Линклар

logo-print

Дунёда иймонсиз одамлар ҳам кўп экан.

Ҳозир ўзимизникилар тўғрисида гапириб ўтирмайман. Уларни ҳамма билса керак: кунда-кунаро телевизорда кўриниб турадиган башаралар кўпчиликка таниш бўлиб қолган, вақтли матбуотда “долзарб мавзулар”да чиқиш қиладиган ёлланма ҳўкизлару ғунажинлар ҳам отнинг қашқасидек маълум. Мен ҳозир хорижлик иймонсиз одамлар тўғрисидаги айрим фикр-мулоҳазаларимни хотира дафтаримга қайд этиб қўймоқчиман. Улар халқаро атамалар бўйича КУЗАТУВЧИЛАР дейилади.

Ҳар қандай демократик жамиятда сайлов муҳим аҳамиятга эга. Биздаги сайловлар ҳам жаҳон андазаларига мос равишда ташкил этиляпти. Лекин, сайловлар ўзимизга хос ва ўзимизга мос бўлади. Яъни, биз сайлов жараёнига ўзбошимча кузатувчиларни аралаштирмаймиз, аксинча, ўзимиз истаган кузатувчиларни танлаб олиб жаннатмакон юртимизга киритамиз. Ахир, шаҳар бедарвоза эмас.

Одатда, Ғарбдан келадиган аксарият кузатувчилар маҳмадона бўлади, улар ақл ўргатишни яхши кўради. Маҳаллий маҳмадоналардан ўзимиз зўрға қутилдик, хорижлик донишмандлар ортиқча бошоғриқ бўлишини истамаймиз. Шу боис шарқона менталитетга тўғри келадиган Бирма, Шимолий Корея, Хитой, Уммон каби мамлакатларнинг давлат раҳбарлари билан келишган ҳолда кузатувчилар чақирилади. Аксарият кузатувчилар ўзларини гўё илк бора қайнотасининг хонадонига ташриф буюрган куёвлардек тутади: тўғри гап сўралса ҳам қизариб-бўзараверади, тунда рўй берган воқеани қайнота билан қайнона билармикан-билмасмикан деб ўзидан-ўзи хижолат бўлаверади. Албатта билади-да, чунки ўзлари ҳам тунда ўша ишлар билан астойдил машғул бўлади. Тортинчоқ кузатувчилар биз кўзлаган мақсадни жуда яхши билади-ю, аммо олдига қўйилган вазифани кўнгилдагидек адо этишга ожизлик қилади: ёш келин-куёв орасидаги ҳаё пардаси сурбетлик қилишга изн бермайди, иштонни ечиб ташлашга, тунларни қип-яланғоч ўтказишга нимадир тўсқинлик этаётгандек туюлаверади. Уларда шармандали ҳолатга кўникма йўқ, улар шармандали ҳолатнинг ўзига яраша сурури-романтикаси борлигини хаёлига ҳам келтирмайди.

Янги куёвга ўхшаган тортинчоқ кузатувчилар хизматидан воз кечишга тўғри келди. Таптортмас кузатувчилар Ғарбда ҳам тиқилиб ётганини аста-секин аниқладик. Ҳатто демократия макони ҳисобланган АҚШда ҳам кузатувчиликни касбга айлантириб олган юзлаб, минглаб халқаро ташкилотлар бор экан. Улар аэропортда самолётдан тушар-тушмас: “Бизни мамлакатингиз қўлга киритган ютуқлар, ҳуқуқий-демократик давлат қуриш йўлидаги дадил қадамлар лол қолдирди. Айниқса, сайлов кампаниясининг ошкора руҳда ўтаётганини кўриб, ростини айтсак, ёқамизни ушладик!” деб интервью беришади.

Албатта, қўлбола халқаро кузатувчиларнинг фикр-мулоҳазаларини чет эллардаги жиддий ташкилотлар бир пулга олмайди. Буни биламиз. Лекин чет эллардаги жабҳада ҳисобни биру бир дейиш мумкин. Бизга хориждан келадиган кузатувчилар ўз халқимизни лақиллатиш учун керак, холос. Маҳаллий телевидениенинг барча каналларидан хорижий кузатувчилар булбулигўё бўлиб сайраб турса, ўлим тўшагида ётган чол-кампирлар ҳам ҳассага таяниб сайлов участкасига қандай қилиб бориб қолганини ўзлари билмай қолади.

Ўзимга қолса-ку, тўтиқушга ўхшаган кузатувчиларни чегарадан ўтказмаган бўлардим. Аммо сайлов жаҳон андазаларига мос келиши учун улар хизматидан фойдаланиш талаб этилади. Бошида ўзимиз уларга сир бериб қўйганмиз: “Келинглар, кўринглар, сайловимизга ҳаққоний баҳо беринглар!” деб даъват этганмиз. Келишди, кўришди ва қовун туширишди. Биз “ҳаққоний баҳо” деганда шарқона демократия тегирмонига сув қуядиган фикр-мулоҳазаларни назарда тутган эдик. Улар бўлса, қайсигўрдаги халқаро қонун-қоидаларни рўкач қилиб, мазамизни қочирди. Шундан сўнг дарвозамизни тақатақ ёпиб қўйдик. Ҳозирги замонда барибир дарвозани маҳкам ёпиб бўлмас экан; кузатувчилар тирқишдан мўралай бошлади. Охири дарвозани қия очиб ўзимиз танлаган кузатувчиларни ичкарига киритадиган бўлдик. Дарвозанинг нариги томонида қолган кузатувчилар Интернет сайтларида, “Озодлик”, “Америка овози”, “Би-би-си” каби радиостанцияларда оғзига келган гапларни қайтармасдан валақлайди. Кошкийди халқимизнинг, ҳеч бўлмаса, 10 фойиз қисми Интернетдан фойдаланса ёки ўша радиоларни эшитса! Ман ичкарида яшайдиган аҳолини назарда тутяпман, хорижга чиқиб мардикорчилик қиладиган одамлар ҳар хил бўҳтонларни эшитади ва онги заҳарланиб юртига қайтади (заҳарланган мардикорлар тилини тиймаса, оқибати ёмон бўлади).

Ҳайронман, иймонсиз одамлар дунёда мунча кўп бўлмаса!

Аксарият халқаро кузатувчилар, “лўлининг эшагини суғориб пулини олиш керак” деган ақидага қатъиян амал қилар экан.
XS
SM
MD
LG