Линклар

Тимошенко судга мурожаат қилмоқчи


Украина бош вазири Юлия Тимошенко 7 феврал кунги иккинчи давра президент сайловида соҳтагарчиликларга йўл қўйилгани борасида исбот-далилларга эга экани ва сайлов натижаларини бекор қилишни сўраб, судга мурожаат қилишини таъкидлади.

Шанба куни телевидение орқали қилган чиқишида Тимошенко рақиби Виктор Януковичнинг президентлик сайловида қўлга киритган ғалабасини ҳеч қачон тан олмаслигини билдирди.

Иқтидордаги бош вазир, шунингдек, ўз тарафдорларини оммавий норозилик намойишлари ўтказишга чақирмаслиги таъкидлади.

- Бу ишни судга олиб чиқмаслик Украинани ҳеч қандай курашсиз жиноятчилар қўлига топшириб қўйишни англатади. Мен Киев марказида яна бир Майдон ташкил қилишга чақирмайман ва оммавий намойишларга рухсат бермайман. Украинага ҳозир тинчлик ва осойишталик керак. Шунинг учун биз қонуний йўл тутиб, судга мурожаат қиламиз. Бир нарсани аниқ қилиб айтмоқчиман - Янукович бизнинг президентимиз эмас. Келажакда нима бўлишидан қатъий назар, Янукович Украинанинг қонуний сайланган президенти бўла олмайди, деди Тимошенко.

Бош вазирга кўра, айни пайтда ЕХҲТ кузатувчиларидан айримлари 7 феврал кунги сайловда қонунбузарчиликларга йўл қўйилгани хусусида баёнот беришга тайёр.

Украина сайловларини кузатган халқаро, жумладан, ЕХҲТ кузатувчилари иккинчи давра сайловда ҳеч қандай жиддий қонунбузарчиликларга йўл қўйилмаганини таъкидлаганлар.

Тимошенко баёнотига муносабат билдирган Минтақалар партияси расмийси Анна Герман бош вазирнинг судга мурожаати самара бермаслигини айтди.
XS
SM
MD
LG