Линклар

logo-print

Янгасиз қиз¸қизми ёки чимилдиқ бўсағасидаги гурунг

  • Сарвар Усмон

Янгалар¸ одатда ишлар битиб¸ келин салом қилингандан кейин¸ ортга қайтади¸ дейди "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган янга"лардан бири.

Янгалар¸ одатда ишлар битиб¸ келин салом қилингандан кейин¸ ортга қайтади¸ дейди "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган янга"лардан бири.

"Ўзбекнинг сўзи қизиқ¸ сўзимас ўзи қизиқ"¸ дегич эди марҳум Ҳожибой қизиқ. Дўппини бошдан олиб ўйласангиз¸ ўзбекнинг қизиқлигини кўрсатадиган одатлардан бири асрлардан бери ўзгаришсиз қолаëтган "янга институти"дир. Қайси янгаю¸ қанақа институт¸ бунисини хизмат кўрсатган янгаларнинг ўзларидан билиб оласиз.

Озодлик: Сиз Ўзбекистонда хизмат кўрсатган янга бўлиб қолибсизда-а?

- Орден бермаяпти холос.

Суҳбатдошимиз – “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган янга” – андижонлик Ҳалима опа. У – "Ўзбек дунёси" эшиттиришининг асосий меҳмони.

Бошқа меҳмонларимиз ҳам бор: жиззахлик Нодира янга, хивалик Бибижон янгалар.

“Янга” баъзи жойларда “келинойи” сўзининг синоними.

Лекин бутун Ўзбекистону унинг қўшниларида “янга” сўзининг алоҳида юки бор.

Янга - келин томоннинг куёв томонга жўнатилган фавқулодда ва мухтор элчиси.

Бугунги эшиттиришимиз ана ўша элчилару уларнинг янгалик фаолияти билан боғлиқ масалалар хусусида.

Ҳалима янгадан сўраймиз:

Озодлик: Ҳаммаси бўлиб нечта тўйда янга бўлгансиз?

- Санаб чиқиш керак эдида. Йўқ деганда 30 тача бор¸ дейди Ҳалима янга.

Муқаддима ўрнида

Э йўқ, бе йўқ, нима учун янгаларни гапга солиб қолишди, деб ҳайрон бўлманг.

"Ўзбек дунёси" қандайдир бир маънода этнографик эшиттириш ҳамдир.

Лекин айнан шу мавзуни танлаганимизнинг яна бир боиси Умида Аҳмедовага бориб тақалади.

“Бокиралик юки” фильми учун Умида Аҳмедовани Ўзбекистонда судладилар.

Уни судга берганлар фикрича, Аҳмедова ўз фильми билан миллий урф-одатларни топтаганмиш.

Лекин фильмни диққат билан кўрганлар фикрича, муаллиф одамлар бир-бирига эҳтиётроқ бўлиб муомала қилсин, келин билан куёвга никоҳ кечасида ортиқча руҳий босим ўтказмасин, демоқчи бўлган холос. Бор гап шу.

Қийин-қийин Теша тегмаган мавзуга текканга қийин.

Умида мавзуга биринчи бўлиб қўл уриб қўйди ва уни судладилар.

Азиз ўқувчи, дўппини ерга қўйиб (майли опалар рўмолини ечмай эшитаверсинлар), инсоф билан айтингчи, тўйдан кейин э йўқ, бе йўқ ўзини осиб қўйган куёв бола, сирка ичиб ўливолган келин болалар тўғрисидаги гапларни наҳотки эшитмагансиз?

Бундай даҳшатли гапларни ҳар қишлоқда бўлмасаям, икки қишлоқнинг бирида эшитиб қолиш мумкин-ку?

Бу ҳақда ҳамма висир-висир қилади. Ўзларича тахминлар қилишади. Ўлволганнинг гўрига ғишт қалашади. Ёмонотлиққа чиқаришади. Лекин бирон киши эй биродарлар, тўхтанглар, сабаблар тўғрисида гапирайлик, сабаблар мана бунда, ана унда демайди.

Шахсан мен Ўшнинг Сулаймон тоғидан ўзини ташлаган йигитлару қизлардан кейин биров шундай деганини эшитган эмасман.

Кўп гапирвордим. Янгалар билан суҳбатларга ўтиш учун керак эди бу гаплар.

Янга итоатга ва яна бир нарсаларга ўргатувчи

Озодлик: Янганинг вазифаси нимадан иборат?

- Янганинг вазифаси келинга йўл-йўриқларини ўргатиш. Бошидан энди аëллик вазифасини бажаришни айта бошлаш керакда. Мусулмончиликда қанақа қонун-қоидалари бор? Биринчи¸ бу нарса тоат-ибодатдан бошланадида. Ундан кейин куëвга қанақа вазифаларни қилиш кераклигини айтиш керак. Куëвни ишга кетаëтганда¸ куëв ишдан келганда¸ умуман ўша уйда қайнона¸ қайнота нечта одам бўлса¸ ҳаммасининг ҳурматини жойига қўйиш керак. Ота-онасиникига бориш учун хўжайинидан¸ уйидаги одамлардан ижозат сўраб¸ йўл-йўриғи билан бориш кераклигини айтиш керак. Янга шуларнинг барчасини тушунтирадида. Янга бекорга ëстиқ пули олмайдида¸ дейди Ҳалима янга.

Ҳа, янга хизмати учун ёстиқ пули олади. Куёв бола эрталаб келин болани уйда қолдириб чиқиб кетар экан, ёстиғининг тагига пул қўяди.

Келин бола бугунча малика. Малика иш қилмайди. Ўринни йиғмайди.

Баландлиги қарийб бир метр қилиб тўшалган ўринни янга йиғади. Йиғаётиб, куёв бола ўз ёстиғи остида қолдирган пулни олиб, киссасига солади.

Янганинг зиммасидаги вазифа масъулиятли. Ҳозир ўзингиз эшитдингиз. Келин болани янги хонадондаги ҳаёт учун тайёрлайди.

Итоатга, итоатга ва яна итоатга ўргатади.

Итоат қилмаган келин келинми, дейди ўзбекнинг қайноналари айвоннинг тўрига қалин қилиб солинган жойда пашшаўлдиргич билан ўзини елпиб ўтирар экан.

Янга – “Тез ёрдам”

Янга, “тез ёрдам”нинг ҳам вазифасини бажаради керак бўлса.

Жиззахлик Нодира янгадан эшитинг:

- Баъзи бир ҳолатлар бўлади¸ экстренний вазиятлар бўлиб қолади. Бу ҳаëт бир текисда кетавермайди. Скорий чақирадиган пайтлар бўлиб қолади. Биласиз бу нарса жуда нозик масала бўлгани учун янганинг бўлгани яхши деб ўйлайман¸ дейди Нодира янга.

Хуллас, ўзбекнинг янгаси ҳам тарбиячи, ҳам инструктор, ҳам “тез ёрдам”.

Янганинг асосий вазифаси

Шариатда шарм йўқ дедикда, андижонлик янгадан индаллосини сўрамоқчи бўлдик. Лекин “Янганинг асосий вазифаси ....... ўша қиз болани .......” деб чайнала бошловдик, анжанлик янга Ҳалима опа дедилар:

- Албаттада. Биринчи “ашини” назорат қиладида. Сизга айтмаëтган эдимда. Биринчи шуни назорат қилади. Қиз бола қиз болами ëки қиз бола эмасми шуни ниҳоятда эҳтиëт бўлиб¸ қандай нима қилишларининг йўл-йўриқларини ўша ерда наблюдение қилиши керакда¸ дейди Ҳалима опа.

“В обшем, наблюдение” қилиш керак “ашини”. Наблюдениесиям бор бўлсин.

“Коллективний” янгалар

Жиззахнинг Арнасойида яшайдиган Нодира янга “наблюдение”нинг зўрини айтиб берди. “Наблюдение” бўлиб ҳам “коллективний”си:

Нодира янга: Жиззахнинг ўзида бўладиган бўлса¸ масалан биз келин тушириб бориб қолдик. Келин тушириб борганимиздан кейин биринчи оқшом қиз томондан нечта одам борган бўлса¸ битта уйда келин-куëв билан бирга ëтиши шарт бўлар экан.

Озодлик: Келин-куëв ëтган хонадами?

Нодира янга: Ҳа. Қиз тушириб борган меҳмонлар ўша уйда ëтиши шарт бўлар экан.

Озодлик: Қаерда бу?

Нодира янга: Жиззах шаҳарнинг ўзида бу. Шунақа экан. Одати ҳам шунақа экан. Унга ҳам анча бўлиб қолди. Барибир одат ўзгармайди¸ ўзи бўйича қолаверадию¸ шунақа экан.

Озодлик: Масала нозик. Тушунишимиз учун уят бўлса ҳам сўрашга тўғри келади. Мана келин-куëв ëтган хонада меҳмонлар ҳам ëтишибди. Ўша меҳмонлар кўзида келин-куëвлар қўшилиши керакми?

- Йўқ¸ бу ўша куни ўша нарса бўлмаслиги учун. Ўша нарса бўлмаслиги учун шундай бўлар экан. Бизнинг тўйларимизда юз очди деган нарса бўлади. Юз очдиси ўтиб ҳамма ака-ука¸ жигар¸ қариндош-уруғлар кўргани кириб¸ саҳар соат 3 да шундай бўлди¸ ундан кейин тирикчиликни ўзлари қилишади¸ дейди Нодира янга.

