Линклар

Тожикистонлик ўзбеклар Каримовга мурожаат қилди


Тожикистонда чиқувчи "Халқ овози" газетасида чоп этилмиш очиқ хатни айрим таҳлилчилар мамлакат расмийлари буюртмаси ўлароқ баҳоламоқдалар.

Тожикистонда чиқувчи "Халқ овози" газетасида чоп этилмиш очиқ хатни айрим таҳлилчилар мамлакат расмийлари буюртмаси ўлароқ баҳоламоқдалар.

Тожикистон ҳукумати нашри бўлган “Халқ овози” газетаси тожикистонлик ўзбеклар номидан Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга очиқ хат чоп қилди.

Мактубда Тожикистондаги ўзбекларга республикадаги барча аҳоли сингари яшаш ва меҳнат қилиш учун яхши шароитлар яратилганлиги ҳақида гап боради. Сўнгра мавзу Роғун ГЭСи қурилишига кўчади.

“Бугунги кунда бизни, тожикистонлик барча ўзбекларни, бир нарса – Ўзбекистон раҳбариятининг Тожикистонга қилаётган муносабати жуда ажаблантиради. Негадир қўшнимиз бизнинг осуда ва тўқ яшашимизни, мустақил Тожикистонимизда бунёдкорлик юмушларига қўл уришимизни истамаётганга ўхшайди”, дейилади очиқ хатда.

Мактубда ўтган қиш мавсумида Тожикистон халқининг чеккан азоб-уқубатлари ҳақида гапирилади. Ўзбекистон ташвишли вазиятда бефарқ бўлди, “ён қўшни, жон қўшни”лик қилмади. Қўшни мамлакат аҳолисини ўз ночор ҳоли ва тақдирига ташлаб қўйди, ўз газ оқимини чеклаб қўйди, ягона электр энергияси тармоғининг фаолиятини тўхтатиб қўйди ва ҳ.

Шундан кейин хат муаллифлари Роғун ГЭСи қурилиши мамлакатнинг энергия истиқлолига асос бўлиши ҳақида фикр юритадилар.

“Худди ана шундай қизғин бир дамда Ўзбекистон раҳбарияти бизнинг қутлуғ ишимизга қарши бўлиб чиқди” дейилар экан, ниҳоят Ўзбекистон президентига мурожаат қилиниб, ўша оғир кунларда “Аҳволинг қалай?” демаган, ёрдам бермаган одам бугун: “Негадир сиз, ҳурматли Ўзбекистон Республикаси Президенти сарварлик қилаётган давлат бизнинг ички ишларимизга аралашишни ўзига эп кўрмоқда. Турли асоссиз далиллар билан Роғун ГЭСи қурилишини тўхтатишга уриниш шундай хулоса чиқаришимиз учун асос бўла олади. Сизга очиқ хат ёзилишидан мақсад – бизга ёрдам беришни эп кўрмасангизлар, ҳеч бўлмаганда, тинч қўйингизлар, ўз тақдиримизни фақат ўзимиз яратайлик. Биз бунёдкор элмиз ва кўзлаган режамизни, давлатимиз сарвари ҳурматли Эмомали Раҳмон бошчилигида, худо хоҳласа, албатта, амалга оширамиз!” деб ёзадилар тожикистонлик бир гуруҳ ўзбеклар.

“Халқ овози” газетаси бош муҳаррир ўринбосари Жўрақул Ажибов билан сўҳбатлашганимизда Ислом Каримовга очиқ хат муаллифлар ташаббуси билан ёзилганлигини айтди.

- Мактуб ташкил қилинмаган, муаллифларнинг ўзлари ёзишган. Тайёр мурожаат матнини редкция ходимлари кўриб чиқиб, таҳрир қилган, холос, деди Жўрақул Ажибов.

Мактубга имзо қўйган 15 муаллиф орасида Сўғд вилоятида истиқомат қилувчи шоир, ёзувчи ва тадбиркорлар ҳам бор.

- Биз бу хатни ёзишимиздан мақсад, республика ўзбеклари Тожикистон ҳукумати олиб бораётган сиёсати билан якдил эканлигимизни кўрсатишдан иборат эди. Ўзбек билан тожикнинг дўстлиги асрлар синовидан ўтиб келган, муаммолар тезроқ бартараф этилишини жуда истардик, дейди сўғдлик муаллифлардан бири Жамолиддин Саидов.

Бироқ таҳлилчилар республикада яшаётган ўзбекларга маҳаллий раҳбарлар томонидан “Ўзбекистон Роғунга, бутун тожикларга қарши, демак, сен ҳам улар тарафдори” қабилидаги босимлар бўлаётганлигини ҳақида айтишмоқда.
Таҳлилчилар фикрича, бу мактубдан “буюртма”нинг ҳиди келиб турибди.

- Назаримда, мактуб холисона бўлганлигига шубҳа бор. Бу мактуб ҳам айрим давлат шахслари томонидан уюштирилган ва махсус кампанияга ўхшайди. Шўролар даврида давлат раҳбари чиқишидан кейин “отклик” (акс-садо демоқчи – таҳр.) деган ибора бор эди. Бу мурожаат ҳам худди ўша “отклик”нинг бир намунаси бўлиб қолган. Шу боис “ташкил” этилган оҳангдаги хат муаммони ҳал қилмайди. Икки давлат раҳбарларининг муносабатлари яхшиланиши ўрнига кун сайин тундлашиб бораётган бир пайтда бу мактуб тутаб турган чўғга олов пуркаш, дегани. Мана шундай буюртмалар сабаб асрлар давомида ён қўшни бўлиб яшаган халқлар бир-бирига ёвларча қарамоқда, дейди таҳлилчи Хайриддин Ҳалилов.

Таҳлилчининг айтишича, нима учундир Тожикистонда Ўзбекистон Роғун қурилишига буткул қарши эмаслиги, фақат тўғонини пасайтириш тарафдори эканлиги хақидаги расмий баёнотини ҳеч ким эсламайди ҳам. Боз устига, Халқаро экспертиза ўтказилгандан кейин мазкур гидроиншоот қурилишида иштирокини ҳам билдирганлигини эса оммавий ахборот воситалари ҳам бутунлай унутган. Бундан эса, таҳлилчига кўра, фақат икки халқ азият чекаяпти.

Тожикистонда яшаётган олимлар, шоиру ёзувчилар ва тадбиркорларнинг Ўзбекистон президентига очиқ хати сўнгги кунларда республикадаги бошқа газеталарида ҳам чоп қилинди, республика радио ва телевидениесида кўрсатилди ва эшиттирилди.
XS
SM
MD
LG