Линклар

logo-print

Озодликка сим қоққан муштарийлардан бири ўзи яшаётган ҳудудда газ таъминотида узилиш бўлганидан шикоят қилди.

Қизилтоғда 5 февралдан бери газ йўқ

Бу ҳақда қизилтоғлик тингловчиларимиздан бири хабар қилди.

- Тошкент вилояти Қизилтоғ қўрғонида яшайман. Кўп қаватли уйларда 5 февралдан бери газ узилган.

Озодлик: Демак¸ сизлар 5 февралдан бери кўп қаватли уйларда газсиз ўтирибсизлар.

- Ҳа.

Озодлик: Демак¸ кўп қаватли уйда¸ хусусан сиз яшаëтган уйда ҳам овқат қилишга газ йўқ.

- Иситишга ҳам йўқ.

Озодлик: Иситишга ҳам йўқми?

- Ҳа. Иситиш учун газдан фойдаланамизда.

Озодлик: Агар марказий иситиш тизими ишдан чиққан бўлса¸ кўп қаватли уйни қандай қилиб газ билан иситиб келаëтган эдингизлар?

- Духовкани¸ конфоркаларни ëқиб қўйиб иккита уйни иситардик. Бошқа иложимиз йўқ. Кўп қаватли уйда печка қўйишнинг иложи йўқ. Буни ўзингиз ҳам яхши билсангиз керак. Шунинг учун газ ëқиб иситардик.

Озодлик: Мана бир ҳафтадан бери газ йўқ экан. Уйни қандай қилиб иситаяпсзиалр?

- Ҳозирги пайтда свет бор пайтида ëқиб фойдаланиш учун плита қўйганмиз. Шунда битта хонани иситаяпмиз. Ўтирадиган ва ëтадиган хонамизни иситаяпмизда.

Озодлик: Газ билан таъминлайдиган ташкилотга арз қилдингларми?

- Мана ҳозир соат 12 да Ангрендан комиссия келди текшириб. Ваъда қилишди. Икки-уч кун ичида дейишди. Лекин қачон бўлиши ҳали номаълум. Ангрендан ҳоким ўринбосари келиб¸ йиғилиш соат 2 да тугади. “Баъзи бир майда муаммоларни ҳал қиламиз” деб ваъда қилишди¸ дейди исмини айтмаслигимизни сўраган қизилтоғлик тингловчимиз.

Эшитганингизга шуни қўшимча қилмоқчимизки, тингловчимиз яшайдиган Қизилтоғ шаҳарчаси Тошкентдан жануби-шарқда, Ангрен шаҳри атрофида, пойтахтдан 60 км масофада жойлашган кончилар шаҳарчасидир.

Совет даврида бу шаҳарча Красногорск, деб аталар, унга 1953 йили асос солинган бўлиб, узоқ йиллар "Москва таъминоти"даги аҳоли пунктларидан бири ҳисобланар эди.

Мустақиллик йилларида Қизилтоғда ишсизлик авж олиб, шаҳарча "ўлаётган" аҳоли пунктларидан бирига айланиб қолди.


“Соқоли ўсиб кетган” муаммо

Тожикистоннинг Истаравшан (собиқ Ўратепа) ида яшайдиган тингловчимиз Эркин микрофонга қўнғироқ қилиб, Сирдарё вилоятида яшайдиган қариндошлариникига боролмаётганидан, тожикистонлик эркакларни Ўзбекистон чегарачилари Ўзбекистонга ўтишига рухсат бермаётганидан арз қилди.

Тингловчимиз чегарадан ўтишга охирги марта бир ой муқаддам уриниб кўрди.

- Эркаклар умуман ўта олмайдида. Разрешение йўқ дейди. Хотинларни ўтказади¸ эркакларни ўтказмайди.

Озодлик: Ўшанда хотинингиз Ўзбекистонга бориб келдими?

- Ҳа¸ бир марта бориб келди. Пул оладида пул.

Озодлик: Ўшанда неча пул тўлаб ўтдинглар?

- 5000 ëки 10 000 тўлаш керак. Солдатлар оладику.

Озодлик: Бир ой олдин хотинингизнинг чегарадан Ўзбекистонга ўтиши учун шахсан сиз неча пул тўладингиз?

- Мен умуман бермадим. Қайтиб келдим.

Озодлик: Сиз қайтиб келдингиз. Хотинингиз ўшанда ўтдими ўтмадими?

- Ўтди. Улар ҳам пул бериб ўтган.

Озодлик: Неча пул бериб ўтган?

- 5000.

Озодлик: Боролмаяпти деяпсиз. Мана бир ой олдин борибдику.

- Биз эркакларни қўймайди. Ҳозир амаким касал ëтибди. Уни бориб кўриш керак¸ дейди Ўзбекистон чегарачилари чегарадан ўтказмагани туфайли Сирдарё вилоятида яшайдиган касал амакисини кўриб келишнинг иложини қилолмаётган истаравшанлик тингловчимиз.


Яна бир "соқоли ўсиб кетган" муаммо

Москвада ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат мигрантларидан бири, ўзини Ҳасанбой, деб таништирган тингловчимиз "Эркин микрофон"га телефон очиб, "Мен ҳозир муносиб яшаяпман", деди.

"Эркин микрофон" ундан сўради:

Озодлик: Қорним тўқ¸ устим бут¸ Худога шукур дедингиз. Ундан у ëғига нима демоқчисиз?

- Ундан у ëғига демоқчиман¸ нимага мана шунақа яхши шароит оддий инсонларга йўқ ўзимизда.

Озодлик: Сиз ҳозир қаердасиз?

- Мен ҳозир Москвадаман.

Озодлик: Яхши шароитингизни тасвирлаб беринг.

- Менинг шароитим бу ерда яхши. Оллоҳга шукур иш бор. Ойлигимизни ҳар доим вақтида беради. Ўзимизда шунақа бўлишини хоҳлайман.

Озодлик: Демак¸ сиз учун яхши шароит ишнинг мавжуд бўлиши ва маошнинг вақтида тўланиши.

- Бизнинг ўзимизда мана шунақа шароит бўлса деганим бу ерга келмай ўзимизда ишлашни хоҳлайман.

Озодлик: Ўзбекистоннинг қаерида шу шароит йўқ?

- Ўзбекистоннинг қаерида бор қишлоқ шароитида? Масалан мен қишлоқ шароитида кўрмадим. Ëш бола эмасманку. Шу нарсани фикрлаяпман сизга.

Озодлик: Сиз ҳозир Москвада яхши деб айтаëтган шароит Ўзбекистонда ҳам бўлиши учун нима бўлиши керак? Нима қилиш керак? Кимдир нимадир қилиши керакку.

- Кимдир нимадир қилиши керак. Фақат бизда буни оддий инсонлар қила олмайди. Бу бизнинг Ўзбекистонимизнинг катталарининг қўлидан келадиган нарса¸ дейди ўз ватанида муносиб яшашни истайдиган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири.

Афтидан, тингловчимиз, Ўзбекистон раҳбариятининг у ёки бу мажлисда қиладиган маърузаларини эшитмайди, статистик маълумотларини ўқимайди.

Эшитганида, ўқиганида билар эди муносиб ҳаёт аллақачон яратилганини. Масалан, мамлакат раҳбарияти 2010 йилда 1 миллионта иш ўрни яратмоқчи.


Ўзбекча гапирмайдиган янги авлод ўсмоқда

деб ташвишланмоқда "Эркин микрофон"га қўнғироқ қилган яна бир тингловчимиз.

Ўрисчаям ўрганмай қўйдику, ўзбекчадан бошқа тил билмай оёқлари тушовланиб қолдику ўзбекистонлик ёшлар, деб аввалига ҳайрон бўлдик.

Йўқ¸ тингловчимиз қўшни давлатларда яшайдиган ўзбек ёшларини назарда тутибди.

- Тожикистонда яшайдиган кўпгина ëшлар ҳозирги кунда ўзбек тилида гаплашмайди. Мана эшитдимки¸ олдин ўзбек тилида гаплашадиган ва ўзбек мактаблари бўлган Туркманистоннинг бир қанча қишлоқларида ҳозирги кунда туркман тилида фаолият юритилмоқда. Яқинда бир тожикистонлик акахон билан суҳбатлашиб қолдим ва у кишидан сўрадим. У киши “Тожикистонда яшовчи 20 ëшдан юқори халқнинг асосий қисми ўзбек тилини билади. Бугунги ëшларнинг билмаслигига асосий сабаб агар Ўзбекистон ҳар тарафлама кучли давлат бўлса¸ бошқа давлатлардан келиб ўқишга ва ишлашга барча имкониятлар очилса¸ бошқа давлатдаги ўзбеклар ўз тилини сақлаб Ўзбекистон томонга интилиши кучаяди” деган фикрни айтди.

Озодлик: Сиз шу фикрга қўшилдингизми?

- Албатта. Бу тўғри фикр. Агар бизнинг республикамиз ниҳоят даражада ривожланса¸ бизга қараб интилиш бўлади албатта. Мисол учун Туркманистондан келиб ўқисин. Албатта ўзбек тилида ўқийди. Мана океан ортидаги Америкага чекка-чеккадан бориб инглиз тилини ўрганишаяптику. Асосий фикрим шуки¸ агар Ўзбекистон давлати ниҳоят даражада кучайса¸ уларнинг бизга қараб интилиши бўлади. Ўзбек тилини мутлақо йўқотмайди улар¸ дейди бу тингловчимиз.

Азиз тингловчи, сизни билмадиму, ўзи Россияда қора иш билан тирикчилигини ўтказиб юрган бу йигитнинг Миллат тақдири, Ватан тақдири устида ўйланиб, ёниб-куйиб айтган бу гапларини эшитар эканман, кўнглим равшан тортди.

"Эркин микрофон"га кечадан буён қўнғироқ қилганларнинг барчасига миннатдорчилик билдирамиз.

Кечадан бери қўнғироқ қилганларнинг барчаси билан боғланишга ҳаракат қилдик.

Баъзилар жавоб бермади. Жавоб берганларнинг кўпчилиги айтган гаплар ҳозир тинглаганингизга ўхшаш мавзуларда бўлгани учун уларни эшиттиришга қўймадик.

***********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.
XS
SM
MD
LG