Линклар

5000 га яқин андижонлик қора рўйхатда


Ҳозиржавоб гуруҳ вакилларига кўра, Андижонда расмийларнинг "қора рўйхат"ига тушиш учун масжидда намоз ўқишнинг ўзи кифоя қилади.

Ҳозиржавоб гуруҳ вакилларига кўра, Андижонда расмийларнинг "қора рўйхат"ига тушиш учун масжидда намоз ўқишнинг ўзи кифоя қилади.

Андижон вилоятида 4744 киши диний-экстремистик ташкилот аъзоси сифатида рўйхатга олинган, дея маълум қилади Ўзбекистондаги Ҳозиржавоб гуруҳ ҳокимият тизимларидаги манбага таянган ҳолда.

Ҳозиржавоб гуруҳ вакиллари маълумотига кўра, Андижон вилоят ҳокимлигида Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, прокуратура, "Камолот" ёшлар ҳаракати, "Нуроний" ва "Маҳалла" репсублика жамғармаларининг вилоятдаги идораларидан иборат махсус гуруҳ тузилган бўлиб, унга вилоят ҳокими етакчилик қилади.

Комиссия ўз олдига маҳаллаларда махсус рейдлар уюштириб, диний-экстремистик гуруҳлар аъзоларини аниқлашни мақсад қилиб қўйган.

Ҳозиржавоб гуруҳ мазкур комиссия аъзолари тузган рўйхат таркибини ҳам эълон қилди. Рўйхатга ваҳҳобийлик оқимига мансубликда гумон қилинган 1540 киши (71 таси аёл), акромийликда гумонланаётган 1182 киши (123 таси аёл), “Ҳизбут-Таҳрир” партиясига аъзолиги айтилаётган 1996 киши (269 таси аёл), таблиғчи экани тахмин қилинаётган 14 киши киритилган. Рўйхат муаллифлари “нурчи”ларни ҳам унутмаганлар. “Қора рўйхат”да 12 та андижонлик “нурчи” ҳам бор.

Диний-экстремистик гуруҳ аъзолари рўйхатига кириб қолиш учун, Ҳозиржавоб гуруҳ хабарига қараганда, муайян вақт Ўзбекистондан ташқарида бўлиш, мунтазам намоз ўқиш, мунтазам масжидга қатнаш, диний мотивлар билан қамалганларга қариндошлик, диндорлик белгиси бўлган кийим кийиш ва бошқа шунга ўхшаш сифатлар етарлидир.

Андижонликларнинг вилоят расмийлари назарида “зарарли диний-экстремистик оқимлар” бўлмиш турли диний гуруҳларга қўшилиб қолишининг олдини олиш мақсадида масжид имомлари билан тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилаяпти, масжид эшиги олдида назорат ўрнатилган.

Ҳозиржавоб гуруҳ, шунингдек, Андижонда ўрта мактаб ва коллеж ўқувчиларининг масжидга боришини таъқиқлаш амалиёти ҳам давом этаётганини, масжидда намоз ўқийдиган ёшларнинг ота-оналари билан тегишли суҳбатлар ўтказилаётганини маълум қилади.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг Ўзбекистоннинг Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида сиёсий ва диний мотивлар бўйича шов-шувли учта суд ўтказилмоқда.

Сирдарё ва Жиззахда судланаётган 90 дан зиёд диндор “Жиҳодчилар” гуруҳига аъзоликда айбланмоқда.

Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида судланаётган 15 кишига эса ўтган йилнинг ёзида содир этилган қўш жиноят, яъни Тошкент шаҳар имом-хатиби Анвар қори Турсуновга суиқасд уюштирилиши ва Ички ишлар вазирлиги мутасаддиси Ҳасан Асадов ўлдирилишида айбланаяпти.

Ҳар уччала маҳкама ҳам ёпиқ тарзда ўтказилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG