Линклар

logo-print

Жиззах¸ Сирдарë ва Тошкентда яширин судлар бормоқда


Ўзбекистон ҳукуматининг оддий намозхонларга нисбатан репрессия ва қийноқ сиëсати кўпдан норозиликларга сабаб бўлиб келмоқда.

Ўзбекистон ҳукуматининг оддий намозхонларга нисбатан репрессия ва қийноқ сиëсати кўпдан норозиликларга сабаб бўлиб келмоқда.

2009 йил ëзида Тошкентда содир бўлган сирли қотиллик ва суиқасд уринишидан сўнг Ўзбекистон бўйлаб юзлаб намозхон ҳибсга олинди ва айни кунларда нафақат Тошкент балки вилоятларда ҳам уларнинг аксари махфий маҳкамага тортилмоқда.

Шу кунларда Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида сиёсий ва диний мотивлар бўйича ўтаётган шов-шувли учта маҳкаманинг бир-бири билан узвий боғлиқ томонлари кўплиги кузатилмоқда.

Биринчидан, уларнинг ҳаммаси яширин тарзда, хавфсизлик чоралари кучайтирилган тартибда ўтаяпти.

Иккинчидан, маҳкамага тортилганларнинг барчаси ўтган йилнинг ёзидаги Тошкент портлашлари ва Анвар қори Турсунов ҳаётига суиқасд ҳамда Ички ишлар вазирлиги ходими Ҳасан Асадовнинг ўлимидан сўнг ҳибсга олинган.

Ушбу маҳкамаларнинг яна бир ўхшаш томони¸ Сирдарёда судланаётган 67 намозхон ва Жиззахда маҳкамага тортилган 25 диндорнинг барчаси “Жиҳодчилар” гуруҳига аъзоликда айбланмоқда.

Экспертлар ишчи гуруҳи фаоли Суҳроб Исмоиловга кўра, Сирдарё ва Жиззахда ҳибсга олинган 90 дан зиёд намозхоннинг барчаси Сирдарё вилоятининг Ховос туманидаги тергов изоляторида сақланган.

- Бу ерда ўхшаш жойи ҳозирги пайтда маҳкаманинг олдида турган жиззахлик гуруҳ ҳам Ховосдаги тергов изоляторида сақланган. Яна битта бир-бирига яқин келадиган жойини биз тахмин қилишимиз мумкин: ҳозирги кунда Сирдарëда¸ Жиззахда ҳамда Тошкент вилоятининг бир неча жойларида бўлиб ўтаëтган диний гуруҳларга боғлиқ суд маҳкамаларининг ҳаммаси, асосан, ўтган йилги Тошкентдаги¸ Андижондаги воқеалардан кейин бошланган жиноят ишлари билан боғлиқ. Мана шуни биз умумий сабаби сифатида¸ тенденция сифатида кўрсатишимиз мумкин, дейди Суҳроб Исмоилов.

Озодликка маълум бўлишича, Жиззах, Сирдарё ва Чирчиқда ўтаётган маҳкамаларнинг барчаси ёпиқ эшиклар ортида ўтаяпти.

Маълумотларга кўра, сирдарёлик намозхон йигитлар айбланаётган диний гуруҳга 33 ёшли Авазбек Соипов раҳбарлик қилган деган айблов илгари сурилаяпти.

Айни пайтда Авазбекнинг отаси Абдуғофир Қодировнинг айтишича, айбланувчилар яқинлари Сирдарёда ўтаётган маҳкама борасида бирор бир маълумот ололмаяптилар.

- Ҳеч ким ҳеч қандай маълумот бермаяпти. Ëпиқ суд кетаяпти. Ҳеч кимни киргизмаяпти¸ чиқармаяпти. Аниқ кимнинг суди эканлигини билиб бўлмаяпти. Намозхонларнинг суди¸ лекин қайси район¸ қайси шаҳарлигини билиб бўлмаяпти. Биз ҳайрон бўлиб ўтирибмиз, дейди Абдуғофир Қодиров.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовга кўра, бир ҳафтадирки Чирчиқ шаҳар жиноий ишлар судида Тошкентда ўтган йилнинг ёзида содир этилган қўш жиноят, яъни Тошкент шаҳар имом хатиби Анвар қори Турсуновга суиқасд уюштирилиши ва Ички ишлар вазирлиги мутасаддиси Ҳасан Асадов ўлими бўйича маҳкама ҳам ёпиқ тарзда давом этаяпти.

