Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:28

Роғун - Марказий Осиëни портлатувчи бомбами?


“Роғун ГЭСининг қурилиши Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида зиддият манбаига айланди” деб номланган давра суҳбати иштирокчиларидан айримлари агар бу ГЭС қуриладиган бўлса¸ минтақани янги сиëсий ва экологик кўргуликларга мубтало қилишидан баҳс этдилар.

Унда Тожикистондан мамлакат социал-демократлар партияси раиси Раҳматулла Зоиров¸ Ўзбекистондан таниқли эколог журналист¸ 20 йил олдин Ўзбекистондаги экологик муаммолар ҳақида биринчилардан бўлиб ëзган Дадахон Нурий, сиëсатшунос Суҳбат Абдулла ва бир пайтлар Туркманистон компартиясининг иккинчи секретари ва Туркманистон сув хўжалиги вазири бўлган Александр Додонов иштирок этади.

1974 йилда Тошкентдаги Ўрта Осиё “Гидропроект” бирлашмаси томонидан лойиҳалаштирилган ушбу ГЭСнинг тўғон баландлиги 335 мертни ташкил этиши керак. Агар қурилиш якунланса¸ Роғун дунёдаги энг баланд ГЭС бўлади.

Ўзбекистон томони Роғун ГЭСи минтақадаги сув тақчиллиги муаммосини янада кескинлаштириши, оқибатда экология ва қишлоқ хўжалигига миллиардлаб долларлик зарар етиши борасида огоҳлантирмоқда.

Роғун ГЭСи сейсмик зонада жойлашган бўлиб, бу минтақада ер кўчкилари содир бўлиб туради. Бундан ташқари, Роғун тўғони остида тош тузига тўлган Ёнахш тектоник ёриғи мавжуд.

Аммо лойиҳачилар Роғун ГЭСига буларнинг таҳдид солмаслигини иддао қилиб келади.

Роғун ГЭСи лойиҳага биноан йилига 13 миллиард кВт/соат электр ишлаб чиқариш ҳисобига мамлакатнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қоплабгина қолмасдан, ортиғини қўшни давлатларга сотиш имконини ҳам беради.

Роғун ГЭСининг қурилишига қарши чиқаётган Ўзбекистон ушбу лойиҳани халқаро экспертизадан ўтказиш лозимлигини таъкидлаб келади. Айни пайда ГЭС қурилишини издан чиқариш мақсадида расмий Тошкент Фарғона водийси билан темир йўл ҳаракатини буткул тўхтатган.

Ўзбекистоннинг аввалроқ Марказий Осиё ягона электр энергия тармоғидан чиқиши расмий Душанбега яна бир огоҳлантирув бўлди.

Бундан ташқари, куни кеча Ўзбекистон томони Тожикистонга газ таъминотини кескин қисқартирди.

Ўзбекистоннинг бундай қадамларига қарамасдан, Душанбе Роғун ГЭСини қуриш режасига қатъиян содиқ қолмоқда. ГЭС қурилишини тўхтатмаслик мақсадида Роғун акциялари чиқарилиб, мамлакат аҳолисига ҳам мажбурий¸ ҳам ихтиёрий равишда сотилмоқда. Йиғилган пуллар ҳисобига қурилиш давом эттирилади.

Роғун борасида Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги тортишувларга халқаро кучлар томошабин бўлиб қолаяпти.

Айрим таҳлилчилар келажакда Марказий Осиёдаги сув тақчиллиги қуролли тўқнашувларга сабаб бўлиши мумкинлигини инкор қилишмайди.

Энг аввало, Тожикистон томонининг фикрига қулоқ берсак. Раҳматулла ака¸ Роғун борасида сизнинг фикрингизни эшитсак.

Раҳматулла Зоиров: Роғун ГЭСининг қурилиши дарҳақиқат зарур. Бу 15 йил олдин ҳам¸ 20 йил олдин ҳам зарур эди. Буни олдинроқ қуриш керак эди. Биз буни 1990-1995 йилларда қуриб бўлган бўлар эдик ва ҳозир у Ўзбекистон учун ҳам¸ Тожикистон учун ҳам хизмат қила олар эди. Роғун ГЭСи икки томон учун ҳам манфаатли хизмат қила олади.

Озодлик: Тожикистон томонининг фикрини эшитдик. Дадахон ака¸ сизнинг фикрингиз қандай?

