Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:32

Диндорлар ёпиқ эшиклар ортида судланмоқда


Айни кунларда Ўзбекистоннинг Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида сиёсий ва диний мотивлар бўйича шов-шувли учта суд ўтказилмоқда. Уларнинг ҳаммаси яширин тарзда, хавфсизлик чоралари кучайтирилган тартибда ўтаяпти.

11 феврал куни Сирдарё вилоят жиноий ишлар судида “Жиҳодчилар” диний гуруҳига алоқадорликда айбланиб ҳибсда ушлаб турилган 67 нафар намозхон йигит устидан маҳкама бошланди.

“Эзгулик” жамияти фаоли Исроил Ризаевнинг айтишича, айни пайтда намозхон йигитлардан фақат саккиз нафари судга тортилган.

- Сирдарё вилоят жиноий ишлар бўйича суди биноси ҳар томондан ярим километрча масофада жуда кучли наряд билан ўраб олинган. Судда ишлайдиган таниш бир одамнинг айтишича, худди шу етмишга яқин диндорлар билан боғлиқ суд бошланган ва ҳозирда улардан саккиз нафари судга тортилган. Бу одам энди исмини айтмаслигимизни илтимос қилди. Бу фақат оғзаки тарздаги маълумот. Аниқ, расмий тарзда маълумот олайлик десак, иложи бўлмади. Судланаётганларнинг шахси борасида бирор бир маълумот олишнинг умуман имкони бўлмаяпти. Суд биноси яқинига ҳеч кимни йўлатмаяпти. Ҳатто суд биноси яқинидаги банк муассасалари, савдо дўконларига инкассаторларнинг машиналарини ҳам қўймаяпти. Шу машиналарни ўтказмасдан, ортга қайтариб юборганларига биз “Эзгулик”чилар ўзимиз гувоҳ бўлдик. Суд биноси атрофи кучли милиция наряди билан ўраб олинган. 50-60 нафар милиция ходимлари, яна жуда кўплаб фуқаролик кийимидаги орган ходимлари ҳеч кимни ўтказмаяпти, дейди Исроил Ризаев.

Ўтган йилнинг октябр ойида сирдарёлик 25 ёшдан 35 ёшгача бўлган намозхон йигитларни ёппасига ҳибсга олиш бошланганди.

Қўлга олинган намозхон йигитлар дастлаб “Ал-Жамоат” диний ташкилотига алоқадорликда айбланди.

Кейинчалик улар “Биродарлар” номли янги бир диний гуруҳга аъзоликда айбланган эди.

Мазкур ташкилот гўë ҳозирги ҳукуматнинг раҳбарларини, куч ишлатар салоҳиятга эга бўлган идора вакилларини, диний айбловларда айбланиб қамалаëтган йигитларга фатво бераëтган одамларни жисмонан йўқ қилишга ҳаракат қилган бир гуруҳ сифатида талқин этилганди.

Эндиликда эса сирдарёлик 70 га яқин йигит “Жиҳодчилар” гуруҳига аъзоликда айбланаяпти.

5 фервал куни Жиззах вилоят жиноий ишлар судида бошланган маҳкамада ҳам 25 нафар йигит айнан “Жиҳодчилар” гуруҳига алоқадорликда айбланаяпти.

Бу ҳақда Озодликка Экспертлар ишчи гуруҳи фаоли Суҳроб Исмоилов маълум қилди

- Ҳозиргача 2-3 та суд мажлиси бўлиб ўтди. Судда Жиззахнинг Пахтакор ва Фориш тумани фуқаролари бўлган 25 одам судланувчи сифатида қатнашаяпти. Уларга Ўзбекистон республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси, 244/1, 244/2 моддалари ҳамда 186-моддалари қўйилган. Уларга нисбатан илгари сурилаётган айбловнинг асосий мазмуни шундан иборатки, судланувчилар бир жамоат ташкил қилиб, ҳафтада бир неча марта йиғилишиб, диний масалаларни муҳокама қилишган ва давлат томонидан рухсат берилмаган диний бир таълимотни бир-бирларига беришга ҳаракат қилишган ҳамда мана шу йиғилган пайтларида Ўзбекистон ҳудудида таъқиқланган турли хил диний адабиётлар, бадиий, ҳужжатли филмларни томоша қилиб ва турли аудио ёзувларни тинглаб, уларни муҳокама қилишган. Улар ўзларининг муҳокамалари доирасида Ўзбекистонда жиҳодни қандай амалга ошириш ва бошқа мусулмон юртларда кечаётган жиҳодларда ўзбекистонликлар қандай иштирок этиши мумкинлиги ҳақидаги ҳолатларни ҳам бир-бирлари билан муҳокама қилишган. Айбловнинг асосий мазмуни шулардан иборат, дейди Суҳроб Исмоилов.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовга кўра, бир ҳафтадан буён Чирчиқ шаҳар жиноий ишлар судида Тошкентда ўтган йилнинг ёзида содир этилган қўш жиноят, яъни Тошкент шаҳар имом-хатиби Анвар қори Турсуновга суиқасд уюштирилиши ва Ички ишлар вазирлиги мутасаддиси Ҳасан Асадов ўлими бўйича маҳкама ёпиқ тарзда давом этаяпти.

- Диний арбоб Турсунов ва Ички ишлар вазирлигининг полковниги Асадовнинг ўлдирилиши бўйича 15 фуқаро устидан суд иши Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида бир ҳафта аввал бошланган. Биринчидан, ушбу суд сир тутилган ҳолда ўтказилмоқда. Ҳатто суд бошланганини судланувчиларнинг яқин қариндошлари билмайди. Ундан ташқари, бу суд ёпиқ бўлаяпти. Суд биноси милиция ходимлари билан ўраб олинган. Миллий хавфсизлик ходимлари ҳам фуқаролик кийимида юрибди. Бирор бир одамни суд биносига қўймаяпти. Иккита автобусда суд қатнашчилари, яъни адвокатлар, гувоҳларни тушки овқатга милиция ходимлари ўраган ҳолда олиб бориб келишаяпти. Уларни бирор-бир фуқаро билар учрашмаслиги, бирор-бир ахборотни ташқарига чиқмаслиги мақсадида қилишаяпти, дейди Суръат Икромов.

2009 йилнинг 31 июл куни Тошкент шаҳар имом-хатиби Анвар қори Турсунов ўз уйи олдида пичоқлаб кетилган эди. Анвар қорига номаълум шахслар томонидан уч бора пичоқ урилган ва унга оғир тан жароҳати етказилган. Имом-хатиб бу суиқасддан омон қолган.

Ўтган йилнинг 9 август куни Ўзбекистоннинг бош аксилтеррорчиси - Ички ишлар вазирлиги терроризмга қарши кураш Бошқармасиинг расмийси Ҳасан Асадов Тошкентдаги ўз уйида беш жойидан отиб ўлдирилган.

Айрим маълумотларга кўра, Ҳасан Асадовнинг ўлими ўтган йилнинг 29 август куни Тошкент шаҳрининг Кўкча даҳасида содир бўлган отишма билан боғлаб олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси маълумотига кўра, Кўкчадаги отишма ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган махсус амалиёт бўлиб, унда 3 террорчи йўқ қилинган.
XS
SM
MD
LG