Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:38

Тожикистон: Депутатликка номзодлар орасида ўзбеклар йўқ


Тожикистондаги Ўзбек жамияти вакиллари феврал охирига белгиланган парламент сайловларида ўзбек миллатига мансуб номзодлар иштирок этмаётганидан норозилар (суратда - Тожикистон парламенти биноси).
Тожикистондаги Ўзбек жамияти вакиллари феврал охирига белгиланган парламент сайловларида ўзбек миллатига мансуб номзодлар иштирок этмаётганидан норозилар (суратда - Тожикистон парламенти биноси).

Тожикистондаги Ўзбек жамияти вакиллари мамлакат расмийларини жорий йил парламентига сайловларида ҳам бошқа миллат вакиллари иштирок этишга йўл қўйилмаганликда айблашмоқда.

Тожикистон Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, жорий йил 28 феврал куни Тожикистонда бўлиб ўтиши кутилаётган парламент сайловларида 200 дан ортиқ номзод иштирок этади. Улар орасида 2 нафар рус ва бир қирғиз миллатига мансуб номзод бор, бироқ бирорта ўзбек йўқ.

- СССР даврида республика хукумати, парламент ва бошқа давлат органларида 40 фоизга яқин ўзбеклар бор эди. Бугун эса депутатлар орасида яқинда бўладиган сайловларда номзодлар рўйхатида ҳам ўзбеклар йўқ. Нима учун? Ўзбеклар республика сиёсий ҳаётида иштирок этишни хоҳлашмайдими ёки уларга ишонч йўқми? Бунинг сабабларини тушунмай турибман, дейди “Ҳамкорлик” журнали бош муҳаррири Эргаш Сулаймонов.

Унинг айтишича, бунга фақат битта изоҳ бўлиши мумкин - сўнгги йилларда республика ҳукумати ўзбекларнинг мамлакат сиёсий ва ижтимоий ҳаётида иштирок эттирмасликка сиёсатини олиб бораётир.

Хатлон вилоятидаги Ўзбек жамияти вакиллари жорий йил республика парламентига сайловларида ўзбеклар номзодлар рўйхатидан ўчирилганидан норозилик билдиришди. Вилоятнинг Қўрғонтепа шаҳрида парламент сайловларига бағишланган ҳукумат вакиллари билан учрашувда эса Ўзбек жамияти талаблари сиёсий хато эканлиги айтилди.

- Сизлардан ўтиниб сўрайман, парламент вакиллари аъзоларини рўйхатга олишда миллатлар масаласида жуда эҳтиёт бўлинглар. Бундай ҳолатда одамлар эътиборини ҳам жалб қилманглар. Чунки Миллий мажлис вакиллари ҳайъати Тожикистон халқи иродасини ифода этиши керак. Боз устига, Тожикистон халқи иродасини шубҳа остига қўйиш сиёсий жиҳатдан ҳам, сиёсий одоб жиҳатидан ҳам дуруст эмас, деди Тожикистон президенти маъмурияти ахборот ва таҳлил бўлими ходими Маҳмуд Сараев.

Қўрғонтепа шаҳар Халқ демократик партия раиси Асадулло Шоевнинг айтишича, сайлов комиссиясига берилган номзодлар рўйхатида уч миллат вакиллари киритилган эди.

- Биз шаҳар маҳаллий мажлис номзодлигига 32 кишини таклиф қилдик. Уларнинг 4 нафари ўзбеклар, бир киши рус ва яна бир киши қирғиз миллатига мансубдир. Бироқ сайлов комиссияси фақат 18 кишини рўйхатдан ўтказди. Улар орасида ўзбеклар йўқ, дейди Асадулло Шоев.

Республика Ўзбек жамиятнинг раиси Шавкат Бадалов бугунги кунда бир миллионга яқин тожикистонлик ўзбеклар ижтимоий-иқтисодий-маданий, сиёсий муаммоларга ечим топиш учун бирлашиши зарурлигини таъкидлайди.

- Жамиятимизни бир йил олдин қайта тикланди. Мақсадимиз аввало тожикистонлик ўзбекларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий муаммоларига ечим топиш учун кўмаклашиш, сўнгра ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланишига ҳисса қўшишдир. Жамият олдида турган ишлар, тузилган режаларни амалга ошириш осон эмас. Чунки 1998 йилдан кейин деярли парчаланиб кетган жамият яхлитлигини тиклаш зарур, дейди Тожикистондаги Ўзбеклар жамияти янги раиси Шавкат Бадалов.

Таҳлилчилар фикрича, 2000 йилга қадар ўзбеклар республика ижтимоий-иқтисодий-маданий ва сиёсий ҳаётида муҳим рол ўйнаган, бироқ айрим мансабталаб ўзбеклар сабабли жамият парчаланиб кетди. Бунинг оқибатида ўзбеклар обрўси ҳам тушди. Боз устига, сўнгги йиллардаги тожик-ўзбек муносабатлари тундлашганлиги республикадаги ўзбекларнинг cиёсатдан узоқлашувига олиб келди.

Сўғд вилоятида фаолият олиб бораётган “Журналистлар бирлашмаси ва шафқат” (MGM) ташкилоти раҳбари Фаррух Аҳроровнинг айтишича, бошқа миллатларни ҳокимиятга яқинлаштирмаслик сиёсати Марказий Осиёнинг деярли барча давлатларида мавжуд. Тожикистон ва Ўзбекистонда эса бу муаммо йилдан-йилга ўткирлашиб бормоқда.

- Депутатми ёки раҳбарлик лавозими ҳақида гап кетганда, СССР давридаёқ ҳар бир республикада бошқа миллатлар учун квота ажратилган эди. Ўша пайтда шўролар мамлакатида “интернационализм” ҳақида кўп гапириларди. Шу нуқтаи назардан, ҳар бир республика ҳукуматида ҳам, депутатлар сафида ҳам турли миллат вакиллари бор эди. Бироқ ҳозир бошқача. Айниқса, расмий Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги зиддият авжига чиқаётган бир пайтда бу республикаларда бошқа миллатларга на ҳукумат, на парламентга йўл берилмайди. Шунинг учун Тожикисонда ўзбекларга нисбатан олиб борилаётган бундай сиёсатдан ажабланмаслик керак, дейди Фаррух Аҳроров.

Номи ошкор этилмаслиги шарти билан гапирган маҳаллий зиёлилардан бири Тожикистондаги ўзбеклар ва бошқа миллий озчилик вакилларининг билим олиши, келажаги, уларнинг мамлакат сиёсий ва ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиши учун ЕХҲТ ҳамда шунга ўхшаш бошқа хорижий ташкилотларнинг таъсирига умид қилмаслигини айтади. Чунки бу борада юқори минбарлардан туриб айтилаётган гаплар амалдаги ишга тўғри келмайди. Тожикистонлик зиёли фикрича, ҳамма нарса икки республика раҳбарлари кайфиятига боғлиқ бўлиб қолган.
XS
SM
MD
LG