Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:58

ЕИ Грецияга ёрдам беради


ЕИ президенти Вон Румпей.
ЕИ президенти Вон Румпей.

Европа иттифоқининг пайшанба куни Брюсселда бўлиб ўтган саммитида бюджет камомади билан боғлиқ иқтисодий бўҳронни бошдан кечираётган Грецияга ёрдам беришга келишиб олинди.

Бу ҳақда Европа иттифоқи раҳбари Ҳерман Ван Румпей, Еврокомиссия раҳбари Хосе Мануэл Баррозо, Франция президенти Николя Саркози, Германия канцлери Ангела Меркел, Европа Марказий банки раҳбари Жан-Клод Трише ва Греция Бош вазири Георгиос Папандреу иштирокида ўтган музокаралардан сўнг билдирилди.

Грецияга берилажак ёрдам дастурининг келаси ҳафта Европа иттифоқи Молия вазирлари учрашувидан сўнг эълон қилиниши кутилаяпти. Европа етакчиларига кўра, ёрдамлар дастури Грецияга бюджет камомадини қисқартириш мақсади учун қандайдир қарзлар берилишини кўзда тутади.

Ўз навбатида Афина ҳукумати бу йил бюджет камомадини 4 фоизга қисқартириш мажбуриятини олган.

Ройтерс ахборот агентлиги Европа иттифоқидаги манбага асосланиб Грецияга берилажак ёрдамларнинг Халқаро валюта жамғармаси ҳисобидан бўлмаслиги ҳақда хабар қилди.

Айтилишича, ёрдамларнинг асосий қисмини евроҳудуднинг иқтисодий жиҳатдан йирик давлатлари - Германия ва Франция ўз зиммасига олган.

Грецияда юзага келган бўҳрон Европа умумий пул бирлиги – евро қурбига салбий таъсир кўрсатмоқда. Сўнгги икки ой ичида евро бошқа йирик валюталарга нисбатан 10 фоиз қадрини йўқотди.

Европа иттифоқи раҳбари Ҳерман Ван Румпей пайшанба куни Брюсселда ўтган иттифоқ саммитида бу ҳақда таъкидларкан, бутун еврозона барқарорлиги йўлида Грецияга ўзаро мувофиқлаштирилган тарзда ёрдам берилиши лозимлигини билдирди.

Брюсселдаги саммит Грециядаги давлат хизматчиларининг кенг миқёсли норозилик намойишларидан бир кун ўтиб очилди.

Ҳукуматнинг иқтисодий бўҳронга қарши кўраётган чораларига қарши Афина ва Грециянинг бошқа шаҳарларида минглаб одам иштирокида ўтган нарозилик намойишларида ойлик маошларнинг камайтирилиши, нафақага чиқиш ёшининг кўтариб қўйилганига норозилик билдирилди.

Мутахассислар Греция бошдан кечираётган бу муаммога келажакда Португалия ва Испания ҳам юз тутиши мумкинлиги ҳақда огоҳлантиришмоқда.
XS
SM
MD
LG