- Биринчидан, ушбу суд сир тутилган ҳолда ўтказилмоқда. Ҳатто суд бошланганини судланувчиларнинг яқин қариндошлари ҳам билмайди. Ундан ташқари, бу суд ёпиқ бўлаяпти. Суд биноси милиция ходимлари билан ўраб олинган. Миллий хавфсизлик ходимлари ҳам фуқаролик кийимида юрибди. Бирор бир одамни суд биносига қўймаяпти. Иккита автобусда суд қатнашчилари, яъни адвокатлар, гувоҳларни тушки овқатга милиция ходимлари ўраган ҳолда олиб бориб келишаяпти. Уларни бирор-бир фуқаро билар учрашмаслиги, бирор-бир ахборотнинг ташқарига чиқмаслиги мақсадида қилишаяпти, дейди Суръат Икромов.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, мазкур маҳкамалар билан боғлиқ яна бир ўхшашлик тергов жараёнида судланувчиларга нисбатан қийноқлар қўлланилганидир.

Авазбек Соиповнинг қайнонаси Раҳима Акбаровага кўра, куёвига нисбатан ҳибсхонада қийноқлар қўлланилган.

- Турманинг деворлари ҳам гапираяпти-да. Бола шунақа қаттиқ азобда экан. Шунақа азобда эканки¸ ҳаттоки товонларига игна тиқишаяпти экан. Ҳатто товонлари қавариб кетганидан, юришнинг иложи бўлмаганидан судраб олиб чиқиб¸ судраб олиб киришаëтган экан. Шунақанги оғир азоб беришаëтган эканки¸ мен ҳеч қайси тил билан баëн этай. Ҳаттоки, токларга ўтқазишибди. Орқа қисмидан ток беришибди. Боламни, энди билмадим, соғ-саломат кўришга имконимиз бўладими-йўқми... Аҳволи оғир. Жуда ҳам қаттиқ қийнашаяпти, деди Раҳима Акбарова.

Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Бахтиёр Ҳамроевга кўра, Жиззахда ҳибсга олинган намозхонлар ҳам қийноқларга тутилган.

- Судланаётганлардан бири Ғайрат Усмонов ўзини терговда жуда қаттиқ қийнашганлиги¸ калтаклашганлиги¸ иккита қовурғасининг синдирилганлиги¸ сувга тўла баклашка билан бошига урганлиги¸ бундай бошга уришлардан сўнг кўзлари хиралашиб қолганлиги¸ мажбуран қўл қўйдиришганлигини баëн қилган. Тошкентлик бир адвокат бор экан. Ўша адвокат судяга мурожаат қилиб айнан Ғайрат Усмонов масаласида алоҳида суд экспертизаси ўтказишни талаб қилган, дейди Бахтиёр Ҳамроев.

Жиззах ва Сирдарё вилоят судлари ҳамда Чирчиқ шаҳар жиноий ишлар судидан юқоридаги маҳкамалар борасида бирор бир маълумот олиш имкони бўлмади.

Учала маҳкама ҳам деярли бир хил пайтда феврал ойининг бошида бошланди. Жиззахдаги маҳкама 5 февралда, Сирдарёдаги суд 11 февралда, Чирчиқдаги маҳкама эса бир ҳафта аввал бошланди.

Учала маҳкамадаги судланувчиларга нисбатан Ўзбекистон республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси - Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилиш, 244/1 - Жамоат хафсизлигига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ва тарқатиш, 244/2 - Тақиқланган диний ташкилотларга раҳбарлик қилиш ва уларда иштирок этиш моддалари бўйича айблов илгари сурилаяпти.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG