Линклар

Украина Марказий сайлов комиссияси мухолифат етакчиси Виктор Януковични 7 феврал кунги иккинчи давра сайловининг ғолиби деб расман эълон қилди. Жаҳондаги бир қатор давлат раҳбарлари Януковични ғалаба билан табриклашга улгурдилар.

Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тасдиқлаб, Янукович Тимошенкодан жами овозлардаги 3.48 фоиз фарқ билан президент сайловида ғолиб чиққанини билдирди.

Жаҳоннинг бир қатор давлатлари етакчилари, жумладан, АҚШ президенти Барак Обама Януковични ғалабаси билан табрикладилар.

Шанба куни эса Украина бош вазири Юлия Тимошенко иккинчи давра президент сайловида сохтагарчиликларга йўл қўйилгани борасида исбот-далилларга эга экани ва сайлов натижаларини бекор қилишни сўраб, судга мурожаат қилишини таъкидлади.

Украинадаги иккинчи давра президент сайловида мағлуб бўлган номзод, иқтидордаги бош вазир Юлия Тимошенко 7 феврал кунги сайлов натижаларини бекор қилишни сўраб, судга мурожаат қилишини маълум қилди.

Тимошенко хоним 13 феврал куни телевидение орқали қилган мурожаатида президент сайловининг иккинчи босқичида рақиби Виктор Янукович томонидан йўл қўйилган сохтагарчиликлар хусусида исбот-далилларга эга эканини билдирди.

- Украина сайловларида сохтагарчиликка йўл қўйилди, деб бугун сизга ишонч билан айта оламан. Бу сиёсий баёнот эмас, бу ҳуқуқшуносларнинг қонуний хулосасидир, деди бош вазир.

Тимошенко сўзларига кўра, бир миллиондан ортиқ овоз сохталаштирилган ва ушбу қонунбузарчилик асосан Қрим минтақасида қайд этилган.

Сайлов дастлабки натижаларига кўра, Янукович Тимошенкодан умум овозлардаги 3.5 фоиз ёки 880 минг овоз фарқ билан иккинчи давра президент сайловида ғолиб чиққан.

Халқаро кузатувчилар Украина сайловларини демократиянинг асл нишонаси, дея баҳоладилар.

Ўзбекистон, ЕИ, АҚШ ва НАТО етакчилари Януковични қўлга киритган ғалабаси билан табриклаб бўлдилар.

Украина сайловларини кузатган халқаро, жумладан, ЕХҲТ кузатувчилари иккинчи давра сайловда ҳеч қандай жиддий қонунбузарчиликларга йўл қўйилмаганини таъкидлаганлар.

Айни пайтда Украина Марказий сайлов комиссияси бош вазир Юлия Тимошенконинг сайлов натижаларига қарши берадиган шикоят аризасини кўриб чиқмаслигини билдирди.
XS
SM
MD
LG