Линклар

Баъзан ўзимга ўзим таътил эълон қилиб Қароргоҳда уч-тўрт кун дам оламан.

Илгари кортга чиқиб коптокни деворга уриб ўзим билан ўзим теннис ўйнардим. Зарбаларимни, копток тезлигини соқчилар зимдан кузатиб турар экан; машғулотдан сўнг ҳаммомга кирсам ходимгар: “Бугун шаштингиз пастроқми?” деб тагдор савол беради. Индамайман. Ювиниб-тараниб ошхонага ўтаётсам йўлакда тасодифан учраб қолган Ҳасанали ҳам: “Шаштингиз пастроқ кўринадими, хўжам?” деб ўтиб кетади. Нонушта маҳали адъютантим: “Бугун ҳаво айниб турибди, шекилли”, деб қўяди ўзича. Яъни, мазангиз қочиб турган бўлса, ишга бормаган маъқулмикан демоқчи бўлади. Машинага ўтираётган чоғимда ҳайдовчи ички кўзгудан башарамга тикилиб-тикилиб қараётганини сезиб қоламан. Девонга бориб кабинетимга кирган заҳотим хос агентларим девор тирқишидан бирин-кетин маълумот узатади: “Авлиёқулининг айтишича, бугун меросхўрингизни эълон қилар эмишсиз”. “Ҳидоят Махсум махсус хизмат бўлинмаларига жанговар ҳолатда туриш тўғрисида махфий буйруқ берди; гўё бугун кечгача валиаҳд номи маълум қилинар эмиш”. “Пешин намози пайтида Кампирияк билан Калбош кучукларини сайр эттиргани олиб чиққан чоллар қиёфасида Анҳор бўйларида бирров учрашиб, ўзаро фикр алмашди; меросхўр масаласида савол-жавоб бўлса керак”.

Мишмишлардан безор бўлиб теннис ўйнашни батамом йиғиштириб қўйдим. Энди ўзимга ўзим таътил эълон қилиб Қароргоҳда уч-тўрт кун дам оладиган бўлсам, кутубхонамга қамалиб олиб ўзим билан ўзим нарда ўйнайман: кўпинча чап қўлим ғолиб бўлади, ўнг қўлим асабийлашиб титрай бошлайди.

Эскилардан қолган “етмиш – кетмиш” деган гап бор. Бу гапни ўсироқ чоллар ўйлаб топган бўлса керак. Улар шунақа гапларни ўйлаб топишга уста бўлади. Ундай гапларга ишонмайман, аммо кейинги пайтларда ўқтин-ўқтин шу ҳақда ўйлайдиган бўлиб қолдим. Хаёлларим беихтиёр меросхўр масаласига бориб қадалиб қолади.

Қадим замонларда подшоларга мазза бўлган, чунки меросхўр масаласида бошини оғритмаган: юз йиллар давомида шаклланган анъаналар бўйича Биринчи ўлса Иккинчи, Иккинчи ўлса Учинчи ва ҳоказо рақамлар подшонинг ўрнини эгаллайверган. Ора-орада бирорта Рақам ношудроқ чиқиб қолса, бир кечада оғзига ёстиқ босиб асфаласофилинга жўнатилган ва эртаси куни бенавбат Рақам подшо деб эълон қилинган. Сакрама подшога қудратлироқ амалдор васийлик қилган.

Замонлар ўтиб анъаналар ҳам ўзгарди. Сайлов деган даҳмаза пайдо бўлди. Лекин моҳият ўша-ўша – тож-тахт барибир мерос этиб қолдирилади, ишончли қўлларга топширилади. Америкада Катта Буш ўз тахтини Кичик Бушга топширди. Тўғри, битта рақамни оралатиб сакрама қоидасига риоя қилди. Бошланғич мактабларда ҳам аълочи ўқувчилар сакрама қоидаси асосида биринчи синфдан учинчи синфга, иккинчидан тўртинчи синфга сакратиб қўйилади ва қобилиятли ўқувчи сифатида тенгқурларига нисбатан ўрта мактабни бир-икки йил олдин тамомлайди. Билл Клинтон эса сакрама қоидаси бўйича рафиқаси Ҳилларини тахтга кўтармоқчи бўлди; аёл киши бўлгани сабабли тахтдан бир поғона пастроқдаги зинапоядан жой олди. Менимча, Б. К. севгилиси Моникани ўзига ворис этиб олганида ҳамма иш хамирдан қил суғургандек силлиқ кўчарди. У меросхўр масаласида андак янглишди.

Бу ёқда Гайдар муаллим тож-тахтни ўғлига қўшқўллаб топшириб, сўнг бамайлихотир оёқларини узатиб бандаликни бажо келтирди. Туркменбоши ҳам ўлимидан илгари маълум бир тадорикларни кўриб қўйган экан: видеоёзув асосида Иккинчи рақамли даъвогар ўйиндан ташқари ҳолатга чиқариб қўйилди, Учинчи (эҳтимол, Тўртинчидир) тахтни ўз қўлига олди. Академик эса тож-тахтни ташлаб қочди. Чингиз Айтматов “Бўтакўз” қиссасида: “Ҳой, Академик, имилламасдан тез-тез юр, сув қайнаб кетди ёки тумшуғингга туширайми?” деб ёзганда, биллоҳ, каромат қилган экан. Академик калтак ейишдан қўрқиб жуфтакни ростлаб қолди.
Дашти қипчоқда мерос масаласи партиявий йўл билан ҳал этилса керак.

Кўҳистон такаси Тўнғичини ёнига олиб, орқасидан эргаштириб юрибди. Шатакка олинган улов мустақил ҳаракат қила оладими?
Аркони давлатнинг ихтиёрига қўйилса, меросхўр ўзимдан чиққани маъқул. Шунда ҳеч ким иссиқ жойини совутмайди. Кимдир нари сурилиб, кимдир бери сурилиши мумкин, аммо бировнинг бурни қонамайди. Мантиқ шундай, мантиқдан келиб чиқадиган манфаат шундай. Амалда нима бўлади?

Чамамда, ён-веримда юрган одамлар совунимга кир ювмаган кўринади. Уларга бир умр эсидан чиқармайдиган сабоқ бериб қўяман. Қанақа сабоқ ҳозирлаб қўйганимни ҳеч кимга айтмайман. Лақма одамгина бировга сирини айтади. Сирни қудуққа ҳам, қоғозга ҳам айтиб бўлмайди.

Хуллас, меросхўрим бор. Меросхўр қадимда ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор, бундан кейин ҳам бўлади. Вассалом.
XS
SM
MD
LG