Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:09

Қишки Олимпиада: 30 спортчида допинг аниқланди


Қишки Олимпиада ўйинлари 17 кун давом этади.
Қишки Олимпиада ўйинлари 17 кун давом этади.

2010 йилги қишки Олимпиада очилиши арафасида 30 нафар спортчининг допинг истеъмол қилгани аниқланди. Халқаро Олимпия қўмитаси допинг истеъмол қилган спортчиларнинг мусобақада қатнашишини таъқиқлади.

Халқаро Олимпия қўмитаси Канаданинг Ванкувер шаҳрида 2010 йилги қишки Олимпиада бошланиши арафасида 30 нафар спортчи қувватни оширувчи дорилар, яъни допинг истеъмол қилгани учун мусобақаларда қатнашишдан четлатилганини эълон қилди.

Допинг истеъмол қилгани аниқланган спортчиларнинг аксари биатлончилар.

Олимпиада ташкилотчилари 30 нафар спортчининг дисквалификация қилингани, Олимпиада медалини қўлга киритган спортчилар допинг тестидан ўта олмаганидан кейин уларга берилган медаллар бекор қилиниши билан боғлиқ жанжаллар сони камайишига олиб келади, деган умидда.

Жаҳон антидопинг агентлиги “беллашувлар адолатли бўлиши учун” қони таркибида допинг топилган спортчиларнинг исми ёки қайси давлат фуқароси эканлиги ошкор қилинмаслигини билдирди.

Халқаро Олимпиада қўмитаси президенти Жак Рог 8 феврал куни Россия президенти Дмитрий Медведев ва Россиянинг Спорт ишлари бўйича вазирига тўғридан-тўғри хавотир билдирди. Бунга охирги бир йил давамида россиялик 11 нафар спортчи допинг истеъмол қилгани аниқлангани сабаб бўлди.

- Бир неча допинг тестлари ижобий натижа кўрсатгани, албатта, бизда хавотир уйғотди. Мен Россиянинг Спорт ишлари бўйича вазири жаноб Виталий Мутко билан учрашдим. Мен бу ҳақда уни огоҳ қилдим. У вазиятни яхшилаш учун бор имкониятни ишга солишини айтди. Шунингдек, Россия Федерацияси президенти жаноб Дмитрий Медведев билан ҳам учрашдим ва допингга қарши кескин чоралар кўриш кераклигини айтдим. У шундай чоралар кўришни ваъда қилди, - деди Жак Рог.

Ванкувер Олимпиадасида охирига етган биринчи допинг ишида муз устида хоккей бўйича россиялик Светлана Терентевага огоҳлантириш эълон қилинди. Аммо у дисквалификация қилинмади.

Халқаро Олимпиада қўмитаси вице президенти Томас Бахга кўра, Терентеванинг қони таркибида бурунга сепиладиган дори таркибида бўлган “енгил стимулант” топилган. Аммо бундай модда учун спортчилар мусобақадан четлатилмайди. Текширув жараёнида у боши музлагани учун шундай доридан фойдаланганини тан олган. Агар Олимпиада пайтида яна шундай воқеа қайтарилса, у дисквалификация қилинади.

Канаданинг Ванкувер шаҳрида икки ҳафта давом этадиган Олимпиада мусобақаларида минглаб допинг тести ўтказилади.

Жаҳон антидопинг агентлиги президенти Жон Фахей допинг тести ҳар қачонгидан мукаммал бўлиб бораётгани боис Олимпиада ўйинларида допингни четлаб ўтиш имконсиз эканини айтди.

- Вақт ўтган сари қатор услубларни қўллаш орқали биз фаолиятимизни такомиллаштириб боряпмиз. Биз бир йил олдингига қараганда анча билағонмиз. Биз фаолиятимизни такомиллаштиришда давом этамиз. Бу агентлигимиз ва дунёдаги барча антидопинг ташкилотларини анча самарали ишлашига ёрдам беради, - деди Жон Фахей.

2010 йилги қишки Олимпиада ўйинларида 80та давлатдан 2 минг 700дан ортиқ спортчи иштирок этади.

Германия, АҚШ, Россия, Австрия ва Канада спортчилари қишки Олимпиада медаллар учун асосий даъвогар экани айтилмоқда.

Ўзбекистондан Ксения Григорева ва Олег Шамаев тоғ чанғи спорти бўйича, шунингдек, Анастасия Гимазетдинова фигурали учиш бўйича қишки Олимпиаданинг олтин медал учун курашади.
XS
SM
MD
LG