Линклар

Эркин микрофон - Туямўйин Хоразмни қуритмоқда...


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

Роғун ГЭСи қурилса¸ бу азоблар ҳолва бўлади¸ деб қайғуради Озодликка сим қоққан хоразмликлардан бири.

Тожиклар бизга бир қараб қўйса...

“Тожикистон раҳбарларига Хоразм томонлардаги Туямўйин ГЭСининг экология ва аҳоли саломатлигига етказган зарарини кўрсатиш керак, балки шунда улар Роғун ГЭСини қуриш фикридан воз кечар”, деб фикр билдирди Озодликнинг “Эркин микрофон”ига телефон қилган суҳбатдошимиз.

- Мен асли хоразмликман. Ўзимизда 70 йилларда мен Дружба (ҳозирги Питнак шаҳри) шаҳрида яшаган пайтимда қуришди. Ҳозир мана бу ерда чинорларимиз қуриб кетди¸ шафтоли йўқ¸ узум йўқ¸ қовун бўлмайди. Мана шуларни мисол қилиб кўрсатса бўларди.

Озодлик: Хоразмнинг қаеридан бўласиз?

- Хонқадан.

Озодлик: Қанақа ГЭС қурилган у ерда?

- Туямўйин ГЭСи. Ҳозир Туркманистон чегарасида. У илгари Питнак шаҳрида эди. 2000 йил уни бобомиз Туркманистонга бериб юборди.

Озодлик: Туямўйин ГЭСи қурилиши билан экология бузилди демоқчисизда-а?

- Нафақат экология бузилди¸ ҳозир одамларнинг 90 фоизи касал. Оëғини кўтара олмайди¸ белини кўтара олмайди. Буни бизда ҳеч ким кўтариб чиқаëтгани йўқ.

Озодлик: Балки бу Оролнинг таъсиридир?

- Йўқ. мен ўша Дружба шаҳрида яшаганман. Ўша ерда СССР пайтида туз кони бўлган. 70-йилларда ўша ердан туз олишган. Келиб-келиб ўша туз конининг устига сув юборишди. Тахминан 100-120 метр баландликда туз турибди. Агар шу сув омбори бузилиб кетса¸ Хиванинг минорасининг устидан 30-35 метр сув туради дейди. Иккинчи томондан бу сувни туз конининг устига юборгандан кейин халқ азоб чекаяпти. Шўр сув. Биз бир пайтлар ариқдан сув ичардик. Ҳозир ичиб бўлмайди. Мана шуни тожикистонликларга кўрсатишсин¸ айтишсин. Бу ерда биргина Хоразм халқи эмас¸ Туркманистон халқи ҳам азоб чекмоқда. Қорақалпоқ бечораларнинг чекка қишлоқларига уйига борсангиз¸ ҳайрон қоласиз¸ дейди хоразмлик суҳбатдошимиз.


Сабаҳова ëрдам бермоқчи бўлганлардан миннатдор...

Айрим суҳбатдошларимиз Новосибирскда 27 декабр куни вафот этган ва деярли 50 кундан бери жасади ўликхонада сақланаётган шаҳрисабзлик Дилшод Султонов жасади дафн этилган ёки этилмагани билан қизиқмоқдалар.

Дилшод Султоновнинг фожиали ўлими ҳақида Озодлик радиоси 11 ва 12 феврал кунги дастурларида ҳикоя қилган эди.

Шундан сўнг Озодликка сим қоққан айрим ўзбекистонликлар ва интернетдаги сайтимиз муштарийлари Дилшод Султонов жасадини дафн этишга кўмаклашиш учун моддий ёрдам кўрсатишга тайёр эканликларини билдирмоқдалар. Шу муносабат билан биз сайтимизда марҳумнинг яқинлари телефонларини эълон қилган эдик.

Бу фожиага кўрсатилган ҳамдардлик муносабати билан Дилшод Султоновнинг Новосибирскдаги тутинган онаси Олга Михайловна Сабаҳовага телефон қилиб сўнгги янгиликлар ҳақида суҳбатлашдик.

- Франциядан, Амирликлардан, Кореядан, Ўзбекистон ва Воронеждан телефон қилишди. Ҳали ҳам телефон қилишаяпти. Бироқ мен улар пул жўнатишдими ёки йўқми билмайман. Чунки менга “пул жўнатамиз”, деб телефон қилганлар, кейин “Пулни мана бу банкка жўнатдик, мана бу кодни айтиб, шу пулни олишингиз мумкин”, деб қайта телефон қилмади. Банкда эса кодни билмасанг жўнатилган пулни беришмайдику, дейди Олга Сабаҳова.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, у Дилшод Султоновни дафн этиш харажатларига пул йиғиш мақсадида қурилишлардан бирига вақтинчалик ишга ёлланган .

- Мен ҳозир шаҳардаман, пул ишлаш учун қолдим бу ерда. Уйимда бор-йўғи 5000 рубл бор. Бу пул Дилшоднинг мурдасини ўликхонадан олишга ҳам етмайди. Бунинг учун тахминан 20 минг рубл атрофида пул керак экан. Шунинг учун ҳозир шу пулни топиш учун ишлаяпман. 18 февралгача ишни битирсам қўлимга пул тушади. Дилшоднинг акаси Фарҳод ҳам шу кунларда Ўзбекистондан келиб қолиши керак, дейди Олга Сабаҳова.

Новосибирсклик бу аёл Дилшод Султонов воқеасидан ларзага келган, ҳамдардлик билдириб ва ёрдам кўрсатиш таклифи билан ўзига телефон қилган барча суҳбатдошларимизга миннатдорчилик билдиради:

- Менга ҳамдард бўлганлари учун, ташвишланганлари учун ҳаммага раҳмат. Уларнинг менга қилган қўнғироқлари оқибатида елкамдан тоғ ағдарилганидек енгилладим, бу дунёда ёлғиз эмаслигимни англадим, дейди марҳум Дилшод Султоновнинг тутинган онаси Олга Сабаҳова.

Шу ўринда Дилшод Султоновни дафн этишга ўз ҳиссасини қўшмоқчи бўлганларга Олга Сабаҳованинг телефон рақамини эслатиб ўтсак: + 7 903 936 72 95.

Унинг паспорт маълумотлари эса мана бундай:

Сабахова Ольга Михайловна
Яшаш жойи: Новосибирск вилояти, Мошковский райони, Ояш посёлкаси.
Туғилган йили: 13/10/1956 г.
Паспорт серияси : 50 02 паспорт рақами: 979436


***************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.
XS
SM
MD
LG