савол.

Озодлик: Оғир савол¸ лекин жавоб бериш керак барибир.

Марат Зоҳидов: Ëки ҳа¸ ëки йўқ-а?

Озодлик: Ҳа. Ëки ҳа¸ ëки йўқ. Учинчи вариант йўқ.

- 51 фоиз мен йўқ деб айтардим¸ деди Марат Зоҳидов.

Марат Зоҳидовнинг жавобидан ҳам кўриниб турибдики, ўзбек сиёсий мухолифатида Роғун ГЭСи қурилиши масаласида якдиллик йўқ.

Хўш, нега?

Бу савол жавобини тушуниш учун Роғун билан боғлиқ муаммони келтириб чиқарган сабаблар тўғрисидаги партиялар фикрларини уқиш керак.

Бирликчилар фикрича, муаммонинг илдизларини совет замонидан излаш керак. Пўлат Охунов:

- Роғун ГЭСи совет замонида планлаштирилган. Биласиз у замонда қандай қурилишлар бўларди ва бу қурилишлар натижасида ўзимизнинг Орол денгизи ҳам йўқ бўлиб кетган¸ дейди Пўлат Охунов.

Эркчилар фикрича, Роғун билан боғлиқ муаммонинг пайдо бўлишига Ўзбекистон ҳукумати айбдор. Отаназар Орипов:

- Роғун қурилишининг асосий сабаби Ўзбекистоннинг ўзида бўлиб қолди. Энергия бермай қўйди. Узоқ чет давлатларга сотиш Ўзбекистон учун фойдалироқ бўлиб қолди. Шунинг учун қўшниларга бермайди¸ деди Отаназар Орипов.

"Озод деҳқонлар" ҳам айбни Ўзбекистон ҳукуматидан изламоқда. Нигора Ҳидоятова:

- Ўз вақтида Ўзбекистон Тожикистонга электр энергияси бермай қўйди. Албатта, қўшни давлатга энергия бермай қўйиш сиёсий беодобликдир¸ деди Нигора Ҳидоятова.

Аграрийлар ва тадбиркорлар партияси Роғун ва бошқа унга ўхшаш муаммоларнинг пайдо бўлишига сабаб минтақа мамлакатлари орасида ҳамжиҳатлик йўқлигида, деб билади.

Марат Зоҳидов:

- Совет замонида ҳаммасини Москва ҳал қилган бўлса¸ мана мустақилликдан кейин биз ҳаммамиз бирлашиб¸ регион муаммоларини биргаликда ҳал қилишимиз керак эди. Сув масаласи¸ Орол масаласи¸ экология масаласи. Лекин афсуски ҳаммамиз парчаланиб кетдик¸ деди Марат Зоҳидов.

Роғун билан боғлиқ муаммо фавқулодда долзарб бўлиб турибди.

Хўш, мухолифатдаги партиялар бу муаммо ечимини нималарда кўради?

Бирликчилар фикри:

- Менимча¸ энг тўғри йўл шу бўлардики¸ ГЭСнинг тўхтатилиши ва Тожикистон билан Ўзбекистон орасидаги элетроэнергия алмашиниш масаласи бўйича келишувлар ва битимлар имзоланиши. Шундай натижага эришилса¸ менимча¸ энг тўғри йўл бўларди. Ҳам тожиклар¸ ҳам ўзбеклар манфаатидан келиб чиқиб¸ ҳам минтақамиздаги хавфсизликдан келиб чиқиб.

Эркчилар фикри:

- Мана шу муаммо узил-кесил чегара муаммолари билан боғлиқ бўлиб қолди. Шу кўриниб қолди. Давлатлараро келишув¸ мен Ўрта Осиëдаги давлатларни назарда тутаяпман¸ бирлашув¸ бирлик¸ Туркистон бирлиги¸ Марказий Осиë бирлиги муаммолари билан узил-кесил боғлиқ эканлиги кўриниб турибди. Минтақанинг табиий ресурслари минтақада яшовчи аҳолининг ҳаммасига тегишли.

Озод деҳқонлар фикри:

- Бу муаммони дипломатик йўллар билан, музокаралар ёрдамида, ГЭС қурилишида Ўзбекистоннинг ҳам иштирок этиши билан ҳал қилиш мумкин. Ўзаро ёрдам ва ҳамкорлик билан ҳал қилиш мумкин. Трансчегаравий дарёлар бўйича халқаро сув консорциуми тузиш билан ҳал қилиш мумкин.

Аграрийлар ва тадбиркорлар фикри:

- Менинг асосий фикрим¸ олдин обший анализ қилиб¸ ҳамма давлатлар мана шунга қатнашиши керак эди. Кейин керакми бу Роғун ëки керак эмасми¸ ҳал қилиш керак эди.

Тожикистонда қурилаётган Роғун ГЭСи билан боғлиқ Ўзбекистон билан Тожикистон ҳукуматлари орасида давом этаётган мунозара юзасидан Ўзбекистон ҳукумати тан олмай келаётган сиёсий партиялар лидерларининг позициялари билан танишдингиз.

Эслатиб ўтамиз, жорий ойнинг дастлабки кунларида Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев ўзининг тожикистонлик ҳамкасбига мактуб билан мурожаат қилиб, Роғун ГЭСи қурилиши юзасидан мустақил экспертиза ўтказишга чақирган эди.

Тожикистон Бош вазири Оқил Оқилов эса, ўзбекистонлик ҳамкасбига ёзган жавоб хатида Роғун ГЭСи совет даврида ҳам, ундан кейин ҳам экспертизадан ўтказилганини, иншоотнинг қўшниларга зарари йўқлигини таъкидлаб ўтди.

Маълумотларга қараганда, Рогун ГЭСини қуриш учун баландлиги 335 метрли тўғон барпо этилади ва унинг ортида пайдо бўладиган сув ҳавзасини тўлдириш учун бир неча йил керак бўлади.

Амударёда шу кунда оқаётган сувнинг учдан бири ҳавзани тўлдириш учун тўсиладиган Вахш дарёсидан қўшилади.

Ўзбекистонлик мутахассислар фикрича, Роғун ГЭСи ҳавзасини яратиш учун Вахшнинг тўсилиши Амударё бассейнидаги усиз ҳам ёмон бўлган аҳволни янада аянч ҳолатга тушириб қўяди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG