Линклар

НАТО амалиётлари давом этаётир


Афғонистоннинг Ҳелманд вилоятида халқаро кучларнинг жангариларга қарши қаратилган кенг кўламли ҳарбий амалиётлари иккинчи кун давом этмоқда.

НАТОга кўра, Маржоҳ шаҳри атрофида рўй берган отишмалар чоғида АҚШ ва Британиянинг биттадан аскари ҳамда 20 га яқин жангари нобуд бўлган.

Ҳарбийларнинг билдиришича, Маржоҳ шаҳрига беркиниб олган жангарилар жиддий қаршилик кўрсатгани йўқ ва шаҳар атрофида ўрнатиб кетилган миналар ва пистирмалар туфайли халқаро кучларнинг шаҳар томон ҳаракатланиши бир оз сустлашган.

НАТО қўмондонлиги яқин кунлар ичида Маржоҳ шаҳри ҳамда Над Али туманини жангарилардан тозалаб, ҳукумат назоратини қайта ўрнатиб ва маҳаллий аҳолига мўлжалланган ижтимоий дастурларни амалга ошириш ниятида.

НАТО ўз амалиётларига маҳаллий аҳоли ишончини қозониш мақсадида Маржоҳ оқсоқоллари ва етакчилари билан йиғинлар ўтказди.

“Муштарак” деб номланган кенг кўламли ҳарбий амалиётларда АҚШ, Буюк Британия ва Афғонистон армиясининг 15 мингга яқин аскари қатнашмоқда. Бу 2001 йилда Толибон ҳаракати ҳокимиятдан ағдарилгандан буён халқаро кучларнинг Афғонистонда олиб борилаётган йирик амалиётларидан биридир.
XS
SM
MD
LG