Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:38

41. Ҳасанали


Кабинетимдан йиғлатиб чиқарганимдан сўнг уч-тўрт кун ўтказиб Пароканд ўтирадиган учинчи қаватга тушиб бордим.

Атайлаб пешин вақтини мўлжаллаб тушдимки, “Мирзоларнинг мирзоси девонда ҳам беш вақт намозини канда қилмайди, хонасини ичкаридан қулфлаб олиб намоз ўқийди”, деган маълумот бот-бот столимга келиб тушар эди. Огоҳлантирмасдан қабулхонасига кирсам, котиба аёл компьютер экранига тикилганча кўзларига сурма суртаётган экан. Сапчиб ўрнидан турган заҳоти экранга қадаб қўйилган ҳовучдек кўзгу тап этиб полга тушиб чил-чил синди.

-Майли, қизим, ҳамма келган бало шу ойнага урсин, – дедим. – Мирзога айтаман, сизга янгисини олиб беради.

-Раҳмат, – деди котиба ерга қараб. – Қўйинг, керак эмас. Гап айланиб янгамнинг қулоғига етиб борса, ғавғо кўтарилади.

-Ие, Пароканднинг хотини шунақа рашкчими?

Жавобни ҳам кутмасдан мийиғимда кулиб ичкарига кирдим. Пароканд дераза ёнидаги диван-креслога ястаниб ўтирган ҳолда аллақандай китобни мутолаа қиларди. Кўзойнак устидан манга назар солдию оғзи очилиб қолди. Китобни қўлидан олиб тўрдаги стол ёнига – ўзимнинг рангли фотосуратим рамкага осиб қўйилган девор остига қўйилган айланма стулга ўрнашиб ўтирдим.

Китобнинг хатчўп қистирилган саҳифасини очиб ўқидим:

“Ҳасанали чиқди. Раҳмат Отабек билан яна бир қайтиб соғлик сўрашгандан кейин сўради:

-Бу киши кимингиз бўладилар, бек ака?

Отабек Раҳматнинг саволига жавоб бермай эшикка қаради. Ҳасаналини ҳужрадан узоқлатиб, сўнгра жавоб берди:

-Қулимиз.

Бу сўздан нима учундир Ҳомид ажабланган эди:

-Қулингиз?

-Шундоқ.

Ҳасаналини болалик вақтида Эрондан киши ўғирлаб келгувчи бир туркман қўлидан Отабекнинг бобоси ўн беш тилло баробарига сотиб олган эди. Ҳасаналининг Отабеклар оиласида қулликда бўлганига эллик йиллар чамаси замон ўтиб, энди Отабеклар оиласининг чин бир аъзоси бўлиб кетган...”

Китобни ёпиб стол четига суриб қўйдим. Бу пайтда Пароканд хийла ўзига келган, оёқ учида келиб “Т” шаклида қўйилган стол адоғида қўл қовуштириб турар эди.

-Туркманлар эскитдан одам савдоси билан шуғулланган экан-да, Мирзо? – дедим китобга ишора қилиб.

-Қайдам, – деб ерга қаради. – Ёвқур эл доим ўзини хавф-хатарга уриб юради.

-Ўн беш тилло, тахминан, ҳозир неча сўмга тўғри келади?

-Агар бир тило бир унцияга баробар бўлса... – Пароканд кўзларини юмиб бирпас ўйланиб давом этди: – Ўн унцияси 310,5 грамм бўлади, яна беш унция қўшилса, жами 465,75 грамм бўлади... Ҳозир жаҳон бозорида тиллонинг баҳоси қанча эканини билмайман.

Бош чайқадим.

-Йўқ, – дедим. – Нотўғри ҳисобладинг. Аслида, тилло танга соф олтиндан иборат бўлмаган, мисдан ясалиб, устига тилло суви юритиб қўйилган. Манимча, бир тилло беш евро қувватига эга бўлган. Демак, Ҳасанали, тахминан, эллик минг сўмга сотиб олинган.

-Арзон тушган экан, – деб иқрор бўлди Пароканд.

-Ҳозир эллик минг сўм учун аҳмақ одамгина ҳаётини хавф остига қолдириб одам савдоси билан шуғулланади. Ё нотўғрими?

-Билмасам... Мен туркманларнинг психологиясини яхши билмайман.

Кулиб юбордим. Ўрнимдан турдим. Эшик тутқичидан ушлаб ортимга ўгрилдим:

-Котиба кўзгусини синдириб қўйди. Янгисини олиб берайми десам, кўнмади. Ўзинг олиб берасанми ёки...

-Овора бўлманг, ўзим бир иложини қиламан.

-Шунақа қилгин, фақат келин билмасин... Котибага тайинлаб қўйгин, оғзига маҳкам бўлсин.

Пароканд турган жойида дув қизариб кетди. Бир нарса дейиш учун оғзини жуфтлади-ю, лекин ҳадеганда керакли сўзни топа олмади. Эшикни аста ёпиб қабулхонага чиқдим. Бошимни қимирлатиб котиба билан хайрлашган бўлдим. У ҳам лоладек қизарган эди.

Дунё чархипалакка ўхшар экан: бизнинг Ҳасанали ҳам эроний, эсимни таниганимдан буён хонадонимизда хизматкор; илгари уйланганми-йўқми – билмайман, ҳатто бизникига қандай келиб қолганини билмайман. Фақат бир нарсани аниқ биламанки, у бизга садоқат билан хизмат қилади, унинг шахсий ҳаёти йўқ.

Кечқурун қароргоҳга қайтиб борсам, Ҳасанали уч литлик шиша банкага тикилиб ўтирибди, Оқбош эса банка атрофида миёвлаб юрибди. Синчиклаб қарасам, бўйнига кўм-кўк йод суртилган сичқон банка ичида у ёқдан-бу ёққа югуриб юрибди. Мийиғимда кулиб қўйдим.

Ҳасанали ниҳоятда гуманист инсон. Қаранг, у сичқонни ҳам ажал чангалидан ажратиб олиб муолажа қилган кўринади.
XS
SM
MD
LG