Линклар

Имомали Раҳмон ворисликка ўғлини танлади


22 ёшли Рустам Раҳмон хизмат пилампояларидан тезлик билан кўтарилмоқда.

22 ёшли Рустам Раҳмон хизмат пилампояларидан тезлик билан кўтарилмоқда.

Ҳукмрон Тожикистон Халқ демократик партияси президент Имомали Раҳмоннинг катта ўғли - 22 ёшли Рустамни Душанбе шаҳар мажлиси депутатлигига номзод қилиб кўрсатди. Таҳлилчиларга кўра, бу президент Имомали Раҳмоннинг "ворис" операцияси доирасидаги навбатдаги тадбирдир.

Таҳлилчиларнинг айтишларича, Имомали Раҳмон “ворис” операциясини бошлаган.

Энди Рустам Раҳмон ёш ва лаёқатли сиёсатчи сифатида босқичма босқич кўтарила бошлайди. Кейинчалик у ҳукмрон Халқ демократик партияси етакчиси бўлади. Ҳозирча эса Рустам Раҳмон бирорта жабҳада ўзини кўрсатганича йўқ.

2009 йилда Рустам республика Ëшлар қўмитаси раисига ўринбосар этиб тайинланган.

Кейинчалик эса Инвестиция ва давлат мулки қўмитасининг тижорат бошқармаси раҳбари лавозимини эгаллаган эди.

Имомали Раҳмон фарзандлари ёш бўлишига қарамай, мансаб пиллапояларидан юқорилаб бораётгани тожик жамиятида турлича талқин қилинмоқда

Мухолифат партиялар вакиллари эса президентни ўз ҳокимиятини мустаҳкамлашга уринаётганлигини айтмоқда.

Таҳлилчи Мурод Сангиновнинг айтишича, Тожикистон президенти икки мақсадда ўз фарзандлари ва яқинларини раҳбарлик лавозимларига тайинламоқда.

- Биринчидан, президент бугун ўз атрофидагиларга ишонмай қўйган, жумладан, парламентга ҳам.

Тожикистонда сўнгги йилларда бўлиб ўтган воқеалар, президентга яқин бўлган кишиларнинг узоқ муддатларга қамалгани,отиб ўлдирилгани шундан далолатдир.

Энди парламент масаласини олсак. Парламентда Имомали Раҳмон сиёсатига зид доиралар вакиллари анчагина. Боз устига унга яқин бўлган Душанбе мэри Махмадсаид Убайдуллоев ҳам охирги пайтларда бир четда қолиб, сиёсий саҳнада кўринмайди.

Ниҳоят атрофидагиларга ишончсизлик сабаб биринчи навбатда ўз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида яқинлари ва фарзандларидан иборат ҳайъат тузмоқда.

Назаримда президентнинг бу рафтори амалдаги қонунлар, Конституцияга, қолаверса, ўз халқига нисбатан ўта ҳурматсизликдир, - дейди Мурод Сангинов.

Зиёли Бахтиёр Мирзонинг фикрича Тожикистон президенти фарзанадларининг сиёсатга жалб этилиши Марказий Осиё раҳбарларининг сиёсатига тақлид қилишдан бошқа нарса эмас.

- Ворис танлаш Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ўртасида анъанага айланиб бормоқда . Бундай тажриба Ўзбекистонда бошланди. Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова бунга мисолдир.

Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам худди шундай вазият. Айтмоқчиманки, Марказий Осиё раҳбарлари ким кўпроқ ўз фарзандини сиёсат майдонига торта олиши жабҳасида мусобақа бошлаган.

Бу мусобақада Имомлаи Раҳмон ғолиб чиқиши аниқ, чунки унинг тўққизта фарзанди бор, - дейди зиёли.

Бироқ келажак ёшларники ва уларни қўллаб қувватлаш керак деган фикрни билдирган таҳлилчилар ҳам бўлди.

- Биз доим келажак ёшларники, уларга имкон бериш керак , деймиз. Ана қўшниларимиз Ўзбекистон, Қозоғистон , Қирғизистонга қаранг, кўп соҳаларда, хусусан, иқтисодда биздан илгарилаб кетган.Чунки,бу республкаларда давлат идораларини ёшлар бошқармоқда.

Улардаги кўплаб лавозимларни ёши 50, ҳатто 40 дан пастроқ бўлган ёшлар эгаллаган. Бу жуда тўғри практика, чунки ёши 50 дан юқори бўлган кишилар бозор иқтисодиёти шароитига мослаша олмайдилар.

Биздаги раҳбарлар ёшига разм солинг, 90 фоизи 60 ва ундан ортиқ. Мана шу нуқтаи назардан қаралганда, ёшларга кенг йўл очиб бериш лозим.

Рустам ва Озода Раҳмонларнинг ҳам сиёсат майдонига кириб келишида ҳеч бир ғайриоддий ҳодиса кўрмаяпман. Зора ҳозирги прездентнинг фарзандлари ҳадемай Ўзбекистон билан муносабатларимизнинг яхшиланиши йўлида амалий тадбирлар кўришса, - дейди кузатувчи Бахтиёр Валиев.

Бугун президентнинг ўндан ортиқ яқинлари ҳам давлат идораларида муҳим лавозимларини эгаллаган. Жумладан, президентнинг куёвларидан бири Тожикистон Молия вазири ўринбосари, яна битта куёви Тожикистон Иқтисодий биржаси раиси, бошқа бир куёви эса Тожикистоннинг Қозоғистондаги элчиси бўлиб ишлайди. Шунингдек, Имомали Раҳмоннинг бир амакивачаси республикадаги йирик “Ориёнбанк” раисидир,

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG