Линклар

Эронда янги зўравонликлар рўй берди


11 феврал куни ўн минглаб эронликлар исломий инқилоб 31 йиллигини кўчаларга чиқиш орқали нишонладилар.

11 феврал куни ўн минглаб эронликлар исломий инқилоб 31 йиллигини кўчаларга чиқиш орқали нишонладилар.

Эрон мухолифати раҳбарлари ҳужумга учради. Мухолифат тарафдорлари ва полиция ўртасида тўқнашув юз берди. Бундай зўравонлик Эрон мухолифати ва унинг ўн минглаб тарафдорлари пойтахт Теҳронда уюштирган намойишлар пайтида содир бўлди.

Тўқнашувлар Эрон ислом жумҳурияти тарихида энг муҳим байрам ҳисобланган 1979 йилги инқилоб куни нишонланаётган пайтда содир бўлди.

Сана муносабати билан Теҳронда ўн минглаб тарафдорлари олдида чиқиш қилган президент Маҳмуд Аҳмадийнажод Эронда 20 фоизга бойитилган уран ишлаб чиқарила бошланганини айтди ва Эронни “ядровий давлат” деб эълон қилди.

- Мен шуни сизга айтмоқчиманки, ўтган куни уранни 20 фоизга тўйинтириш ишлари бошланди. Шуни баралла овоз билан сизга урғуламоқчи ва эълон қилмоқчиманки, Худога шукур, ядро масалалари бўйича бош музокарачимиз олимларимиз назоратида 20 фоизга тўйинтирилган ёнилғи ишлаб чиқариш ишлари бошланганини эълон қилди, деди Эрон раҳбари.

Маҳмуд Аҳмадийнажод сўзлаётган пайтда Теҳрон шаҳрининг марказий ва шимоли-ғарбий туманларида ҳукумат ва мухолифат тарафдорлари ўртасида тўқнашувлар юз бўлгани хабар қилинди.

Содиғия майдонидан қайтиб келган норозилик намойиши қатнашчиларидан бири Озодликка хавфсизлик кучларининг ҳатто ўн кишининг бир жойга тўпланишига йўл қўймаётганини айтди.

Теҳрондаги бошқа бир гувоҳ Фардо радиосига ҳукумат кучлари намойишчиларга қарши кескин чоралар кўраётганини айтди.

- Хавфсизлик кучлари етиб келмоқда ва мухолифат тарафдорларини қаттиқ калтакламоқда. Мен Содиғия майдонида улар намойишчилардан баъзиларини ўртага олиб шавқатсиз калтаклаётганини кўрдим. Ашрафий Исфаҳоний кўчасида отишма овозини эшитдим. Ҳаким кўчаси ва унга яқин кўприкдан ўтаётганимда у ер одамлар билан тўлалигини, автомобиллар сигнал чалаётгани ва Яшил ҳаракат тарафдорлари ўзини кўрсатаётганини кўрдим, деди гувоҳлардан бири.

Ўша жой яқинида мухолифат раҳбари Меҳди Каррубий ва тарафдорлари хавфсизлик кучлари томонидан ҳужумга учрагани хабар қилинди. Мухолифат раҳбарининг ўғли Ҳусайн Карруби Озодликка ҳужум оқибатида отасига зарар етмаганини айтди.

- Формасиз агентлар ва хавфсизлик кучлари одамлар ва тан қўриқчиларни қаттиқ ура бошлади. Улар Меҳди Каррубийни эмас унинг қўриқчилари сафдошлари ва одамларни таёқлар билан қаттиқ ура бошлади. Улар мухолифат аъзоларига ранг отувчи қуроллардан ўқ узди ва кейин бўёқ теккан одамларни тутиб калтакладилар, деди Ҳусайн Каррубий.

Зўравонлик сабабли отаси намойишни тарк этишга мажбур бўлганини айтган Ҳусайн укаси Али Каррубий қўлга олинганини билдирди.

Мухолифатга қарашли интернет сайтида Озодий майдонига олиб борувчи кўчада собиқ президент Муҳаммад Ҳотамий ҳам ҳужумга учраганидан сўнг машинада бу жойдан жўнаб кетгани ҳақида хабар тарқалди.

Айтилишича, Ҳотамийнинг акаси Муҳаммад Риза Ҳотамий ва унинг рафиқаси Заҳро Эшрағий қисқа муддат ҳибсга олинганидан кейин “ўз хавфсизлиги учун” уйда ўтириш тавсия қилиниб, қўйиб юборилган. Риза Ҳотамий собиқ депутат рафиқаси Эшрағий эса Эрон ислом жумҳурияти асосчиси Оятулло Али Ҳумайнийнинг қизи.

Эрон ҳукумати Инқилоб байрами куни мухолифат намойиш уюштиришининг олдини олиш мақсадида Теҳронга юзлаб полиция кучлари жойлаштирди.

Теҳрондаги тўқнашувлар боис Эроннинг бошқа шаҳарларида ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилди.

Инсон ҳуқуқлари фаоли Мужтабо Гаҳустоний Озодликка ўзи яшайдиган Аҳваз шаҳрида ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилганини айтди.

- Кеча оқшом ва бугун эрта тонгда Аҳваз шаҳри кўчаларида бўлганимда шаҳарда ҳарбийлар ва ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари кўпайганига гувоҳ бўлдим. Бу шаҳар раҳбарлари вазиятни назорат қилиш ва бугунги намойишлар хавфсизлигини таъминлашга уринаётгани белгиси, дейди эронлик ҳуқуқ ҳимоячиси.

Сўнгги ҳафталар давомида Эрон ҳукумати ўнлаб журналист, талаба ва мухолифат фаолларини ҳибсга олиш ҳамда икки шахсни қатл этиш орқали мухолифатга босимни кучайтириб келмоқда.

Эронда Интернет чеклови жорий қилинганига қарамай, намойишчилар 11 феврал кунги норозилик намойишида мухолифат лидери Мир Ҳусайн Мусавийнинг исмини айтиб бариқаётгани ва референдум ўтказишга чақираётганини тасвирловчи видеолавҳаларни интернетга қўйди.

Айни пайтда Эрон ташқарисида, хусусан Дубай ва Куала Лумпур шаҳарларида ўнлаб одам Эрондаги Яшиллар мухолифат ҳаракатини қўллаб намойиш ўтказдилар.
XS
SM
MD
LG