Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:08

Марк Вайл қотиллари судланмоқда


Ўзбекистондаги "Илҳом" театри асосчиси Марк Вайл 2007 йилнинг 6 сентябр куни Тошкентдаги ўз уйи олдида номаълум шахслар томонидан пичоқлаб кетилганди.
Ўзбекистондаги "Илҳом" театри асосчиси Марк Вайл 2007 йилнинг 6 сентябр куни Тошкентдаги ўз уйи олдида номаълум шахслар томонидан пичоқлаб кетилганди.

Тошкентдаги “Илҳом” театри асосчиси ва раҳбари Марк Вайл ўлими билан боғлиқ маҳкама ниҳоясига етаяпти. Таниқли режиссёр ўлимида икки ўзбекистонлик, бир тожикистонлик ва бир россиялик айбланмоқда. Прокурор Марк Вайл қотилларига 20 йиллик қамоқ жазоси берилишини сўради.

Бу ҳақда ушбу маҳкамани кузатиб келаётган Шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Марат Зоҳидов Озодликка маълум қилди.

- Энди ҳозир ҳаммаси тамом бўлди. Уларга охирги сўз беришади. Охирги сўзлардан кейин суд ҳукм чиқаради. Мен ўйлайманки¸ бу душанба куни бўлади, дейди Марат Зоҳидов.

Таниқли театр арбоби Марк Вайл 2007 йилнинг 6 сентябр куни Тошкентдаги ўз уйи олдида номаълум шахслар томонидан пичоқлаб кетилган эди.

Марат Зоҳидовга кўра, жиноят иштирокчилари тўрт нафар бўлган. Улардан бири Тожикистон фуқароси Ёқуб Ғофуров, иккинчиси ҳозирда қидирувда бўлган Россия фуқароси Исҳоқов, қолган иккиси Ўзбекистон фуқаролари Сатторов ва Пўлатов фамилияли шахслар бўлган.

- Ҳаммаси 1980 йилда туғилган. Учтаси аниқ. Бир-бирини билишади. Асосий жиноятчилар Ғофуров билан Исҳоқов. Қолган иккитаси шунчаки кузатувчи бўлишган. Биттасини топа олмай юришибди. Қидирувга беришган. Ғофуров олдин бошқа фамилияда бўлган. Уни ҳам бир йилча қидириб юришган эди. Лекин барибир уни топишди. У Тожикистон фуқароси, дейди Марат Зоҳидов.

Маълум бўлишича, 2007 йил 6 сентябр куни кечки соат 11.30 ларда юқорида тилга олинган тўрт шахс Марк Вайлни у яшайдиган уй йўлагида пойлашган. Ёқуб Ғофуров аввалига унинг бошига темир билан урган, сўнг Исҳоқов унга пичоқ билан зарба берган. Ушбу қотилликнинг яна бир иштирокчиси Пўлатов шерикларини машинада пойлаб ўтирган.

Марат Зоҳидовнинг айтишича, қотилликка Марк Вайлнинг ижоди, жумладан, режиссёр томонидан саҳналаштирилган “Қуръонга тақлид” асари сабаб бўлган.

- “Илҳом”да “Подражание Корану”- “Қуръонга тақлид” деган спектакл бор-ку. Биттаси бориб, ўшани кўриб келди. Унга ëқмади. Кейин иккинчисини юборди. Унга ҳам ëқмади. Мана кейин шу хулосага келди. Лекин бошида улар айтган гапларга кўра, ўлдирмоқчи эмас эди. Фақат урмоқчими бўлишган, дейди Марат Зоҳидов.

Қўлга олинган шахсларнинг таъкидича, Марк Вайл мазкур асари билан Муҳаммад алайҳиссаломни таҳқирлаган.

Марат Зоҳидов “Қуръонга тақлид” спектаклини шахсан томоша қилганини ва судланувчиларнинг бундай айбловини уларнинг билимсизлиги натижаси эканини айтади.

- Қуръон тўғрисида ҳеч қанақа ëмон гап йўқ. Лекин улар Қуръонни кўтаришган. Пушкинни Вайл ишлатди. Пушкин асосий ўша ерда фигура бўлиб турибди. Спектаклда қанақа масалани кўтарган: Қуръон салбий томонларга¸ камчиликларга қарши чиқади. Спектакл ҳалигача кетаяпти. Кечаги куни менинг неварам бориб кўриб келди, дейди Марат Зоҳидов.

Марк Вайл ўлими билан боғлиқ маҳкамани бевосита кузатаётган Марат Зоҳидовга кўра, суд мажлисларида судланувчилар томонидан Вайлнинг жинсий озчиликка мансублиги ҳақидаги гап-сўзлар ҳам айтилган.

- Улар шахсий ҳаëтини ҳам гапиришаяпти-да. Вайл энди оддий одам бўлмаган. У жуда катта артист¸ зўр режиссëр. Лекин у баъзи нотўғри нарсалар билан шуғулланган жисмоний томондан. Уни хотинлардан ташқари эркаклар билан ҳам алоқа қилган, деб айтишарди. Агар шундай бўлса¸ бу унинг шахсий иши. Лекин мана шу нарса судда ҳам тилга олинди. Улар шу тўғрисида гапирди, дейди Марат Зоҳидов.

Марк Вайл жаррроҳлик столида ҳаётдан кўз юмар экан: “Нима бўлишидан қатъий назар, мен эртага янги театр мавсумини очаман”, деган эди.

Театрнинг бадиий раҳбари Борис Ғофуровга кўра, уч мавсумдан буён Марк Вайлсиз ижод қилаётган “Илҳом” театри 25 январда Вайл туғилган кунининг 58 йиллигини нишонлади.

- Марк Вайл туғилган кунида “Илҳом” театри саҳнасида “Икки интервью” номли 20 дақиқалик ҳужжатли филм намойиш қилинди. Ушбу филмда Марк Вайлнинг сўнгги ўн йил давомидаги ҳаёти ва ижодий йўли ҳикоя қилинади. Шу билан бирга ўша куни Марк Вайлнинг “Муҳаббат ва ўлим ҳақидаги иш” композицияси томошабинларга тақдим қилинди. Марк Вайл ушбу композицияни Москвадаги “Моссовет” театрида тўлақонли спектакл кўринишида яратишни орзу қилганди. Бахтга қарши у бу ишни қилишга улгурмади. Биз тошкентлик томошабинларга ушбу нодир саҳна асарини тақдим қилдик, деди Борис Ғофуров.

Марк Вайл Москва, Берлин, Лондон, Париж каби дунëнинг бир қанча йирик шаҳарлари саҳналарида ўз спектаклларини қўйишга муваффақ бўлганди. Унинг “Мешчанлар тўйи”, “Кломадеус”, “Бахтиëр қашшоқлар” каби спектакллари Австрия, Нидерландия, собиқ Югославия, Ирландия, Норвегия, Германия ва АҚШда бўлиб ўтган халқаро фестивалларда намойиш этилган.

Театр арбоби Вайлнинг ижодий раҳбарлиги остида “Шарқ-Ғарб”, “Илҳом-ХХ” каби халқаро театр фестиваллари ўтказилган.

Марк Вайл суратга олган “Аср охири. Тошкент” номли ҳужжатли фильм бир қанча Ғарб давлатларида бўлиб ўтган халқаро фестивалларда совринга сазовор бўлган.

Марк Вайлнинг Тошкент ва Сиэтл (АҚШ)да қўйган “Тортилья-Флэт маҳалласи” спектакли Ўзбекистон театрлари фестивалида “энг яхши режиссёрлик асари” учун мукофотига лойиқ топилган.
XS
SM
MD
LG