Дадахон Нурий: Бундан бир қанча вақт олдин Ўзбекистон чегарасига Тожикистон алюмин заводининг қурилишида ҳам “Бунинг ҳеч бир экологик зарари йўқ, Ўзбекистонга ҳам жуда катта фойда келтиради, одамлар иш билан таъминланади” деб бизни ишонтиришган эди. У пайтда замон шунақа эди.

Энди “Роғун ГЭСи тектоник зилзилага чидамли” деб ҳозиргача бизни ишонтиришга ҳаракат қилиб келишаяпти. Бу ГЭС 1974 йилларда планлаштирилган. Ўша пайтларда бундай ГЭСларнинг планлаштирилишининг устида асосан Москва лойиҳачилари турган. “Дунëдаги энг юқори¸ энг катта¸ энг замонавий технология билан жиҳозланган ва энг хавфсиз ягона ГЭС” деб ҳамма ëққа жар солинган Саян-Шуша ГЭСининг аҳволини ҳозир кўриб турибмиз. Роғун ГЭСининг энг тектоник жуда катта зилзилали жойларда қурилиши Ўзбекистонга эмас¸ Тожикистоннинг ўзига ҳам зарар.

Энди бу ерда яна бир гап бор. Раҳматулланинг гапларига қараганда¸ Роғун ГЭСи ўша пайтларда қурилганда¸ икки томонга ҳам ëрдам берарди. Ўша ëрдам битта зилзила ëки битта табиий офат билан чилпарчин бўлиб кетиши мумкин.

Яна бир гап. Ҳозир дунë олимлари кейинги 10 йил ичида зилзиланинг 30 фоизга активлашиши кутилмоқда, деб бутун дунëга айтишаяпти. Демак¸ у ер жуда хавфли зона. Шу хавфли зона дунëда энг кўп сув йиғиладиган ГЭСни бир неча минутлар ичида йўқ қилиб ташлайди. Шунинг учун бу ишни келажакни¸ эртани ўйлаб қилиш керак. 1974 йилларда тузилган план жуда ҳам яхши, деб ҳозир одамларни алдаш кетмайди. Бунинг жавобгарлиги ҳам бор. Инсон манфаати¸ инсон ҳаëти турибди. Қўшни мамлакатлар бировнинг бахтсизлиги орқасидан фойда кўрмаслиги керак. Ахир Ўзбекистон¸ Тожикистон қардош халқларимиз-ку. Ҳеч қачон бундай бўлмаган.

Очиғини айтсам¸ мен Покистон¸ Ҳиндистон журналистлари билан яқин мулоқотда бўлиб тураман. Бундан бир қанча вақт олдин шу журналистлардан бири “Россиянинг ҳозир иккита жуда зўр қуроли бор - биттаси газ қуроли. У бу билан бутун Европани титратиб ташлаши мумкин. Иккинчиси сув қуроли. Бу қурол билан Ўрта Осиë давлатларини бир бирига гиж-гижлаши мумкин” деб айтган эди. Мана, ўтган йил январ ойида газ қуролини қанақа ишлатганини кўрдик. Ҳозир сув қуроли бизга ишлатилаяпти. Айниқса, Кремлдаги ҳозирги жаноблар бизнинг халқлар орасида нифоқ солиш учун бунга жуда катта эътибор бераяпти.

Озодлик: Дадахон ака¸ демак, сиз Роғун ГЭСининг қурилишини хавфли, деб биласиз ва унга қаршисиз¸ шундайми?

Дадахон Нурий: Умуман ўзи жиноий иш бу. “Унга жавоб бераман¸ ҳеч нарса бўлмайди” дейдиганларни суд қилиш керак. Эртага нима бўлиши маълум эмас-ку. Ҳаитида бўлган зилзилани ҳеч ким олдиндан айтиб бера олмади-ку. “Ҳеч нарса бўлмайди” деб инсонларнинг тақдирини елкасига олишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Менимча¸ бунинг ўзи жиноят.

Озодлик: Суҳбат ака¸ энди сиздан эшитсак.

Суҳбат Абдулла: Роғун ГЭСи ҳақида гапиришдан олдин, келинг, статистик маълумотларга назар солиб кўрайлик. Статистик маълумотларга кўра¸ бутун ер юзидаги чучук сув заҳираси 157 триллион куб метрдир. Шундан 37 триллион куб метри Марказий Осиë минтақасига тўғри келади. Шундан Ўзбекистон 3 триллионга яқин¸ Туркманистон 0¸3 триллион куб метр¸ Тожикистон 2¸9 триллион куб метр¸ Қозоғистон ва Қирғизистон 1¸5 триллион куб метрга яқин¸ Озарбайжон 0¸3 триллион куб метрга яқин чучук сувни ўз эҳтиëжи учун ишлатади. Регионда энг кўп чучук сув заҳираларини ишлатиш Ўзбекистон ва Тожикистон ҳиссасига тўғри келади. Сабаби бу икки давлатда экин экиб¸ ўтроқ деҳқончилик қилинади. Хўш¸ Роғун ГЭСининг қурилиши Марказий Осиë минтақаси учун қандай сабаб ва оқибатларни келтириб чиқаради? Бунинг исботини Тожикистон давлати мисолида¸ Тожикистон давлати манфаатидан келиб чиқиб таҳлил қиламиз.

Биринчидан¸ Роғун ГЭСи қурилса¸ Тожикистон давлати жуда кучли сиëсий ричагга эга бўлади. Бу сиëсий ричаг Ўрта Осиë ва Яқин Шарқ¸ Эрон¸ Афғонистонларни бошқариш¸ айрим ҳолатларда баъзи мамлакатларни сиëсий жиҳатдан “тиз чўктириш” имкониятини беради. Тожикистон давлати жуда кучли сиëсий-ҳарбий қуролни қўлга киритади. Бу нарса тарихда бўлган. Толстовнинг “Древний Хорезм” асарида Эрон шоҳларининг Амударëни жиловлагани ва Хоразм шоҳлари ўз хотинлари билан бориб, Эрон шоҳлари ҳузурида тиз чўкиб ëлвориб, сув сўраганлиги ҳақида тарихий маълумотлар келтирилади. Демак¸ Роғун ГЭСининг қурилиши Тожикистон давлатига жуда катта кучга эга сиëсий-ҳарбий қуролни беради. Тожикистон сув ва энергетика бўйича жуда катта иқтисодий потенциални қўлга киритади. Тожикистон дунëда биринчи бўлиб чучук сув сотадиган давлатга айланади. Чучук сув вақти келиб нефт нархидан қимматга ҳам сотилади. Бу Тожикистон давлатининг энг асосий ютуқларидандир.

Роғун ГЭСи қурилса¸ Тожикистон қандай офат ва балоларга дучор бўлади?

Биринчидан¸ энг биринчи офат Тожикистондай кичкина давлатда Роғун ГЭСидай жуда катта сув омборининг қурилиши жуда катта экологик ҳалокатни келтириб чиқаради. Агар бу ГЭС қурилса¸ Тожикистон учун аста-секин портлайдиган экологик бомба вазифасини ўтайди. “Нима учун?” деган савол туғилиши мумкин. Табиатда сувни сақлаб туриш аспекти мавжуд. Табиат бу аспектни оқилона ҳал этган. Чучук сув Антарктидада ҳам¸ Арктикада ҳам¸ шу жумладан, Тожикистон давлати жойлашган Помирда ҳам фақат муз ҳолида сақлаб турилади. Уни суюқ ҳолда дарëларга узатиш табиатнинг ўзи яратган механизмлар асосида ҳал этилган. Жуда катта миқдордаги муз заҳиралари ëнида жуда катта миқдордаги сув заҳираларини йиғиш¸ жуда улкан экологик ҳалокатга сабаб бўлиши мумкин. Агар Тожикистонга жуда катта экологик бомба керак бўлса¸ марҳамат, Роғун ГЭСини қурсин.

Озодлик: Энди навбатни Тожикистон томонига берсак. Раҳматулла ака¸ мана оқибатлар ҳақида эшитдингиз. Наҳотки бу оқибатлар ҳақида Тожикистон томони ўйламаяпти?

Раҳматулла Зоиров: Мен бир нарсадан қўрқаманки¸ икки давлатда икки раҳбар бир-бирига субъектив факторлар бўйича кўп амбицияларни қилиб¸ одамларни Роғун ГЭСига қарши қўйишининг ўзи нотўғри бўлаяпти. Мен бир нарсани айтмоқчиман. Мен Роғун ГЭСининг қурилиши тарафдориман. Мен Роғун ГЭСи акционерлигини нормал қилиб¸ одамларга тўғри тушунтириб бера олиш кераклиги тўғрисида бир неча марта таъкидлаганман.

Озодлик: Демак¸ Раҳматулла Зоировга кўра¸ Роғун ГЭСининг ҳуқуқий асослари тўлиқ тушунтирилса¸ Роғун ГЭСининг қурилишида хайр бор. Дадахон ака¸ нима дейсиз?