Қизиқда, ўзбекнинг “тирикчилиги”.

Келин-куёвнинг хобхонасида, қалинлиги бир метрли хобжойнинг атрофида меҳмон аёлларнинг тизилиб ўтиришини Андижоннинг қишлоқларида ҳам бундан бир неча йил олдин кузатиш мумкин эди.

Ҳар ҳолда Ҳалима янга шундай деб эслади.

Ҳалима янга: Биз Асакага ҳам келин тушириб борганмиз. Чамаси 25 йил бўлиб кетди. Ўшанда борганимизда¸ биз унда анча ëшроқ эдик¸ катта-катта хотинлар “Шу ерда ëтиш шарт. Ëтади” деб шу ерда ëтиб қолишган. Биз бошқа хонага чиқиб кетиб ëтганмиз.

Озодлик: Қаерда ëтиб қолган?

Ҳалима янга: Асакадада. Келиннинг теварагида.

Озодлик: Тушундим Асакада. Келин-куëв ëтган хонада ëтиб қолишганми?

Ҳалима янга: Ҳа¸ ўшанинг теварагида ëтишаверар экан қоровуллашиб. Худди қочиб кетадигандек.

Озодлик: Сиз ўз кўзингиз билан кўрганмисиз шуни?

- Ҳа. Биз энди бошқа уйга чиқиб кетиб ëтганмиз¸ дейди Ҳалима янга.

Қизиға?

Ҳикоямиз бир боғдан, бир тоғдан бўлмаяптими, ишқилиб?

Ҳа, энди боғдан бўлсаям, тоғдан бўлсаям қайтадиган жойимиз бир.

Бўл-бўл, тез бўл, ўғил боламисан ўзи...

Қайтадиган жойимиз янганинг пости.

Ҳалима янга эса, постнинг яхши соқчиси. Суҳбатни келган жойидан давом эттирамиз.

Озодлик: Қиз бола унақа ҳаëт кўрмаган. Кўпинча ўғил болалар ҳам унақа ҳаëтни кўрмаган. (Тушунаётгандирсиз, қанақа ҳаётни айтаётганимни?) Янга эшик тагида туриб олса¸ у бола бечораларга қийин бўлмайдими? У руҳиятига таъсир қилмайдими? Ўйламаганмисиз шу томонини?

- Мисол учун шунақа нималар ҳам бўлганда. Яқинда ўртанча қизимнинг қайнопаси қизини берди. Бола ҳам¸ қиз ҳам ëш. Мен бир кун ëтдим¸ икки кун ëтдим. Иккалови кўнгил топиша олмади. Икки кундан кейин онасига “Энди бу шарт бўладиган иш эмас. Бу кўнгил иши. Қачон кўнгил топишганда¸ топишаверади. Энди пойлаб¸ талаб этиб бўладиган иш эмас. Буларни хижолат қилмасдан ўз ҳолига қўйинг. Энди буларни қистаманг¸ хижолат қилманг” деган эдим¸ “Бўпти” деди. Мен уйга келдим. Бир кун уйда ëтдим. Эртаси куни хурсанд бўлиб “Суюнчи беринг. Ундай бўлди¸ бундай бўлди. Бўлди иш битди” деб телефон қилишди¸ дейди Ҳалима янга.

Яхши бўпти. Иш битибди. Эътибор бердингизми, азиз ўқувчи, янга кетиб қолганидан кейин битибди иш.

Лекин хивалик янгалар то ғалаба карнайлари чалиниб, зафар байроқлари ҳилпирамагунича, постидан жилмайди.

Ҳар ҳолда Бибижон янганинг гапи шундай.

Озодлик: Бибижон опа¸ янга куëв боланинг уйида неча кун ўтиради?

Бибижон янга: Икки кун ўтиради. Шу қиз қиз бола бўлгандан кейин эртасига келин салом бўлади. У куни ҳам қолади. Кечқурун куëв барак бўлади. Кейинги куни тахларни йиғиштириб¸ қизлигини тушунтириб олиб келади.

Озодлик: Энди иссиқ жон. Одамда ҳар хил вазият бўлиши мумкин. Келин болада ҳам ҳар хил вазият бўлиши мумкин. Икки кунда улгуришмасачи?

- Энди ..... кейин .... энди уни янга докторга олиб бориши керак. Қайнона-қайнотасига тушунтириши керак. Ишқилиб янга қиз бола қиз бўлмагунча уйга келмайди¸ дейди Бибижон янга.

Оғиракан хоразмлик янгаларга.

Андижонлик янгамизга қайтамиз.

Янга – участковой мелиса

Озодлик: Мана сиз камида 30 марта янгалик қилган экансиз. Ўша келин-куëвларни¸ билмайман¸ бошқа сўз топа олмаяпман¸ энг узоқ пойлаганингиз неча кун бўлган?

Ҳалима янга: Мен уч кун ëтганманда кейин “Бўпти¸ сизлар энди дам олиб туринглар” деб уйимга қайтиб кетиб уч-тўрт кундан кейин ҳам борганман. Бу шунақа илоҳий нарсада. Бировни унақа мажбурлаб бўлмайди. Ўғил бола ҳам тарбияли¸ ўзига лойиқ жўраларидан информация олиши керак. Қиз болага ҳам янга йўл-йўриғини тушунтирадида.

Озодлик: “Ëстиқ пулини ҳалоллаб олиб кетаман. Керак бўлса бир ой ҳам ëтавераман” дейдиган янгалар ҳам бўладими?

Ҳалима янга: (кулиб) Йўғе¸ унда уят бўлади. Янга икки кун ëтгандан кейин агар улар кўнгил топиша олмаса¸ ўғил боланинг онаси янгага берадиган жиндай латтасини¸ подаркасини тугиб беради. Янга нахалный бўлиши керак эмасда. “Бу ëғига Оллоҳ тўзим бериб¸ инсоф бериб Оллоҳ илгари қилсин. Энди мен борай” деб эшикка чиқариб ҳаммаси билан кўриштириб¸ салом бердириб¸ бир пиëладан чой бердириб¸ йўл-йўриғини қилиб¸ “Энди чиройли қилиб хизматини қилаверсин. Қачон ўзлари топишганда¸ топишиб олади” деб келавераман.

Озодлик: Кўпинча иш охирига етмасдан кетиб қоласиз экан-а?

Ҳалима янга: Ҳа.

Озодлик: Шу ҳам у бечоралар қийналганини айтиб турибди. Умуман одамлар янга деган нарсани ортиқча деган қарорга келса бўлмайдими?

Ҳалима янга: Энди бу илгаридан бўлиб келган нарса. Қиз боланинг қиз бола ëки қиз бола эмаслигини оқлаб бериш учун ўшаларга как будто участковой мелиса қўйиб қўядида. Бу алмисоқдан бери қолиб келган эканда.

Озодлик: Жуда чиройли айтдингиз. Янга участковой мелиса. Шу участковой мелиса қиз болани текширишга керакми?

- Менимча ҳам керак эмас. Олаëтган одам ўша қизнинг наслини¸ авлодини билиб ишониб олаяпти. Йигит ҳам ўша қизнинг ҳалол¸ поклигини билиб олаяпти. Олаëтгандан кейин учинчи одамни третий лишний қилиб нима кераги бор¸ дейди Ҳалима янга.

Андижонлик Ҳалима янга, сезган бўлсангиз, келажакдаги ёстиқ пулларидан, оладиган бошқа совғаларидан кўзини чирт юмиб воз кечвормоқчи.

Жиззахлик Нодира янгаям янгалик институти эскириб қолди, деган фикрда. “Янгалик Институти” деган иборани мен ўзимдан қўшдим. Чиройли-а?

Нодира янга соддароқ гапирди.

- Ҳозирги замонда менимча эскириб қолди. Ўша нарса сингиб қолган одамлар бу нарсадан воз кеча олмайди лекин. Ҳозир реал жизн ҳамма нарсани кўрсатиб тургандан кейин бизнинг замонамизга келиб янганинг уже кераги йўқ бўлиб қолди¸ дейди Нодира янга.

Лекин хивалик Бибижон янганинг бу масаладаги позицияси қатъий. Янгасиз келин келинми, деб масалани кўндаланг қўяди у.

- Ўзбек халқида янга бўлмаса¸ қиз қиз ҳисобланмайди. Келин ҳам бўлмайди у¸ олмайди ҳеч ким уни. Янгасиз қиз қиз бўлмайди¸ дейди Бибижон янга.

Янгасиз қиз қиз бўлмасмиш, Бибижон янганинг фикрича.

Шахсан мени бир нарса ўйлантиради

Ўзбек қиз чиқарар экан, бўлажак қудаларнинг насл-насабини суриштиради.

Ўзбек ўғил уйлар экан, бўлажак қудаларнинг насл-насабини суриштиради.

Ўзбек кўпинча, қариндошига, яъни синашта оилага қуда бўлади.

Қариндошининг қизи ўз қизидай, кўзининг олдида катта бўлди, қоғозга ўралган қанддай гард юқмай ўсди.

Лекин шунга қарамай, барибир янгасиз иш битмайди.

Янга институтини ҳеч бир ўзбек ўзига, қоғозга ўралган қанддай гард юқмай ўсган қизига ҳақорат, деб қабул қилмайди.

Нега шундай?

Ё мен бироз оширвордимми?

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG