Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:15

Янукович Тимошенкодан истеъфо беришни сўрамоқда


Жорий йилнинг 10 феврал куни Украинадаги президентлик сайловларида ғалаба қозонгани айтилаётган Виктор Янукович ўз рақиби Юлия Тимошенкони сайловдаги мағлубиятини тан олиб, бош вазирликдан истеъфо беришга чақирди.

- Мен расмий тарзда бош вазир Юлия Тимошенкони истеъфо бериб, мухолифатга ўтишга чақираман. Шунингдек, мен янги ҳукумат таркибини ҳар бир сиёсий партия билан муҳокама этиш учун бош вазирдан жорий коалицион ҳукуматни тарқатиб юборишни сўрайман, деди Виктор Янукович.

Ўз чиқишида Янукович иқтисодий бўҳрон масаласи ва Россия билан муносабатларга ҳам тўхталди.

- Иқтисодий бўҳронга қарши курашда Украина учун ҳам Ғарб, ҳам Шарқнинг ёрдами керак бўлади, деди Янукович.

Шу билан бирга Минтақалар партияси раҳбари Украина ташқи сиёсатида Россия ва МДҲ давлатлари билан муносабатлар устивор йўналиш бўлишини алоҳида таъкидлади.

Айни пайтда Украинада сайловлардан уч кун ўтиб ҳам бош вазир Юлия Тимошенко сайловлар хусусида бирон баёнот бергани йўқ.

Аввалроқ Тимшенко блоки сайловда сохтакорликларга йўл қўйилганини айтиб, овоз бериш натижаларини судда баҳс қилажаги, маҳкама сайловни адолатли деб топмагунча, сайлов натижаларини тан олмаслигини айтган.

- Овоз беришдаги сохтакорликларни судда исботлай олмаганимиз тақдирдагина биз Янукович ғалабасини тан оламиз, деб билдирганди Тимошенко блоки вакили Андрей Шкил.

Айни пайтда хорижий кузатувчилар сайловни ўтказиш тартибини олқишлаганлар.

Хусусан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилари Украинада бўлиб ўтган иккинчи давра президент сайловининг очиқ ва шаффоф ўтказилганини таъкидлаб, бу сайловларни "олқишга сазовор демократия намунаси", дея атадилар.

Украинада якшанба кунги президентлик сайлови дастлабки натижаларига кўра, Минтақалар партияси раҳбари Виктор Янукович умумий овозларнинг 48.47 фоизини қозонган.

Унинг рақиби, бош вазир Юлия Тимошенко 45.47 фоиз овоз тўплай олган.

Бу ҳали сайловнинг дастлабки натижалари.

Марказий сайлов комиссияси овоз беришнинг расмий наижаларини кейинроқ эълон қилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG