Линклар

Маржоҳда ҳарбий амалиётлар бошланди


Афғонистон расмийларига кўра, Ҳелманд вилоятининг Маржоҳ шаҳрида бошланган кенг кўламли ҳарбий амалиётлар чоғида 20га яқин жангари йўқ қилинган.

Афғон қўшинлари қўмондони генерал Муҳаммад Зазоий сўзларига кўра, амалиёт чоғида, шунингдек, 10дан зиёд жангари асир олинган ва кўп миқторда курол-аслаҳа қўлга киритилган.

Афғонистон Мудофаа вазири Раҳим Вардоқ Кобулда бўлиб ўтган матбуот анжумани чоғида жангарилар асосан Маржоҳ шаҳрининг марказий бозори атрофига ўрнашиб олганликларини билдирди.

Бундан бир оз аввал мамлакат президенти Ҳамид Карзай толибон жангариларини ўз қуролларини топширишга чақирди. Карзай шунингдек, ҳарбий амалиётлар чоғида тинч аҳоли вакилларига талофот етказмаслик чақириғи билан чиқди.

Маржоҳ шаҳрида бугун эрта тонгда бошланган амалиётларда АҚШ, Буюк Британия ва Афғонистон қўшинларининг 15 минга яқин аскари иштирок этмоқда.

Толибон жангариларининг сўнги истеҳкомларидан бири ҳисобланган Маржоҳ шаҳрида қанча жангари борлиги ҳозирча аниқ эмас. АҚШ ҳарбийлари шаҳарда 400-1000 жангари беркинаётганини тахмин қилмоқда.
XS
SM
MD
LG