Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:15

Остона қўшниларга кўмаклашмоқчи


Қозоғистон ҳукумати Тожикистон ва Қирғизистон билан ягона энерготизимни ҳамда автомобил йўлларини бирлаштириш ниятида. Бу ҳақда Қозоғистоннинг Тожикистондаги элчиси Абуталип Ахметов журналистлар билан бўлган учрашувда маълум қилди.

Қозоғистоннинг Тожикистондаги элчиси Абтуталип Ахметов бугунги кунда ягона энерготизимининг ишламаётгани вақтинчалик ҳолат эканини қайд этди.

Қозоғистон элчисининг айтишича, электр энергиясини Қирғизистоннинг Ўш шаҳридан Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрига элтувчи тизимни қуриш масаласи Имомали Раҳмон ва Нурсултон Назарбоев учрашуви чоғида муҳокама этилган эди. Айни пайтда бу борада уч томонлама музокаралар бормоқда ва томонларнинг энерготизим барпо этилишига ишончи комил. Мазкур энерготизим ишга тушгач, Қозоғистон стратегик мақсадларда Афғонистон ва Покистонга ҳам электр энергияси етказиб беришни режалаштириб қўйган.

Таҳлилчилар Ўзбекистоннинг ягона энерготизимдан чиқиб кетиши ва бунинг оқибатида электр энергияси таъминотининг камайиши асосий сабаблар эканлигини айтишмоқда. Ўзбекистон минтақанинг яхлит энергетика халқасини бузиб, 2009 йилнинг декабр ойи бошларида тизимдан расман чиқиб кетганди.

Марказий Осиёдаги ягона энерготизим шўролар даврида бутун минтақанинг ишончли ва узлуксиз равишда электр энергияси билан таъминлаш мақсадида ташкил қилинган эди.

- Бугун бундай тизим йўқ ва аввалги ҳамкорлик ҳам тўхтади. Шу боис янги ягона энерготизим туфайли Ўзбекистон ва Туркманистоннинг электр энергиясига қарам бўлиб қолган Тожикистон ва Қирғизистон ниҳоят бу муаммодан қутулади. Муҳими, Қозоғистон энерготизимда бўлган республикаларга иқтисодий жиҳатдан устиворлик беради, дейди таҳлилчи Карим Ҳомидов.

Қозоғистон томони Роғун ГЭСи қурилишига ҳам қизиқиш билдирмоқда. Бироқ бунинг учун мазкур улкан гидроиншоот халқаро экспертизадан ўтказилиш лозим. Бу ҳақда Тожикистон ва Қозоғистон президентлари учрашуви чоғида ҳам гапирилганди. Айни пайтда Қозоғистон томони Қайроққум сув омборидаги таъмирлаш ишларига шартнома асосида маблағ ўтказиб туришга ҳам ваъда берган.

Қозоғистон расмийсининг сўзларига кўра, уч республикани бирлаштирувчи автомобил йўлларини қуриш режаси ҳам амалга ошиш арафасида. 2008 йил май ойида Сўғд вилоятида учрашган Тожикистон ва Қирғизистон президентлари ана шу йўл ҳақида фикр алмашган эдилар.

- Мазкур йўл қурилиши бўйича ишлар анча илгари бошланган эди. Бироқ айрим сабабларга кўра вақтинча тўхтаб қолди.Энди йўл қурилиши ишларини давом эттириш вақти етган ва биз бу ишни ниҳоясига етказишимиз керак, деган эди Қирғизистон президенти Курманбек Бакиев.

“Глобал Линк” халқаро транспорт компаниясининг Тожкистондаги вакили Мизробиддин Нўъмонов сўзларига кўра, бугун Марказий Осиёдаги бирорта мамлакат транспорт сиёсатини ривожлантиришга қаратилган ягона стратегияга эга эмас. Ҳар бир мамлакат, биринчи навбатда, ўзининг миллий манфаатларини кўзлаган ҳолда иш кўрмоқда. Жумладан, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги автотранспорт ҳаракати бўйича келишмовчиликлар Тожикистон учун жиддий қийинчиликлар туғдирмоқда. Шу важдан ҳам Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистонни боғловчи йўл ишга тушса, Ўзбекистонда минтақадаги ўз қўшниларига босим ўтказиш имконияти камаяди ва бу тадбир унинг транзит давлат сифатидаги аҳамиятини пасайтиради.

- Ўзбекистонлик ҳамкасбларимизнинг бу йўналишдаги фаолиятлари республикага келаётган ва чиқаётган юкларни тўхтаб қолишига сабаб бўлмоқда. Мана, неча йилдирки, икки мамлакат раҳбарлари автомобил транспорти тўғрисидаги ҳукуматлараро ҳамкорликни муҳокама қилишдан нарига ўтмаяпти. Бу эса Тожикистон юк ташувчилари учун Ўзбекистон чегарасида жиддий қийинчиликларни туғдираяпти. Ўзбекистон томони Тожикистондан ўтаётган ва республикага келаётган юкларни ҳафталаб, ойлаб ушлаб туришади, дейди Мизробиддин Нўъмонов.

Кузатувчиларнинг айтишларича, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон ўзининг ягона энерготизими ва автомобил йўлларини бирлаштиришса, пировардида Ўзбекистон минтақада яккаланиб қолиш эҳтимоли кучли.
XS
SM
MD
LG