Линклар

Украинадаги иккинчи давра президент сайловида мағлуб бўлган номзод, иқтидордаги бош вазир Юлия Тимошенко 7 феврал кунги сайлов натижаларини бекор қилишни сўраб, судга мурожаат қилишини маълум қилди.

Украина бош вазири Юлия Тимошенко олти кунлик жимжитликни бузиб, 7 феврал куни ўтказилган иккинчи давра президент сайловида чоғида рақиби Виктор Янукович томонидан йўл қўйилган сохтагарчиликлар хусусида исбот-далилларга эга эканини билдирди.

13 феврал куни телевидение орқали қилган мурожаатида иқтидордаги бош вазир сайлов натижаларини бекор қилишни сўраб судга мурожаат қилишини айтди.

- Украина сайловларида соҳтагарчиликка йўл қўйилди, деб бугун сизга ишонч билан айта оламан. Бу сиёсий баёнот эмас, бу ҳуқуқшуносларнинг қонуний хулосасидир, деди бош вазир.

Тимошенко сўзларига кўра, бир миллиондан ортиқ овоз сохталаштирилган ва ушбу қонунбузарчилик асосан Қрим минтақасида қайд этилган.

Сайлов дастлабки натижаларига кўра, Янукович Тимошенкодан умум овозлардаги 3.5 фоиз ёки 880 минг овоз фарқ билан иккинчи давра президент сайловида ғолиб чиққан.

Халқаро кузатувчилар Украина сайловларини демократиянинг асл нишонаси, дея баҳоладилар.

Ўзбекистон, ЕИ, АҚШ ва НАТО етакчилари Януковични қўлга киритган ғалабаси билан табриклаб бўлдилар.

Бироқ Тимошенко рақиби Виктор Януковичнинг президентлик сайловида қўлга киритган ғалабасини ҳеч қачон тан олмаслигини билдирди.

Бош вазир, шунингдек, ўз тарафдорларини оммавий норозилик намойишлари ўтказишга чақирмаслиги таъкидлади.

- Бу ишни судга олиб чиқмаслик Украинани ҳеч қандай курашсиз жиноятчилар қўлига топшириб қўйишни англатади. Мен Киев марказида яна бир Майдон ташкил қилишга чақирмайман ва оммавий намойишларга рухсат бермайман. Украинага ҳозир тинчлик ва осойишталик керак. Шунинг учун биз қонуний йўл тутиб, судга мурожаат қиламиз. Бир нарсани аниқ қилиб айтмоқчиман - Янукович бизнинг президентимиз эмас. Келажакда нима бўлишидан қатъий назар, Янукович Украинанинг қонуний сайланган президенти бўла олмайди, деди Тимошенко.

Бош вазирга кўра, айни пайтда ЕХҲТ кузатувчиларидан айримлари 7 феврал кунги сайловда қонунбузарчиликларга йўл қўйилгани хусусида баёнот беришга тайёр.

Бироқ Украина сайловларини кузатган халқаро, жумладан, ЕХҲТ кузатувчилари иккинчи давра сайловда ҳеч қандай жиддий қонунбузарчиликларга йўл қўйилмаганини таъкидлаганлар.

Тимошенко баёнотига муносабат билдирган Минтақалар партияси расмийси Анна Герман бош вазирнинг судга мурожаати самара бермаслигини айтди.

Айни пайтда Украина Марказий сайлов комиссияси бош вазир Юлия Тимошенконинг сайлов натижаларига қарши берадиган шикоят аризасини кўриб чиқмаслигини билдирди.

Шунингдек, Марказий сайлов комиссияси 14 феврал куни кечки пайт иккинчи давра президент сайловининг расмий натижаларини эълон қилишини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG