Линклар

Тимошенко аниқ гап айтмади


Юлия Тимошенко сайловлардан уч кун ўтиб¸ жамоатчилик олдига чиқиб¸ баëнот берди.

Юлия Тимошенко сайловлардан уч кун ўтиб¸ жамоатчилик олдига чиқиб¸ баëнот берди.

Президентлик учун пойгада маррага иккинчи келган иқтидордаги Бош вазир Юлия Тимошенко иккинчи давра президентлик сайлови бўлиб ўтган 7 февралдан буён илк бор оммага кўриниш берди.

Киевда ҳукумат мажлиси чоғида гапирган Тимошенко президент сайловида ғолиб чиққан рақиби Виктор Януковични украиналик сайловчиларга ёлғон ваъдалар берганликда айблади. Бироқ Тимошенко сайлов натижаларига қарши судга мурожаат қилиши мумкинлиги борасида янграган баёнотларни тасдиқламади ҳам, инкор ҳам қилмади.

Мухолифат етакчиси Виктор Януковичнинг иккинчи давра сайловда ғолиб бўлгани аниқ бўлгандан буён украиналиклар мамлакат Бош вазирининг ўз мағлубиятини тан олиши ёки сайлов натижаларига ўз эътирозини билдиришини кутаётган эдилар.

Тимошенконинг уч кун давомида кўриниш бермагани халқ орасида “Бош вазир сочини бошқача қилиб ўрдиргани салонга бориб, ўша ерда қолиб кетди” деган латифанамо гапларни урчитди.

Бироқ 11 феврал куни ҳукумат йиғинига ўрилган сочи ўзгармаган ҳолда келган Тимошенко даставвал соғлиқни сақлаш тизими ва бошқа ижтимоий масалаларни муҳокама қилгач, сайловдаги рақиби Виктор Януковични сайловчиларни алдаганликда айблади.

- Бўлиб ўтган сайлов жараёнидан сўнг, сайловолди кампанияси чоғидаги ёлғонлар аён бўла бошлади ва фуқароларимиз келажакдаги сиёсий қарорларида буни инобатга олишлари лозим. Минтақалар партиясининг ижтимоий стандартларни яхшилаш борасида берган сайловолди ваъдалари парламентда, афсуски, мазкур партия томонидан инкор қилинди, деди Тимошенко.

Якшанба куни берилган овозларнинг барчаси санаб бўлинган ва Марказий сайлов комиссияси 10 феврал куни дастлабки натижаларни эълон қилиб, Януковични парезидент сайловида ғолиб чиққанини таъкидлади.

МСК га кўра¸ Янукович сайловчиларнинг 48.95, иқтидордаги Бош вазир эса 45.47 фоиз овоз тўплаган.

Украина Марказий сайлов комиссияси 17 февралга қадар иккинчи давра президент сайлови натижаларини расман эълон қилиши шарт.

10 феврал куни мухолифат етакчиси Виктор Янукович рақиби Тимошенкони ўз мағлубиятини тан олишга чақирди.

- Мен расмий тарзда Бош вазир Юлия Тимошенкони истеъфо бериб, мухолифатга ўтишга чақираман. Шунингдек, мен янги ҳукумат таркибини ҳар бир сиёсий партия билан муҳокама этиш учун бош вазирдан жорий коалицион ҳукуматни тарқатиб юборишни сўрайман, деди Виктор Янукович.

Куни кеча Украинанинг UNIAN агентлиги Юлия Тимошенко блоки вакили Олеҳ Лиасконинг “Қрим, Донецк ва Луганск вилоятларида камида бир миллион овоз сохталаштирилди”, деган сўзларидан иқтибос келтирди.

Бироқ Украинадаги биринчи ва иккинчи давра сайловларни кузатган халқаро кузатувчилар 7 феврал кунги сайловда ҳеч қандай жиддий қонунбузарчиликларга йўл қўйилмаганини билдирдилар.
XS
SM
MD
LG