Линклар

Толибларга қарши катта амалиёт бошланди


Маржоҳдаги ҳарбий амалиёт

Маржоҳдаги ҳарбий амалиёт

НАТО ва Афғонистон ҳукумат кучлари Толибон жангариларининг истеҳкомларидан бири ҳисобланган Маржоҳ шаҳрида кенг кўламли ҳарбий амалиётлар ўтказа бошлади.

13 феврал куни эрта тонгда АҚШ, Буюк Британия ва Афғонистон армиясининг 15 минга яқин аскари мамлакат жанубида Толибларнинг сўнги истеҳкомларидан бири бўлган Маржоҳ шаҳрида кенг кўламли ҳарбий амалиётлар ўтказа бошладилар.

Бу Афғонистонда уруш бошланган 2001 йилдан буён Афғонистон армиясининг халқаро кучлар билан биргаликда жангариларга қарши олиб бораётган энг йирик ҳарбий амалиётларидан биридир.

Афғонистон расмийларига кўра, “Муштарак”, деб номланган ушбу амалиётларнинг дастлабки соатлариданоқ ҳарбийлар 20га яқин жангарини йўқ қилишга муваффақ бўлган.

Ҳелманд вилояти ҳокими Гулаб Мангал бугун бўлиб ўтган матбуот анжумани чоғида минтақада қайта назорат ўрнатилиши расмийларнинг маҳаллий ҳокимиятни ва хавфсизликни мустаҳкамлаб олишига хизмат қилажагини таъкидлади.

-Аввал олиб борилган ва ҳозирда бошланган ҳарбий амалиёт ўртасидаги асосий фарқ шундан иборатки, минтақада назорат ўрнатилгандан сўнг қўшинларимиз стратегик жиҳатдан муҳим бўлган ҳудудларга қолади. Ҳарбий амалиёт режаларимизнинг биринчи қадамидир. Кейинчалик биз фуқаролар учун мўлжалланган дастурларни бошлашни режалаганмиз,- деди Ҳелманд вилояти ҳокими.

Айни пайтда Афғонистон президенти Ҳамид Карзай Толибон жангариларини ўз қуролларини топширишга чақирди. Карзай, шунингдек, ҳарбий амалиётлар чоғида тинч аҳоли вакилларига талофот етказмаслик чақириғи билан чиқди.

Тинч аҳоли вакилларининг хавфсизлиги НАТО олдида турган муҳим масалалардан биридир. Боиси афғонлар халқаро кучларни ўз амалиётлари чоғида кўп сонли тинч аҳоли вакилларини ўлдирганликда айблаб келади.

Маржоҳ шаҳрида ҳам фуқаролар орасида талафотлар кўрилгудек бўлса, АҚШ қўллаб қувватлаб келаётган ҳукуматнинг фуқаролар ишончини қозонишга қаратилган уринишларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Тинч аҳоли вакиллари орасида талафотлар кўрилиши олдини олиш мақсадида халқаро кучлар маҳаллий аҳоли орасида режаланган ҳарбий амалиётлардан огоҳлантирувчи варақалар тарқатди.

Маржоҳ шаҳрида истиқомат қилувчи Ҳажи Мер Дил фикрича, халқаро кучлар аҳоли зич яшовчи ҳудудда оғир қуроллардан фойдаланмаслиги даркор.

-Минтақага киритилган кўп сонли ҳарбийлар танк ва замбараклар каби оғир қуролдан эмас, балки пиёда қўшинларидан фойдаланишлари шарт. Агар бундай қуроллар қўлланиладиган бўлса, одамлар бу ҳудудларни тарк қилишлари лозим,- дейди Маржоҳ шаҳрилик Ҳажи Мер Дил.

Маржоҳликларнинг кўп қисми Ҳелманд вилоятининг маркази ҳисобланган Лашкар Гоҳ шаҳридан бошпана топдилар.

-Биз ҳозиргина Маржоҳ шаҳридан келдик. Қишлоғимиз атрофида тўқнашувлар рўй бермоқда ва у ердаги вазият тиғиз. Лашкар Гоҳда тургани жойимиз йўқ, мен бирон бир уй ижарага олишим шарт, бу эса мен учун бир оз мушкул,- дейди маржоҳлик қочқин.
XS
SM
MD
LG