Дадахон Нурий: Эшитдим. Энди ўша “ҳайбаракаллачи”лардан биттаси Раҳматулла жаноблари экан. Келажакда бу нарсаларга уларнинг жавоб берадиган пайти келиб қолиши мумкин. Мана Суҳбатжон тўғри гап айтдилар. Яна Суҳбатжон бир нарсани айтгани йўқ. Тожикистон ҳукуматини кимлар гижгижлаëтганини¸ кимлар катта маблағ бериб, шу қурилишига бошланганини айтгани йўқ. Мен боя айтганимдай бу узоқдан¸ шимолиядан келаяпти. Раҳматулла жаноблари ҳам “шуларнинг берган садақасига шунақа қиламиз”, дейишаяпти. Ўзбекистон ҳукумати Тожикистон ҳукуматига ëзган хатида айтилган. Мана шунинг устида бизнинг тақдиримизга қизиқмайдиганлар турибди, деган имо-ишоралар бор.

Раҳматулла Зоиров: Биз бир нарсани яхши тушунишимиз керак. Сув манбалари бўйича бўлса ҳам¸ Орол муаммосини оладиган бўлсак¸ бу муаммоларни оладиган бўлсак¸ биз ҳозир Ўрта Осиëда биргаликда ҳаракат қилишимиз керак. Бу муаммоларни бир-биримизга қарши қўйиб¸ бир-биримизга қаршилик қилишнинг кераги йўқ. Мен шуни айтишим керакки¸ Роғун ГЭСининг қурилишида техника¸ технология бўйича ўзининг муаммолари бор. Ўзбекистон мутахассислари ҳам¸ Тожикистон мутахассислари ҳам¸ Россия мутахассислари ҳам совет даврида бирга ишлашган. 2004 йилгача мен Ўзбекистон ҳукуматининг ва ўзбекистонлик мутахассисларнинг бу ГЭС қурилишга қарши чиққанини эшитмадим. 2004 йилнинг бу ëғига қаршилик жуда авжига чиқиб кетди.

Озодлик: Нимага шунақа бўлди?

Раҳматулла Зоиров: Бу ерда битта муаммо бор. 2004 йилгача Роғун ГЭСининг қурилиши ҳар хил мазмунларда ишлатилар эди. Олдин “Тожикистон бир ўзи қуриши керак” деган гап йўқ эди. Олдин буни ҳамма давлатлар билан¸ Жаҳон банки билан бирга қуришга ҳаракат қилардик.

Озодлик: Жаҳон ҳамжамияти буни экспертиза қилиб бериши керак эди.

Раҳматулла Зоиров: Тўғри, бор эди. Давлатлар¸ банклар камайди ва буни президентнинг ташаббуси билан Тожикистоннинг ўзи қуриши керак бўлиб қолди. Мисол учун, бунинг мусбат томонлари ҳам¸ манфий томонлари ҳам бор.

Озодлик: Демак¸ Раҳматулла Зоиров ҳам бунинг манфий томонлари борлигини тан олди. Ҳар ҳолда, бу манфий томонларни бир қадар эшитдик. Суҳбат ака¸ бунга яна қўшимча қила оласизми?

Суҳбат Абдулла: Агар ГЭС қурилса¸ ерости сизот сувларининг кўтарилиши натижасида миллион-милион экиш учун яроқли ерлар ишдан чиқади. Ер эрозияси ҳосил бўлади. Бу фойдани ўйлаб, зиëнга юрган шахс аҳволини эслатади. Ўз-ўзидан Тожикистон давлати ўзи ўтирган шохга болта ураëтган ҳолат юзага келиб қолади. Шунинг учун бу ГЭСни қуришдан олдин аввало халқаро экспертлар хулосасини олиш керак. Ундан кейин мутахассисларнинг эксперт хулосаларини олиш керак. Бунда энг асосий фикрни фақат экологлар айта олади. Чунки иккита хавф бор. Мен юқорида бежиз таъкидламадим. Помир тоғларидаги музлар бутун Ўрта Осиëни сув билан таъминлайди. Бу бежиз эмас. Ўша музнинг ëнига оқар сувни¸ эриган сувни қўйиб бўлмайди. Бу жуда катта ëмон оқибатларга олиб келади. Шунинг учун сиëсий амбицияларни четга қўйиб туриб, давлат раҳбарлари келишган ҳолда бу муаммони бартараф этишлари керак. Кейин Тожикистондай кичик давлатга бунча катта ГЭСнинг нима кераги бор?

