Линклар

Эрондаги инсон ҳуқуқлари вазияти танқид қилинди


Бир қатор Ғарб давлатлари Эрондаги инсон ҳуқуқлари вазиятидан жиддий хавотир билдирдилар.

Ушбу хавотирлар БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Эрондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига бағишлаб ўтказган йиғини чоғида янгради.

Инсон ҳуқуқлари кенгаши 2006 йилда ташкил қилингандан буён Эрон масаласи илк бор муҳокамага қўйилди.

АҚШ расмийлари Теҳрондаги аксилҳукумат намойишларининг куч билан бостирилишини кескин қоралаб, Эрон раҳбарияти журналист ва блоггерларни таъқиб қилишни тўхтатиши лозимлигини таъкидладилар.

Канада расмийлари, ўз навбатида Эронни вояга етмаган шахслар ва сиёсий маҳбусларга нисбатан олий жазо белгиламасликка чақирди.

Ғарб давлатлари, шунингдек, Эронда диний ва этник озчилик вакилларининг камситилаётганини ҳам кескин танқид остига олдилар.

Эрон делегацияси раҳбари Муҳаммад Жавод Ларижоний Эрондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини ҳимоя қилиб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласига Теҳрон ҳалол ёндашаётганини билдирди.

- Ислом инқилоби ғалабасидан сўнг инсон ҳуқуқлари вазияти бизга босим ўтказиш мақсадида тинимсиз равишда сиёсий қурол сифатида фойдаланиб келинмоқда. Бу билан Ғарбнинг айрим давлатлари ўзининг яширин сиёсий мақсадларини кўзламоқда, деди Эрон делегацияси раҳбари.

БМТ кенгаши арафасида Чегара билмас мухбирлар ташкилоти Эронда 80дан ортиқ журналист ва блоггер қамоқда сақланаётгани хусусида хабар тарқатди.
XS
SM
MD
LG