Озодлик: Худди мана шу саволни Раҳматулла акага берсак. Раҳматилла ака¸ Тожикистондай кичик давлатнинг дунëда энг катта ГЭС қуриш иддаосини тушунмадим мен.

Раҳматулла Зоиров: Тожикистон “Роғун ГЭСини ўзим қураман, ўзим ҳоким бўламан” демагунча¸ бу муаммолар йўқ эди. Албатта бу ерда рақобат бор. Шуни айтиш керакки¸ Ўзбекистон ҳамма вақт энергетика бўйича олдинроқ эди. Охирги йилларда энергетика бўйича Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги рақобат жуда ҳам чуқурлашиб кетаяпти. Агар Тожикистон ҳозир энергетика бўйича юқори сатҳларга чиқадиган бўлса¸ Ўзбекистоннинг мавқеи заифроқ бўлиши мумкин. Бу масалалар ҳам бор.

Бир нарсани биз ҳозир яхши тушунишимиз керакки¸ агар давлатлар бир-бирига ëрдам қилиб¸ бир-бирига кўмак қилиб¸ ривожланишида бир-бирига ëрдам қиладиган бўлса¸ бу иккала томонга ҳам манфаатли. Мен ҳар доим “Мен учун ўзбек¸ қозоқ¸ қирғиз ҳар доим ўзимнинг биродарим” деб гапираман. Биз ҳозир бир-биримизни ажратмасдан, ривожланиш йўлида бир-биримизга ëрдам қилишимиз керак. Лекин ҳамма нарсани музокаралар столи ҳал қилади. Биз икки томонлама музокара қилиб¸ гаплашиб¸ шу нарсаларни ҳал қилишимиз керак. Лекин қатъиян қаршилик билан ҳеч нарсани ҳал қила олмаймиз.

Озодлик: Чоршанба куни Россиянинг Хўжанддаги консули ҳам шу фикрни айтди. “Ҳар иккала давлат музокара қилиб¸ бу муаммони ечсин”, деди. Манфий тарафи деб нимани биласиз сиз?

Раҳматулла Зоиров: Манфий тарафлари шуки¸ одамларни акцияларни сотиб олишга мажбур қилишаяпти. Ëки бўлмаса, Тожикистон бир неча йиллардан бери камбағалликни бартараф қилиш учун бир қанча программалар билан ишлаяпти. Ҳозир бир томондан камбағалликдан чиқиш¸ иккинчи томондан, Роғун ГЭСи учун акциялар сотиб олиш. Албатта бу мусбат бўлмайди. Роғун ГЭСини биргина халқнинг пулига қуриб бўлмайди. Мен буни бир неча марталаб таъкидладим. Ҳозир ҳам айтаманки¸ ҳозир биз алтернатив сарчашмаларни топишимиз керак. Роғун ГЭСини қуриш керак. Роғун ГЭСи иккала республикага ҳам¸ бошқа республикаларга ҳам манфаат келтиради. Уларнинг ривожланишига ҳам ëрдам қила олади. Фақат биз ҳамма нарсани халқаро шартномалар бўйича бир-бири билан музокара олиб бориб¸ бир-биримизни яхши тушуниб ишлашимиз керак.

Озодлик: Раҳматулла Зоиров “Шу ишларни ҳамжиҳатлик билан қилсак яхши бўлади” деган фикрни илгари сураяпти. Яна унинг сўзларига кўра¸ 2004 йилгача Роғун ГЭСи масаласида Ўзбекистон томонидан эътирозлар бўлмаган. Ҳақиқатан ҳам шундайми? Менимча¸ бу эътирозлар 1974 йилдаëқ совет экологлари томонидан айтила бошлаган эди.

Дадахон Нурий: Боя бу киши “Роғун ГЭСини Тожикистон ҳукуматиинг ўзи қураяпти” деган гапни айтди. Бўлмаган гап. Миллиардлаб ссудани қаердан олаяпти? Бу ГЭСнинг қурилишига ким спонсорлик қилаяпти? Албатта Россия. Ўшандан четлашиш керак эмас. Энди қурилишни бошлаб қўйиб, тўхтатишнинг ўрнига “Биз ҳамкорлик қилайлик, биз битта миллатмиз¸ битта халқмиз” дейишнинг нима кераги бор? Бу ҳақда олдинроқ ўйлаш керак эди. Россия бунга жуда катта пул ташлади. Ана ўшандан қурилиш бошланди. Тожикистондай кичик давлат шундай катта ГЭСни қура оладими? Тайëр пулга қура бошлаяпти. Энди “ҳамкорлик қиламиз” дейишнинг ўзи кулгили. Ҳамкорлик қилинадиган бўлса¸ бошидан қилиниши керак эди. Биргаликда қуриш¸ қаерда қуриш ҳаммаси бамаслаҳат иш қилиниши керак эди. Албатта, биз бир миллатмиз. Мана шуни кўра олмайдиганлар бор. Кўра олмасдан мана шу қурилишни бошлаганлар бор. Улардан биз ҳеч қачон кўз юма олмаймиз. Бу ерда мақсад бошқа. Бу ерда сув қуроли ишлатилаяпти.

Озодлик: Мана биз ҳозир Туркманистон собиқ сув хўжалиги вазири Александр Додонов билан боғланишга муваффақ бўлдик.

Александр Додонов: Марказий Осиëдаги дарë оқимларини мувофиқлаштирадиган ягона координацион марказ қурилмас экан¸ бу муаммонинг ечими йўқ. Роғун ГЭСи қурилар экан, албатта минтақадаги сув оқимлари мувозанати буткул бузилади. Бу, ўз навбатида, ўта кутилмаган оқибатларга олиб келиши мумкин. Яна такрорлайман - бу муаммо биринчи навбатда мутахассислар иштирокида давлатлараро тарзда муҳокама қилиниши керак. Давлат раҳбарлари¸ сиëсатчилар¸ президентлар бу масалани мутахассисларга ишонишлари керак. Марказий Осиëдаги дарëлар битта давлатга оид эмас. Бу ҳолатда Тожикистон дарëларни ўзича тасарруф қила олмайди. Агар масала бир томонлама тарзда ечилса¸ албатта муаммолар келиб чиқади.

Озодлик: Оқар сув заҳиралари бир давлатга тегишли ëки тегишли эмаслиги ҳақида халқаро келишув ва меъëрлар борми?

Александр Додонов: Буни ҳар ким ўзича талқин қилаяпти. Аммо Роғун ГЭСи ҳолатида дарëлар чегара бўйлаб оқадиган дарëлар мақомида. Бу ҳолатда халқаро келишувларга кўра¸ дарëларни бир давлат, яъни Тожикистон ўзича тасарруф қилишга ҳаққи йўқ. Дарë бошида ўтирган Тожикистон бу сувлардан истеъмол қилиши мумкин¸ аммо бу дарë сувлари бутун Марказий Осиë экинларини суғориш учун пастга оқиб кетади. Буни тўсиб қўйишга Тожикистоннинг халқаро меъëрларга кўра ҳаққи йўқ. Бу муаммони бутун минтақа биргаликда ечиши керак.

Озодлик: Додоновнинг гапларидан чиқадиган хулоса шуки¸ бу масалани битта мамлакатнинг ўзи ҳал қила олмайди. Бу масалани ҳамма биргаликда ҳал қилишимиз керак¸ айниқса сув мутахассислари биргаликда ҳал қилиши керак. Шунингдек¸ у сиëсатни аралаштирмаслик керак, деган фикрни ҳам айтди. Суҳбат ака¸ сизнингча сиëсат бунга нақадар аралашган?

Суҳбат Абдулла: Биласизми¸ Тожикистоннинг ҳозирги аҳволини¸ энди қаттиқ гап деб тушунмасин¸ бургага аччиқ қилиб кўрпани куйдирган одамга ўхшатаман. Сабаб шундаки¸ энергетикани сиëсат объекти қилиб олишнинг ўзи нотўғри. Агар Тожикистон чиндан ҳам энергетик муҳтожликни бартараф қилмоқчи бўлса¸ сув омборидан ташқари қилинадиган энергетик заҳиралар мавжуд. Мисол учун, атом энергияси¸ қуëш энергияси. Қуëш Тожикистон территориясида 365 кун нур сочиб туради. Тожикистон шунга ўхшаган безарар энергетик манбаларни қурса¸ сув омбори лойиҳасидан воз кечган бўларди ва алтернатив энергетик манбаларни топишга ҳаракат қилган бўларди. Бу ҳақиқатан ҳам нотўғри сиëсат. Бунда қўшнига аччиқ қилиб, қўшнига қудуқ қазган ва шу билан шу қудуқда сув қайнаб кетиб¸ у қудуқнинг кўзини бекита олмай қўшниларини ëрдамга чақиришга мажбур бўлган одам ҳолатига тушиб қолади. Агар Роғун ГЭСида бирор-бир экологик фалокат юз берса¸ ëрдамга ким боради? Ўзбекистон боради¸ Туркманистон боради¸ Россия боради¸ шу региондаги одамлар шу хавфни бартараф қилишга ҳаракат қилади. Шулар курашади¸ тўғрилаб жой-жойига келтиради. Шунинг учун бу жиҳатни ўйлаб кўриш керак эди.

Мен ҳурматли тожикистонлик акахонимизнинг бир фикрини қўллаб-қувватлайман. У киши “музокаралар столи”, деди. Бу масалани стол атрофига ўтириб¸ келишув асосида бартараф қилган яхши. Кейин яна бир гапни айтаман. Ҳозир сув омбори орқали олинаëтган энергетикалар экономик жиҳатдан ўзининг салмоқли эканини бугунги кунда исботламаяпти. Шунинг учун олимлар алтернатив энергияларни қидираяпти. Тожикистон сув омбори энергиясига боғланиб қолгани йўқ. Бу жиҳатни улар ўйлаб кўрса яхши бўларди. Халқини ҳам қийнаб, акция чиқариб, қўлидаги пулларини олиб бунақа қилавермасдан¸ жуда ҳам керак бўладиган бўлса мана атом энергетикасига ўхшаган энергетикага ўтса¸ мақсадга мувофиқ бўлган бўлар эди. Эрта-индин ўзи қўшниларнинг ëрдамига муҳтож бўладиган ҳолатга келиб қолади. Буни тарих кўрсатган ва шундай бўлади албатта.

Озодлик: Суҳбат Абдуллада Раҳматулла Зоиров билан “Стол атрофига ўтириб музокара қилсак бўлади” деган муштарак жиҳатни кўрдик. Раҳматулла ака¸ сиз шунақа муштарак нуқталар ҳақида нималар дея оласиз?

Раҳматулла Зоиров: Агар бир-бирини тушуниш нуқталарини топа олсак¸ биз доимо бир ишлар қила оламиз. Мен ҳар доим шундай фикрдаманки¸ Ўзбекистон аҳолиси билан Тожикистон аҳолисини бир-биридан ажратиш жуда қийин. Улар йиллар бўйича¸ асрлар бўйича шундай яшаб келган.

Озодлик: Раҳматулла ака¸ мана қаранг. 350 метр баландликда тўғон қурилмоқчи. Бу омборга 10 йил давомида тўлар экан ва биз Амударëнинг учдан бир қисмини белгиловчи оқимдан мосуво бўлар эканмиз. Ўзбекистон чўлга¸ саҳрога айланар экан. Пахта¸ шоли экиш муаммо бўлар экан. Тожик ҳукумати бу муаммоларни бизга раво кўраяпти деб Ўзбекистон ҳукумати томонидан хавотир ва эътирозлар бор-ку.

Раҳматулла Зоиров: Буни тушундим. Лекин бир нарсани айтиш керакки¸ Агар Роғунни оладиган бўлсак¸ у ердан келадиган сув манбалари Амударëда бўладиган сув манбаларининг бир неча фоизини ташкил қилади.

Озодлик: Учдан бирини ташкил қилар экан.

Раҳматулла Зоиров: Учдан бири. Ҳаммасини олмайди-ку. 10 йилда тўлиши деган гап бу одамларнинг текшириб кўрилмаган гаплари. 1988 йилда қарор қабул қилинган. СССР ҳам буни илмий томондан¸ бошқа томондан текшириб кўрган. Тарқалган миш-мишларни 100 фоиз деб оладиган бўлсак¸ бунинг 15 ёки 20 фоизи тўғри бўлади. Агар биз дарëдаги сувларнинг қанчасининг бекор кетишининг йўлини бекита олсак¸ ўзимизга фойда. Орол муаммосини ҳам мана ҳамма давлатлар бирга ҳал қилмаса¸ ҳал бўлмайди.

Озодлик: Орол энди Ўзбекистоннинг қуриб қолган қисми. Орол бутун Ўзбекистонга тарқалмасин-да. Хоразм¸ Фарғона саҳрога айланиб қолмасин-да.

Раҳматулла Зоиров: Ахир бу муаммолар бир кунда пайдо бўлмаган. Бунга ҳеч ким йўл ҳам қўймайди. “Роғун ГЭСига Амударë сувининг учдан бир қисми боради” деган гап ҳам ҳали ўз тасдиғини топгани йўқ. Мен ўйлайманки¸ биринчи, навбатда икки давлат одамлари шу масалани ўтириб маслаҳат қилишлари керак. Ҳамма нарсани ҳал қилиш мумкин. Бунинг учун музокара керак.

Озодлик: Дизраэли деган инглиз сиëсатчиси бўлган. У “Британиянинг доимий дўстлари йўқ, доимий душманлари ҳам йўқ - Британиянинг доимий манфаатлари бор” деган. Шу маънода “ўзбек халқи дўст” деймиз. Аммо манфаатлар бор-ку.

Раҳматулла Зоиров: Буни сиëсатда айтишади. Сиëсатда доимий дўстлар албатта йўқ.

Озодлик: Дадахон ака¸ муштарак нуқталаримиз нимада? Раҳматулла ака мана фикрларини билдирди¸ Александр Додонов “бу масалани битта мамлакат доирасида ечиб бўлмайди”, деяпти.

Дадахон Нурий: Булар музокара столига ўтиришдан олдин карнай-сурнай билан қуриб ëтса¸ ким эшитади уларнинг ўзаро гапини? Шунинг учун олдин бир ўйлаб кўриш керак. Буни тўхтатиб туриш керакми? Бутун дунëга¸ бутун мамлакатда ваҳима қилиб қуриб ëтса-да¸ ким ўзаро мулоқотга боради? Буни ҳам ўйлаб кўриш керак.

Озодлик: Раҳматулла ака¸ сиз нима дейсиз? Нима қилиш керак?

Раҳматулла Зоиров: Икки томон бир-бирига очиқ йўл билан қараши керак. Очиқ юз билан шу проблемаларни қўя билиш керак¸ шуларни ҳал қила билиш керак.

Озодлик: Албатта¸ қарс икки қўлдан чиқади.

Раҳматулла Зоиров: Буни аввало ҳар томонлама аниқлаш керак. Музокара бўладими¸ бошқа бўладими - икки томон бир-бирини эшита олса¸ ундан кейин бир нарса кўриш мумкин. Мен ҳозир Ўзбекистоннинг асосларини чуқур таҳлил қилиб ҳам кўрганим йўқ. Мен бош вазирнинг хатидан¸ чиқаëтган овозалардан айта оламанки¸ ҳали бу ерда кўп нарсанинг ҳал бўлишига ҳатто яқин борилгани йўқ.

Суҳбат Абдулла: Абдулла Искандар¸ мен бир гап айтай.

Озодлик: Марҳамат.

Суҳбат Абдулла: Роғун ГЭСини қуриш масаласи бўйича БМТ бошчилигида Ўзбекистон¸ Туркманистон¸ Қирғизистон¸ Қозоғистон¸ Озабайжон¸ Эрон¸ Афғонистон мамлакатлари бўйлаб халқаро референдум ўтказиш керак. Бунда Роғун ГЭСидан келадиган ижобий ва салбий фикрлар очиб ташланган ҳолда шу масалани халқ ўртасига ташлаш керак. Халқ ўзининг фикрини айтсин. Бу ишларни ҳар доим ҳам фақат лидерларнинг¸ фақат раҳбарларнинг фикри билан қилавермаслик керак. Чунки раҳбарлар¸ лидерлар ўтиб кетади¸ аммо халқ қолади. Она еримиз заиф бир шохга ўхшаб қолди. Унга ҳар ўтган Афанди¸ ҳар ўтган телба¸ ҳар ўтган Чарли Чаплин келиб болта уравермасин энди. Она заминимизни ҳам сақлашни ўйлайлик.

Дадахон Нурий: Ўша фикр¸ ўша халқаро экспертиза керак. Халқаро экспертиза хулосасига қараб иш қилиш керак. Бизнинг ҳукуматнинг позицияси ҳам шунда. Бирдан бир йўл БМТ халқаро экологлар хулосасидан келиб чиқиб иш бошлаш керак. Ҳамма шундан кейин бўлади. Бирга қуриладими¸ қурилмайдими ва ҳоказо.

Раҳматулла Зоиров: Масалани очиқ қўйиб, ҳал қила олишимиз керак. Бир-бирини ëмонлаган билан¸ бир-бирини лаънатлаган билан бирор яхши натижага эришиб бўлмайди.
XS
SM
MD
LG